Жаҳон | 13:16
4494
5 дақиқада ўқилади

«Бу сафар Европа ёрдам бера олмайди» – Европа вакилларининг Эрон билан музокаралари самарасиз якунланди

Женевада Британия, Франция, Германия ва ЕИ ташқи ишлар вазирлари билан учрашган Аббос Арақчий «Исроил ҳужумларни тўхтатмагунича Эрон ҳеч ким билан музокарага киришмаслигини» маълум қилди. Доналд Трампнинг айтишича, Эрон Европа билан гаплашишни хоҳламайди. «Улар биз билан гаплашишни истайди», деди АҚШ етакчиси.

Женевадаги музокаралар жараёни / Фото: Farsnews

20 июн куни Женева шаҳрида Буюк Британия, Франция, Германия ташқи ишлар вазирлари, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ҳамда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу Эрон ва Исроил ўртасида бир ҳафта аввал бошланган ҳарбий ҳаракатлар авж олганидан кейин Теҳрон вакиллари билан олий даражадаги биринчи дипломатик учрашув бўлади.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий европалик ҳамкасблари билан Женевада ўтказилган учрашувдан сўнг Исроил ҳужумни давом эттирса, Эрон ҳеч бир томон билан ҳеч қандай музокарага киришмаслигини айтди.

«Исроил ҳужумлари давом этаётган бир пайтда биз ҳеч ким билан музокара қилмаймиз. Шу билан бирга бизнинг ядро дастуримиз мутлақо тинчликпарвар хусусиятга эга. Биз Европа учлиги (Э3) билан суҳбатларни давом эттиришга тайёрмиз. Дипломатик жараённинг давом этиши учун Исроил тажовузи дарҳол тўхтатилиши керак», – дея Эрон бош дипломатининг сўзларини келтирмоқда Mehr ахборот агентлиги.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий

Шунингдек, Эрон ўзининг «қонуний ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланишда давом этишини» билдирди. «Мен очиқ айтаман: Эроннинг мудофаа салоҳияти музокарага ётмайди», - деди Арақчий.

Евроиттифоқ ташқи сиёсат идораси Арақчий билан учрашувдан сўнг баёнот бериб, Яқин Шарқда кескинлик кучаяётгани борасида чуқур хавотир билдирган ҳамда Исроил хавфсизлигига содиқлигини қатъий тасдиқлади.

«Томонлар минтақада кескинликни янада кучайтирадиган ҳаракатлардан тийилиш зарурлигини таъкидлади ва Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслиги ёки уни қўлга киритмаслиги учун музокарали ечим топилиши лозимлигини урғулади», дейилади ЕИ баёнотида.

Европа Иттифоқи олий вакили Кая Каллас / Фото: European Union

Европа вакилларига кўра, Эроннинг ядро дастурини кенгайтираётгани бу – тинч мақсадларга эга бўлмаган ва Қўшма ҳаракатлар режасининг деярли барча бандларини бузаётган ҳолат ҳисобланади.

Reutersʼнинг ёзишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Женевадаги музокаралар катта силжиш бермаганини таъкидлади ва сулҳга эришилиши борасида шубҳа билдирди.

«Эрон Европа билан гаплашишни хоҳламайди. Улар биз билан гаплашишни истайди. Бу сафар Европа ёрдам бера олмайди», деди Трамп.

АҚШ президенти Доналд Трамп / Фото: The New York Times

Трамп, шунингдек, Исроилга ҳужумларни камайтириш таклифи билан чиқиш эҳтимоли камлигини билдирди:

«Айни пайтда бундай илтимос қилиш қийин. Агар кимдир ютаётган бўлса, бундай таклиф қилиш қийинроқ бўлади. Аммо биз тайёрмиз, хоҳлаймиз ва қодирмиз, биз Эрон билан гаплашяпмиз, нима бўлишини кўрамиз».

Эроннинг юқори лавозимли расмийси Reutersʼга берган интервюсида музокараларга тайёрлигини айтган:

«Эрон уран бойитишни чеклаш бўйича музокараларга тайёр, бироқ уни бутунлай тўхтатишни ўз ичига олган таклифни рад этади, айниқса ҳозир, Исроил зарбалари остида».

BBC'нинг ёзишича, музокара томонларидан бири бўлган Британия ташқи ишлар вазири Девид Лемми бу борадаги огоҳлантирувни тасдиқлади. У АҚШ можарони ҳал қилиш учун «жуда қисқа вақт» берганини, Яқин Шарқдаги вазият эса «ўта хавфли ва жиддий» эканини айтди.

Фото: Европа вакиллари Эрон билан музокаралар олдидан

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро эса Эрон ташқи ишлар вазирига «зарбалар тугашини кутмасдан» АҚШни ҳам ўз ичига олган ҳар томонлама музокараларни кўриб чиқишни таклиф қилганларини билдирди.

«Эрон ядровий муаммосига ҳарбий йўл билан ечим топиб бўлмайди. Эрон режимини ҳарбий йўл билан алмаштириш хавфли бўлиши мумкин», — деди Барро.

Бир кун олдин Франция президенти Эммануэл Макрон музокаралар ядровий қурол яратилишига олиб келиши мумкин бўлган уранни бойитиш жараёнини бутунлай тўхтатиш, шунингдек, Эроннинг ракета фаолияти ва террорчи гуруҳларни молиялаштиришни чеклашга қаратилган бўлиши кераклигини айтганди.

Мавзуга оид