Ўзбекистон | 12:02
2658
8 дақиқада ўқилади

Сотиб юборилаётган боғ, мактаб ва боғча ҳудудлари. Нима қилиш керак?

Яшил зоналар, мактаб, боғча ҳудудларининг тадбиркорлик учун бериб юборилаётгани – анчадан бери аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан. Kun.uz суҳбатлашган жамиятшунос, шаҳарсоз ҳамда жамоатчилик фаоли айни тенденциядан хавотирда. Уларнинг айтишича, бу шаҳарларни қишлоқ даражасига тушишига, одамларнинг хулқ-атворида салбий аксини топишига сабаб бўлади. Жойларда табақаланиш ортиб, аҳолининг ижтимоий кайфиятида бузилиш юзага келади. Улар давлат ижтимоий соҳада асосий буюртмачи бўлиши лозимлигини таъкидлашмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Куни кеча президент бошчилигида ўтган селектор йиғилишида яшил ҳудудларнинг бошқа мақсадлар учун тадбиркорларга бериб юборилаётгани қаттиқ танқид қилинди. Охирги пайтларда инсон сифатига хизмат қилувчи ижтимоий объектлар, жамоатчилик неъматларининг бизнес секторига сотиб юборилаётгани тармоқларда ҳам кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётганди.

Хўш, бундай тенденциянинг давом этиши қандай муаммоларни яратади? Ўзи бу қачондан пайдо бўлди? Ва бундай объектларнинг шаҳардан камайиши шаҳар қиёфасига қандай таъсир қилади?

Kun.uz айни мавзу атрофидаги саволларга жавоб олиш учун бир қанча экспертлар билан суҳбатлашди. Унда жамиятшунос, этнопсихолог Маҳмуд Йўлдошев, жамоатчилик фаоли Алишер Насимов ҳамда шаҳарсоз, урбанист Искандар Солиев иштирок этди. Қуйида интервюдан қисқа шарҳ келтирилади.

“Ҳар қандай шаҳар инфратузилмаси аҳолининг хулқига таъсир қилади” – жамиятшунос

Дастлаб Маҳмуд Йўлдошев ҳудуд марказлари шаҳар ўлароқ қандай ривожланишини тушунтиришга уринди. Унинг айтишича, инфратузилмада жамиятнинг тараққиёт қилишига ижобий таъсир қилувчи факторлар кўпайса, улар секин-секин йиғилади ва жойни қишлоқдан шаҳар даражасига олиб чиқади.

“Агар биз бугунги кунда бор шаҳарларимизнинг ичидаги ўша инфратузилма, яъни шаҳарчиликни ташкил қиладиган керакли нуқталарни олиб йўқ қила бошласак, демак, шаҳримиз қишлоқ даражасига қайтиши керак. Қишлоқларда керакли инфратузилма, керакли тармоқларни ривож қилдира бошласак, [у шаҳарга айланади]. Айтайлик, каттароқ қишлоқ, умумий ҳаммом йўқ ёки чойхона, бошқа дам оладиган жойлар йўқ. Бундай ҳолатда у қишлоқ сифатида қолади.

Кечқурун уйингиздан чиқиб, қўшнингиз билан бир боғнинг чеккасига бориб, салқин ҳавода дам олиш имкониятлари бўлса, демак, бу марказга айлана бошлаяпти. Секин-секин мана шундай жойлар шаҳарга айланади”, – деди у.

Йўлдошевнинг фикрича, яшил ҳудуд, истироҳат боғлари каби жамоат неъматлари нафақат жамият, балки давлат ривожланишида муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

“Ҳар қандай шаҳар инфратузилмаси аҳолининг хулқига таъсир қилади. Тоза юриш, шаҳар аҳолиси сифатида кўчада биров адашиб қолган бўлса, унинг адашган томонини айтиб, “бошқа томонга боряпсан” деб кўрсатиш – булар ўша маданиятни шакллантириб боради”, – деди у.

“Парклар, бошқа яшил зоналардан фойдаланиш — одамларнинг ҳуқуқи” – шаҳарсоз

Урбанист Искандар Солиев эса бу каби ҳудудлар, қолаверса, таълим ва тиббиёт муассасалари каби ижтимоий объектларнинг камайиб бориши шаҳар қиёфасига қандай таъсир қилиши ҳақида гапириб берди.

Қайд этилишича, шаҳар соғлом ривожланишининг асосий шартларидан бири бу – инсонлар учун кундалик ҳаётидаги зарур машғулотлар, яъни ўқиш, ишлаш ва дам олиш учун зарур зоналар яратишдир. Мутахассис бу масалада Ўзбекистон орқага кетаётганини билдирди. 

