Жамият | 11:25
3880
7 дақиқада ўқилади

Яна юзлаб одам алданган: Alfa va Baraka avtolizing судидан репортаж

Бу икки фирма 2023-2024 йилларда фаолият юритиб, лизинг ва бошқа қулай шартлар асосида машина олиб беришни таклиф этган. Одамлар маҳаллий автомобилларга тўловнинг 20-30 фоизини амалга оширган. Шартномада машина олиб бериш муддати 6 ой кўрсатилган бўлса-да, фирма масъуллари ҳаммага ҳар хил, 1 ёки 3 ой ичида машина чиқишини айтган. Бироқ фирма мансабдорлари ўнлаб одамлардан пул олиб, ваъдасини бажармаган. Пулларни қайтариш сўралганда, айрим ҳолларда берилган маблағдан 10 млн сўм ушлаб қолиниши айтилган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкентда фирибгарликда айбланаётган Umid auto leasing, Alfa auto business ва Baraka auto community мансабдорларига оид жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда. 13 июндаги суд мажлисида Kun.uz мухбири иштирок этди. Унда автолизинг компаниясига алданган бир нечта жабрланувчининг кўрсатмаси тингланди. Уларга кўра, компания шартномалари рус тилида бўлиб, одатдагидан бошқача тузилган. Жабрланувчи Жаҳонгир Раҳмонов алданганлардан бири. У 2024 йилда Cobalt учун банк орқали 56 млн сўм тўлаган. Жабрланувчининг яқинлари шартнома шубҳали тузилганини билгач, пулни қайтаришни сўраган. Аммо фирма мансабдори турли важлар билан ишни пайсалга солган. Қизиқарли жиҳати, шартномада 2 та МЧЖ кўрсатилган. Раҳмоновнинг айтишича, фирмада норасмий ишлаган Бунёд исмли шахс машина 3 ой ичида чиқишини айтган. Лекин шартномада 6 ой кўрсатилган.

“2024 йил март ойида Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида афишаси “Барака aвто” деган жойга телефон орқали бордик. Биринчи ОLХ иловаси орқали топдик бу нарсани. Кейин телефон қилдик. Бир диспетчер қиз телефонни кўтарди-да, Самарқандга улаб бераман, деди. Кейин гаплашдик. Соат 9 ларга келинглар, деди. Ўша атрофда бўлганимиз учун укам билан бирга бордик. Борганимизда ўша ерда бир қиз, бир ўғил, яна Бунёд исмли бола бор эди. Шартнома бўйича шу Бунёд ўша ерда норасмий иш юритувчи экан. Нима тартибда олинади, нима қилинади, яъни уч ойда машина берилади, деб ҳаммасини тушунтирди. “Ҳа, биз ҳам буни кўрамиз, пулни олиб келайлик”, деб кетдик.  Обедларга яқин Бунёд телефон қилди-да, “ака, келяпсизларми?” деди. Бизлар бордик, кўрдик. Кейин шартномани имзоладик-да, банкка бордик. Банкда тўловни қилдик. Ўша вақтда ҳам шу Бунёддан сўрадим, “бу ерда ҳеч бир фирибгарлик йўқми?” деганимда, “йўқ, ака, ҳаммаси яхши”, деди. Икки-уч кундан кейин шу шартномани дадамга ташлаб бердим. Дадам ўша вақтда Қаршида эди. Дадам ҳам танишлари билан кўриб чиқдилар-у, “бу шартнома бир бошқача тузилган, бор, иложи борича шу пулни қайтариб ол”, дедилар. Наврўз байрамидан кейин бордим. У 22-23-гами тўғри келди. Поччам билан бордим. “Бу шарт ёқмаяпти менга, қайтариш керак”, дедим. Бунёд исмли йигит Жалолга телефон қилди. Телефон қилиб, “шундай-шундай бўляпти”, деди. Жалол билан поччам ҳам гаплашди. Кейин айтдики, “майли, бўлмасам, шартномада кўрсатилган, агар пул қайтарилса, 10 миллион қанчами ундириб олиниб, қолгани тўлов қилинади”, деди.

