Жаҳон | 10:55
9750
3 дақиқада ўқилади

Путин Зеленский билан учрашишга тайёрлигини айтди

У «ниманидир бўлишиш учун эмас, масалага нуқта қўйиш учун» Украинанинг ҳозирги раҳбари билан музокараларга тайёрлигини билдирди, аммо ҳужжатларга имзони легитим раҳбар қўйиши лозимлигини таъкидлади.

Фото: Александр Демьянчук / ТАСС

Россия президенти Владимир Путин «ҳамма билан, шу жумладан» украиналик ҳамкасби Володимир Зеленский билан ҳам учрашишга тайёрлигини айтди. У бу ҳақда Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида халқаро ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда айтиб ўтди.

«Муаммо бунда эмас. Агар Украина давлати кимгадир музокаралар олиб боришни ишонса – майли, бу Зеленский бўла қолсин. Гап бунда эмас, гап ҳужжатни ким имзолашида. Менга қаранг, мен ҳеч нарса ўйлаб топганим йўқ-ку. Пропаганда нуқтайи назаридан амалдаги ҳокимиятнинг легитимлиги ҳақида исталган нарсани айтиш мумкин, аммо биз учун жиддий масалаларни ҳал қилишда пропаганда эмас, балки ҳуқуқий таркибий қисм муҳим», – дея қўшимча қилди Путин.

Украина Конституциясига кўра, президент беш йилга сайланади, «ҳукумат ваколатларини узайтириш усуллари йўқ, ҳатто ҳарбий ҳолат шароитида ҳам», дея давом этди Путин. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий ҳолатда фақат Олий Раданинг ваколатлари узайтирилади.

«У ерда ёзилишича, ҳарбий ҳолат шароитида сайловлар ўтказилмайди, бу ҳақиқат. Лекин ҳеч қаерда президентнинг ҳуқуқлари узайтирилиши ҳақида ёзилмаган. Йўқ, тамом! Конституциявий тузилишига кўра, Украина парламент ёки президентлик республикаси эмас, балки президентлик-парламент республикасидир. Бу нимани англатади: бу барча ҳокимият органлари президент томонидан шакллантирилишини англатади», – деди Путин ва агар давлат раҳбари қонуний бўлмаса, «бутун ҳокимият тизими қонуний бўлмай қолиши»ни қўшимча қилди.

Россияга музокараларни ким олиб бораётгани аҳамиятсиз, «ҳатто у амалдаги режим раҳбари бўлса ҳам», деб ишонтирди Путин. Учрашув бўлиши мумкин, «агар бу қандайдир якуний босқич бўлса, у ерда шунчаки ўтириб, ниманидир бўлишиш учун эмас, балки нуқта қўйиш учун».

«Лекин нуқта керак, имзо қонуний ҳокимият томонидан қўйилиши керак. Бўлмаса, биласизми, кейингиси келиб, ҳаммасини чиқиндига отади! Бундай қилиш мумкин эмас, биз жиддий масалаларни ҳал қиляпмиз», – деди Россия президенти.

Зеленский май ойи охирида Путин ва АҚШ президенти Доналд Трамп билан уч томонлама учрашув ўтказишни таклиф қилганди. «Агар Путинга икки томонлама учрашув ноқулай бўлса ёки ҳамма уч томонлама учрашув бўлишини истаса, мен қарши эмасман. Мен ҳар қандай форматга тайёрман», – деганди у.

Мавзуга оид