Ўзбекистон | 14:09
3164
2 дақиқада ўқилади

Бойсун ўрмон ҳудудида йирик ёнғин: 3 гектар майдондаги олов қарийб 14 соатда ўчирилди

Сурхондарё Фавқулодда вазиятлар бошқармаси 17 июн куни келиб чиққан ёнғинни ўчиришга ўрмон хўжалиги, ИИБ ва ҳарбийлардан кўмак олган ҳамда қарийб 200 кишини жалб қилган. Шунингдек, ўнлаб техника, Мудофаа вазирлиги вертолёти ва чегарачиларнинг дронлари ҳам ёнғин ўчириш ишларида қатнашган.

Кеча, 17 июн куни соат 17:45 ларда Сурхондарё вилояти Бойсун тумани “Кенгдала” ўрмон хўжалиги бўлимига қарашли арчазорларга туташ ҳудудда қуруқ ўтлар ёнишни бошлаган.

Келиб тушган хабар бўйича вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб борган ҳамда эртаси куни тонгда ёнғинни ўчирган.

«Хабарга асосан зудлик билан ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб бориб, тегишли хизматлар ва кўнгиллилар ҳамкорлигидаги ҳаракатлар натижасида 3 гектар майдондаги ёнғин ўчоғи 18 июн куни соат 07:10 да бартараф этилиб, кенг майдонларга тарқалиши олди олинди», дейилади ФВВ хабарида.

Маълум бўлишича, ёнғинни бартараф этишга вилоят ФВБдан 85 нафар шахсий таркиб, 4 та техника, ўрмон хўжалиги бўлимидан 40 нафар ходим, 4 та техника, ИИБдан 6 нафар ходим, Мудофаа вазирлигидан 20 нафар ҳарбий хизматчи ва битта ҳарбий вертолёти, маҳаллий аҳолидан 40 нафар кўнгилли жалб этилди.

Шунингдек, содир бўлган ёнғинни бартараф этиш жараёнида ёнғин ўчоғини мониторинг қилиш учун чегара қўшинларининг учувчисиз учиш воситалари – дронлардан унумли фойдаланилган.

ФВВ ёнғин келиб чиқиш сабаблари ва зарар кўламига тўхталмаган. ФВВ матбуот котиби Kun.uz'га воқеа сабаблари ўрганилаётгани ва натижаси бўйича қўшимча маълумот берилишини айтди. ФВВга кўра, ёнғин натижасида жароҳат олганлар ёки вафот этганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Мавзуга оид