Жаҳон | 22:42 / 20.06.2025
1241
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эроннинг мудофаа саноатига қарши санкциялар жорий қилди

Қўшма Штатлар Эронга баллистик ракета, дронлар ва ассиметрик қурол дастурларини қўллаб-қувватловчи икки мақсадли технологиялар, компонентлар ва жиҳозларни сотиб олишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда.

Фото: Iranian Ministry of Defense

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Эронга қарши янги санкциялар жорий этилганини эълон қилди. Улар Теҳрон мудофаа саноати учун нозик асбоб-ускуналар етказиб беришдаги роли учун саккизта ташкилот, бир кема ва бир кишига дахлдор, деб ёзди Reuters.

«Қўшма Штатлар Эронга режимнинг баллистик ракета, дронлар ва ассиметрик қурол дастурларини қўллаб-қувватловчи икки мақсадли технологиялар, компонентлар ва жиҳозларни сотиб олишига йўл қўймасликка қатъий ҳаракат қилади», деди АҚШ молия вазири Скотт Бессент.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ молия вазирлиги Эроннинг «минтақавий барқарорлик ва глобал хавфсизликка таҳдид солувчи» қуролларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш қобилиятини чеклашда давом этади.

Агентликнинг таъкидлашича, санкциялар, хусусан, Ҳонконгда жойлашган Unico Shipping ва Athena Shipping денгиз юк ташиш компанияларига нисбатан киритилган.

АҚШ Молия вазирлиги, шунингдек, Ямандаги ҳусийларга нисбатан ноқонуний нефт савдоси ва ташиш айби билан санкциялар киритди. Чекловлар тўрт нафар шахс, 12 та ташкилот ва иккита кемага таъсир қилади.

Мавзуга оид