Жаҳон | 00:59
1178
2 дақиқада ўқилади

«Толибон» Россияга минглаб меҳнат мигрантини юборишга келишиб олди

Россияга турли ихтисосликдаги малакали афғон ишчилари — тош усталари ва пайвандчилардан тортиб, электрчи ва бўёқчиларгача юборилади.

Фото: ТАСС

Россия ҳукумати «Толибон» билан Афғонистондан меҳнат миграциясини тубдан кенгайтириш бўйича келишиб олди. 

Афғонистондаги Россия бизнес маркази раҳбари Рустам Хабибуллиннинг Baza нашрига маълум қилишича, келишувга Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПМЭФ) бўлиб ўтган музокаралар чоғида эришилган. Агар ҳозир 100 нафарга яқин афғон Россия қурилиш объектларида ишлаётган бўлса, тез орада уларнинг сони минг кишига кўтарилади.

Унинг сўзларига кўра, Россияга турли ихтисосликдаги малакали афғон ишчилари — тош усталари ва пайвандчилардан тортиб, электрчи ва бўёқчиларгача юборилади. Уларга Чеченистон, Доғистон ва Краснодар ўлкасида ишлаш учун рухсатномалар аллақачон бериляпти. Афғонистонлик фермерлар – ўсимликшунослик, чорвачилик ва ветеринария мутахассислари ҳам Россияда ишга жойлашишга қизиқиш билдирган. Афғонистондан келган қурилиш гуруҳларининг бир қисми Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларига вайроналарни тозалаш ва тиклаш ишларини олиб бориш учун жойлаштирилиши режалаштирилган.

Москва ва «Толибон» ўртасидаги яқин алоқалар 2022 йил февралидан кейин ривожлана бошлади, гарчи бу ҳаракат 2003 йилдан буён Россияда террорчилик тузилмалари рўйхатига киритилган бўлса-да. Шу йил баҳорида Россия Олий суди бош прокурор Игор Красновнинг «Толибон»ни қора рўйхатдан чиқариш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирди. Шундан сўнг Россия ТИВ Афғонистон раҳбарияти билан турли соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш режасини эълон қилди.

Кейинроқ «Толибон» ўзаро савдода доллар ўрнига миллий валюталардан фойдаланиш ташаббуси билан чиқди ва Россия томони Афғонистонда темир йўл қуриш лойиҳаларига қизиқиш билдирди. «НТЦ Протей» компанияси аллақачон Афғонистоннинг тўрт вилоятида 4G мобил алоқа ускуналарини ўрнатган.

Мавзуга оид