Жаҳон | 23:56 / 18.06.2025
2778
3 дақиқада ўқилади

Россия Финландия чегараси яқинида қўшинларини кўпайтирмоқда – ОАВ

Сунъий йўлдошдан олинган суратлар шунга далолат қиляпти.

Фото: Planet Labs PBC

Россия Финландия билан чегара яқинида ҳарбийлар сонини оширмоқда, хусусан, Кандалакша шаҳрида янги артиллерия гарнизони қурмоқда. Бу ҳақда Финландиянинг Yle ахборот хизмати сунъий йўлдошдан олинган суратларга таяниб хабар берди.

Шундай қилиб, Кандалакшадаги Лупче-Савино ҳарбий гарнизони ҳудудида қазиш ишлари олиб борилган ва бир қанча янги бинолар қад ростлаган. Мурманск вилояти маъмурияти маълумотларига кўра, бу янги артиллерия бригадасини жойлаштириш учун қурилаётган ҳарбий шаҳарча.

Бундан ташқари, Yle таъкидлаганидек, Россия у ерда ҳеч бўлмаганда муҳандислик бригадасининг бир қисмини жойлаштириш ниятида, гарчи сўнгги йилларда бу ҳарбий шаҳарча шунчаки омборхона бўлган.

Журналистлар томонидан олинган сунъий йўлдош тасвирлари Россия назоратидаги Карелияда бошқа ҳарбий объектлардаги ўзгаришларни ҳам қайд этган. Финландиянинг собиқ Саккола қишлоғи ҳудудида жойлашган Саперное гарнизонида айниқса катта миқдордаги янги ускуналар аниқланган.

Нашрнинг қайд этишича, Карелияда ҳарбий фаолликнинг кучайиши икки сабаб билан изоҳланади. Биринчидан, гарнизонлардан аскарларни ва эски техникаларни Украинадаги фронтга жўнатиш учун тайёрлаш мақсадида фойдаланилмоқда. Ва бу фаоллик маълум вақтдан бери сунъий йўлдош тасвирларида қайд этиляпти.

Иккинчидан, энди Россия Финландия билан чегарада ҳарбий иштирокини кучайтириш ниятида экани маълум бўлди.

Россия расмийлари минтақада ҳарбий инфратузилмани кенгайтираётганини яширмайди. Мурманск вилояти губернатори Андрей Чибис минтақада ҳарбий шаҳарчаларни модернизация қилиш лойиҳаси амалга оширилаётгани, бунинг учун улар 42 миллиард рубл (тахминан 460 миллион евро) сарфлашни режалаштираётганини маълум қилди.

Аввалроқ Россия Финландия билан чегара яқинида мутлақо янги 44-армия корпусини ташкил этаётгани хабар қилинганди. Бу дегани, шу ердаги рус қўшинлари гуруҳи камида 15 минг кишига кўпаяди.

Бундан ташқари, Россия ҳукумати Петрозаводскда штаб-квартира ва битта баталйонни ўз ичига олган темирйўл қўшинлари бригадаси ташкил этилганини эълон қилди. Бу эса яна бир неча юз ҳарбий хизматчилардир. Баҳорда маҳаллий нашр шаҳарда аралаш авиация бўлинмаси штаб-квартираси жойлаштирилгани ҳақида ҳам хабар берган эди.

Лекин бу ҳаммаси эмас. Санкт-Петербург ҳудудида аллақачон жойлаштирилган бригадаларни бўлинмаларга айлантиришга қарор қилинди, яъни уларнинг сони икки-уч баробар ортади.

Шундай қилиб, агар Украинага кенг миқёсли ҳужумдан олдин, Финландия ҳудудига яқин жойларда Россия қўшинлари 30 мингга яқин ҳарбий хизматчини ташкил этган бўлса, келажакда бу гуруҳ 100 мингга кўпайиши мумкин.

Yle нашрининг қайд этишича, Россия нафақат Украинага қарши кенг кўламли қуруқлик урушини олиб бориш, балки Финландия билан чегара яқинида қўшин ва қурол-яроғлар сонини ошириш имконияти ҳам пайдо бўлган кўринади.

Мавзуга оид