Жаҳон | 16:00
10423
5 дақиқада ўқилади

“Режим қулашига тўғри келса, Москва ёрдамга келиши мумкин” – туркиялик таҳлилчи

Эрон-Исроил тўқнашуви давом этаркан, уруш тақдири қандай якун топиши ноаниқлигича қолмоқда. Kun.uz Анқарадаги Эронни ўрганиш институти эксперти билан гаплашаркан, таҳлилчига кўра, минтақа жиддий бурилиш палласида турибди. Эронда режим қулаши эҳтимоли мавжуд, лекин буни АҚШ истамайди. Агар вазият шунгача борса, Россия ёрдам қўлини чўзиши мумкин. Бироқ урушнинг тақдири кўпроқ АҚШ танловига боғлиқ, дейди Раҳим Фарзом.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эрон-АҚШ музокаралари ҳақида гап кетиб турган бир онда Исроилнинг ҳужуми Эрон учун вайронагарчиликларга бой бўлди. Теҳрон Исроилга қараганда кўпроқ моддий ва инсоний талафотлар кўрди, Тел-Авивнинг “афсонавий темир гумбази” ҳам айтилганидек чиқмай, ўзини оқламади. Икки давлат ҳам охирги кунларда бир-бирига ракеталари билан ҳужум қиларкан, яҳудийлар бомбапаноҳлардан қўним топиб, жон сақлашга муваффақ бўлмоқда.

Исроил раҳбарияти Эронга «сюрприз» тайёрлаганини айтса, Эрон Тел-Авив ҳужумни тўхтатсагина ракета учирмаслигини билдирган. Доналд Трамп Хʼдаги саҳифасида ҳозирча Эрон олий раҳнамосини ўлдирмаслик ҳақида ёзди.

“Эрон олий раҳнамосини ўлдириш қийин иш эмас, лекин ҳеч бўлмаса ҳозир уни ўлдирмаймиз. Бироқ ракеталар тинч аҳоли ва америкалик аскарларга отилишини ҳам истамаймиз, сабримиз тугаяпти”, деб ёзган АҚШ президенти.

Эрон олий раҳнамосини ўлдириш ҳақида муҳокама – Теҳрон учун жиддий сигнал. Чунки ичкарида айнан Саййид Али Хоминаийни ўлдириш мавзуси муҳокамада бўлган. Kun.uz суҳбатлашган Туркиянинг Анқара шаҳридаги Эронни ўрганиш институти экспертига кўра, Хоминаийни сақлаб қолишнинг бир қанча сабаблари бўлиши мумкин.

Биринчи версия – АҚШ Эрондаги режимни бутунлай қулатиш ниятида эмас ва Вашингтон Теҳрон билан тўғридан тўғри урушга боришни истамайди. Бу аланга ўчоғини кенгайтириб юбориши мумкин.

Иккинчи версия – уруш қандай давом этиши номаълум ва бу кўп жиҳатдан АҚШ тутадиган йўлга боғлиқ. Агарда Эронга шундай ҳужумлар давом этиб турса, давлат заифлашади. Можаронинг иқтисодий қийинчиликлари аҳоли елкасига тушиб, халқ давлат ҳамда тизимга қарши бош кўтариши мумкин. Шунда халқнинг ўзи режимни бутунлай қулатиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бироқ бундай тажриба ўтган тарихда ўзини у қадар оқламаган, эксперт фикрича.

Айни вазиятда Эрон Исроилдан бир неча баробар катталигига қарамай, фақат ракеталари билан қаршилик кўрсатмоқда. Агар шу ҳар хил турдаги ракеталари тугагудек бўлса, ҳимоя воситасидан айрилади. Раҳим Фарзомнинг қўшимча қилишича, Эроннинг асосий ядровий бойитиш иншоотлари Натанз ва Фордода жойлашган. Исроил ракеталари Натанзни нишонга олиб бўлди, бироқ Теҳрон Натанз зарар кўрмаганини билдирган. Агар зарар кўрган бўлса, уни тиклаш жуда қийин ва кўп вақт талаб қилади.

Можаронинг қандай ривожланиши турли давлатларнинг позициясига ҳам боғлиқ. Россия Эроннинг стратегик ҳамкори бўлса-да, ҳозирги урушга аралашишдан тийилмоқда.

“Россия ҳозир Украина уруши билан овора бўлгани учун Эронга ёрдам беролмаяпти. Хитой эса бундай масалаларда кўпинча нейтрал қолади. Лекин агарда Эронда вазият режим қулашигача борса, балки ўшанда Москва ёрдам берар. Хитой ҳам ўшанда қандайдир иқтисодий ёрдам беришини кутсак бўлади”, - дейди таҳлилчи Фарзом.

Эрон халқининг кайфияти ҳам жуда муҳим омил. Исроил ҳужумидан сўнг аҳоли Эрон жавоб қайтаришини хоҳлагани рост. Фуқаролар бугун мамлакатидаги режим ва ижтимоий-иқтисодий сиёсатдан норозилиги бор гап, бироқ уруш ҳолатида Эрон халқи жипслашган.

Ташқаридан ҳужум бўлганда эронликларнинг миллий ғурури уларни бирлаштирди. Лекин кейинчалик вазият шу тариқа давом этса, аҳолини бездиради ва беқарорлик ортидан улар норозилик билдириши мумкин, дейди туркиялик таҳлилчи.

Айни пайтда Туркиянинг Эрон-Исроил уруши бўйича қараши – можарони тинчлик ва дипломатик воситалар билан ҳал қилиш бўлиб турибди.

Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTube’даги саҳифасида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид