Ўзбекистон | 11:46
1983
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик олимлар қовуннинг янги навларини яратмоқда 

Ўзбекистонлик олимлар қовуннинг янги навларини яратмоқда, деб хабар бермоқда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Иссиқхона шароитида етиштиришга мос, юқори ҳосилдорликка эга ва касалликларга чидамли қовун навлари ҳамда Ф1 дурагайларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу тадқиқотлар сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан профессионал даражада ташкил этилган бўлиб, селекцион ишларга замонавий ёндашув, чуқур таҳлил ва инновацион усуллар кенг жалб қилинган.

Олиб борилаётган изланишлар доирасида 30 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий генетик коллекциялар, шунингдек, 10 га яқин селекцион линия ва дурагайлар ўрганилмоқда. Улардан иқлимга мослиги, ҳосилдорлиги ва бозорбоплик даражаси бўйича энг истиқболлилар танлаб олиниб, шу асосда янги турдаги қовун навлари яратилмоқда.

Иссиқхонада қовун етиштириш нафақат ер майдонидан самарали фойдаланиш, балки ҳосилдорликни икки баравар ошириш имконини ҳам беради. Бир гектар майдонга 10–12 мингдан зиёд кўчат жойлаштириш имкони мавжуд бўлиб, бу ҳар гектардан 60 тоннагача сифатли ҳосил етиштиришга шароит яратади.

Агар агротехник тадбирлар — суғориш, ўғитлаш ва касалликларга қарши профилактик чоралар ўз вақтида ва самарали амалга оширилса, маҳсулот сифати ва миқдори янада ошади. Бу тадқиқотларнинг асосий мақсади аҳолини мавсумдан ташқари вақтларда ҳам хуштаъм ва фойдали полиз маҳсулотлари билан таъминлаш.

Иссиқхонада етиштирилган эрта ҳосил маҳсулотлари маҳаллий бозорда рақобатбардош бўлиб, экспорт учун ҳам катта салоҳиятга эга. Бу эса қовунчилик соҳасини юқори даромадли, инновацион ва барқарор йўналишга айлантирмоқда.

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида амалга оширилаётган ушбу илмий ишлар нафақат янги, сифатли навларни яратишга хизмат қилмоқда, балки мамлакатимиз аграр салоҳиятининг ривожланишига ҳисса қўшмоқда.

Мавзуга оид