“Чунки паркларнинг камайиши ёки мактаб-боғчаларнинг баъзи ҳудудларини хусусийлаштириб, уни бошқа қурилишларга бериб юбориш ёки кварталлар ичидаги яшил ҳудудларнинг маҳалла бинолари ёки офисларга бериб юборилиши кузатиляпти. Мана шу зоналарнинг камайиши ва маданий объектларнинг, масалан, театр ёки кинотеатрларнинг ҳам 30 йил мобайнида камайган, яъни улар кўпаяётгани йўқ. Менинг назаримда, бу ҳам ижтимоий томондан яхши сигнал эмас”,– деди у.

Шунингдек, Солиев боғларнинг ҳокимликлар томонидан парваришланмай, атайлаб хароб ҳолга келтирилаётгани ва уни “яхшилаш” важи билан тадбиркорларга сотилаётганига ҳам эътибор қаратди.

 “Яъни, масалан, шундай аргументлар беришади: “агар боғга кимдир молия киритмаса, уни яхши, сифатли ҳолатда ушлаб туролмаймиз” дейишади. [Шу билан] ҳамма парклар деярли хусусийлаштириляпти.

Маблағ ажратилмасдан, қаралмасдан, ташландиқ ҳолатга келтириб қўйилади-да, кейинчалик, “биз инвестицияга муҳтожмиз” дейишади”, – деди шаҳарсоз.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон ижтимоий давлат бўлганидан кейин, унинг биринчи вазифаси – ижтимоий соҳага кўпроқ эътибор қаратишдир. “Парклар, бошқа яшил зоналардан фойдаланиш — одамларнинг ҳуқуқи”, – дейди у.

“Судларнинг ҳам кучи етмаяпти” – жамоатчилик фаоли

4 йилдан бери яшил зоналар тадбиркорларга сотиб юборилган кейсларда жамоатчилик номидан суд жараёнларида иштирок этиб келаётган Алишер Насимов ҳам суҳбатда кузатувлари билан бўлишди.

Унинг айтишича, пойтахтдаги аксарият ерлар талон-тарож қилиб бўлинган ва бу тенденция Тошкент шаҳрининг 2011-2018 йилларда ҳокими бўлган Раҳмонбек Усмоновдан то ҳозирги Шавкат Умрзоқов давригача мерос бўлиб келмоқда. Насимов буни Google харита орқали бемалол солиштириб олиш мумкинлигини таъкидлади.

“2024 йил 1 июлида, кейин 29 ноябрь куни, 2025 йил 11–15 апрель кунлари ҳурматли Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов яширин қарор чиқариб, Тошкент ерларида 200 тадан ошиқ маҳалла ер участкаларини тадбиркорларга яширин ҳолда берган. Бунга асосим бор, қарорлар менда бор.

Жуда кўп маҳаллалар... Мисол учун, ҳозир менда камида 4-5 та кейс бор. Учтепа тумани 26-мавзеда битта маҳалла биносини қуриш бўйича ҳоким қарори қисман ҳақиқий эмас, деб топилди. Уни судя Олимжон Шамсиев кўриб чиқди. Кейин ўтган ҳафта Бешёғоч маҳалласини ҳам худди шунақа топшириб юборишмоқчи бўлган. У ерда ҳам яшил ҳудуд, худди шунақа дарахтлар, дарахтзорлар мавжуд. Уни ҳам судя Султонов Қувондиқ ҳам ҳақиқий эмас, деб топди. Шунга ўхшаган яна 3-4 та кейсимиз бор”, – деди Насимов.

Фаол фуқаро бу каби ҳолатлар аҳоли томонидан салбий қабул қилинаётгани ва эътирозларни кўпайтираётганини айтиб ўтди. У бундай вазиятда одамлар билан ҳисоблашиш кераклиги унутиб қўйилган деб ҳисобламоқда.

Қолаверса, Насимов шу кунларда судялар яшил зоналарни аҳолига қайтариш юзасидан чиқараётган ажримлари амалда ижро этилмаётганига ҳам тўхталди.

“Шу судя Шамсиев ажрим чиқарган. Шу ажримга биноан, қурилиш ишлари тўхтатилиши керак эди. Лекин шу мартнинг бошида чиқарилган ажрим ижроси МИБга юклатилган, ҳам ўша қурувчининг ўзига юклатилган-да. Лекин шу ажрим бажарилаётгани йўқ. МИБ келиб, уларни жарима ҳам қилмади, бошқа ҳам қилмади. Охирида эса МИБга ҳам, қурувчига ҳам жарима қўлланди. Судларнинг ҳам кучи етмаяпти”, – деди у.

Алишер Насимовга кўра, айни жараёнлар аслида ҳукумат ўтган йили декабрь ойида 880-қарор билан тасдиқлаган бош режасида кўрсатилиб, қатъий тақиқланиши лозим эди. Аммо узоқ вақт “мутахассислар билан ишлаб чиқилгани” айтилган бу ҳужжатда булар акс эттирилмагандек. Бу ҳақда суҳбат давомида шаҳарсоз ҳам ўз фикрларини билдириб ўтган.

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид