Жаҳон | 22:13 / 22.06.2025
1109
1 дақиқада ўқилади

Ҳаво шарлари ёрдамида Ле-Бурже авиасалони ўтказилишини бузмоқчи бўлган фаоллар ҳибсга олинди

Улар гелий тўлдирилган ҳаво шарларини учириб, Франция президенти Эммануэл Макроннинг Ле-Буржега қўнишига халақит беришни режалаштирган.

Фото: AP

Париж полициячилари Ле-Буржеда авиасалон ўтказилишини бузишни режалаштирган етти нафар ўта сўл фаолни ҳибсга олди. Тинтув давомида уларнинг ёнидан гелий балонлари ва 200 га яқин ҳаво шарлари мусодара қилинган, деб ёзади Le Figaro.

Қайд этилишича, авиасалонда Исроил компаниялари иштирок этаётганига қарши бўлган фаоллар иккита ҳаракат сценарийсини тайёрлаган. Улардан биринчиси жума куни — авиасалон кенг оммага очилганда ҳаво шарларини учириш бўлган. Бу Франция президенти Эммануэл Макроннинг Ле-Буржега қўнишига халақит бериши керак эди. У эса Канадада ўтказилган G7 саммити сабаб авиасалон очилишига ташриф буюра олмаган.

Иккинчи сценарий бўйича шанба куни тушдан кейин ҳаво шарларини учириш режалаштирилган. Аммо ҳуқуқ-тартибот органлари фитна иштирокчиларини қўлга олишга муваффақ бўлган.

Ҳибслар 20 ва 21 июн кунлари амалга оширилган. Ҳозирда гумонланувчилар қамоқда. Улар ҳаво макони ва ҳаво кемалари ҳаракатини бузишга уринишда айбланиши мумкин.

Мавзуга оид