Шундан сўнг Раҳмоновнинг поччаси Жалолиддинга шартнома тушунмай имзолаганини айтгач, судланувчи пул ушлаб қолмасликни, аммо пулни қайтариш вақт талаб қилишини айтган. Орадан вақт ўтиб эса, филиал ёпилган. Жабрланувчи қўнғироқ қилиб, бунинг сабабини сўраганда, “ишни тўхтатдик” дея жавоб берган. Жалолиддин исмли шахс эса пулни қайтаришга ҳали вақт борлигини айтган. Раҳмоновнинг сўзларига кўра, шартномада Alfa auto business кўрсатилган. Папканинг устига эса “Барака Авто” деб ёзилган. 

“Нимага бу “Барака Авто” бўляпти-ю, печат Alfa auto business бўляпти?” деб сўраганимда, “ака, бу Тошкентнинг филиали, шунинг учун расман Тошкентдан урилган”, деб айтди у. Раҳмоновнинг отаси Ҳусан Ҳамидовга кўра, шартнома фирманинг фойдасига қарата тузилган.

Судда Тошкент вилоятидан келган Азизбек Аринтаев ҳам кўрсатма берди. У фирмага келибоқ, Cobalt учун 55 млн сўм тўлаган. Аммо судланувчи жабрланувчининг кўрсатмаларини инкор қилди. Бошқа жабрланувчиларнинг сўзларига кўра, машинага тўловнинг 30 фоизи амалга оширилгач, фирма масъуллари 30-45 кунда автомобилни чиқариб беришни ваъда қилган. Бир нечта шартномалар эса онлайн тузилган. Машиналар айтилган вақт бўйича берилавермагач, одамлар юқори турувчи органларга мурожаат қилишини билдирган. Аммо Alfa auto business раҳбари бундай қилинса, иш оғирлашишини маълум қилган. “Жавоҳир акам чиқсин, сизни пулингизни қайтариб берамиз, қайтариб бермасак бозордан машина қилиб берамиз деб айтди”, дейди жабрланувчи Ғолиб Норов. Яна бир жабрланувчи Шуҳрат Уруновга кўра шартнома қилинган вақтдан 1 ой ўтиб, Alfa auto businessʼнинг Самарқанддаги офиси ходимларига боғланишнинг имкони бўлмаган. 

“2024 йил 25 феврал куни фирмага келган бўлсам, менга 27-куни телефон қиляпти. Акциямиз тугаяпти. 3 йилга 7 фоиздан (йиллик устама) қилиб берамиз деди, ҳа деб келдик. Бунёд исмли бола ўтирибди. Тўғрисини айтсам, бу ердаги биронта болани танимайман мен. Қанча вақтда машина чиқади дедим. “Ака, бир ойда машина чиқариб берамиз” деди. Тўлови қандай бўлади дедим. Оқ Cоbaltʼга 30 фоиз, 56 млн 647 минг минг тўлов қилишимни айтди. Кейин Бунёд билан бирга банк орқали тўлов қилдик, 1 ойдан кейин машина нима бўлди деб телефон қилдим. Январ ойидаги одамларнинг машинасини беряпмиз деди. Апрелда телефон қилганимда Бунёднинг, охири 20 40 номерларнинг ҳаммаси ўчган эди”, дейди Урунов.

Жабрланувчи Тоштемир Умрзоқовнинг айтишича, фирма мансабдорлари машина чиқариб беришни бир-бирига сансалорлик қилган. Самарқанддаги офисда ишлаган Бунёд исмли шахс иш бошқарувчи бўлган. Жабрланувчиларнинг барчаси суддан пулларини қайтаришни сўради. Суд якунида жабрланувчилардан бири судланувчи Маннопов далиллар бўлса-да, айбини тан олмаётганини айтди. Нодир Назаровга кўра, Аlfa ва Barakа автолизинг масъул шахслари тахминан 100 кишидан пул олиб, машина чиқариб бермаган. Суднинг кейинги йиғилиши 20 июнда давом этади

Мавзуга оид