Жаҳон | 13:20
1774
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжонда етти нафар журналист узоқ муддатга қамалди

Боку суди Abzas Media ва "Озодлик радиоси" журналистларига нисбатан айблов ҳукмини чиқарди. Етти мухбир 7,5 йилдан 9 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Фото: REUTERS

Боку суди Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг бизнесига оид суриштирувни чоп этган Abzas Media журналистлари ҳамда "Озод Европа/Озодлик радиоси" медиакорпорацияси мухбирига нисбатан айблов ҳукмини чиқарди. 20 июн, жума куни етти нафар оммавий ахборот воситалари ходими 7,5 йилдан 9 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Abzas Media директори Улви Ҳасанли, нашр бош муҳаррири Севиж Вагифқизи, терговчи журналист Ҳофиз Бабали, шунингдек, "Озодлик радиоси" журналисти ва иқтисодчи Фарид Меҳрализода 9 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар берди "Кавказский Узел" нашри. Abzas Media мухбирлари Наргиз Абсаламова ва Элнара Гасимова 8 йилга, Abzas Media директор ўринбосари Маҳаммад Кекалов эса 7 йил-у 6 ойга қамалган.

Журналистларга турли моддалар – «контрабанда», «солиқ тўлашдан бўйин товлаш» ва «жиноий йўл билан қўлга киритилган мулкни қонунийлаштириш» бўйича айблов қўйилди, деб хабар беради "Настоящее Время" телеканали.

Журналистларнинг барчаси ўз айбларини инкор этиб, бу ишни сиёсий мотивга эга деб атади. "Озодлик" мухбири Меҳрализодага қўйилган айбловларни ёлғон деб баҳолади ва уни оиласи билан бирлаштиришда ёрдам сўради.

Мавзуга оид