АҚШ Эронга берилган зарбалардан сўнг мамлакатда терактлар хавфи ортганидан огоҳлантирди
Агар Эрон ҳукумати Қўшма Штатларга қарши қасос олишга чақирувчи диний фармонни эълон қилса, мамлакатда «зўравон экстремистларнинг» зулми хавфи ортиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Фото: AP / Jose Luis Magana
Американинг Эрон ядро иншоотларига берган зарбалари АҚШ ҳудудида террорчилик ҳужумлари хавфини оширди, дейилади АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги баёнотида. Департаментнинг огоҳлантиришича, агар Эрон ҳукумати Қўшма Штатларга қарши қасос олишга чақирувчи диний фармонни эълон қилса, мамлакатда «зўравон экстремистларнинг» зулми хавфи ортиши мумкин.
«Эҳтимолий зўравонлик нишонларига АҚШ муҳим инфратузилмаси, диний институтлари, мактаблар, ирқий ва этник озчиликлар, ҳукумат идоралари ва ходимлари, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари киради», дейилади хабарда.
Департамент, шунингдек, Эроннинг АҚШ тармоқларига эҳтимолий киберҳужумлари ҳақида ҳам огоҳлантирди.
NBC телеканали ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Эрон президент Трампни АҚШ ҳудудидаги террорчи гуруҳларни фаоллаштириш билан таҳдид қилган. Хабар ўтган ҳафта Канадада бўлиб ўтган G7 саммитида воситачи орқали Трампга етказилган эди. Трамп ҳаракат имкониятларини кўриб чиқиш учун учрашувни тезда тарк этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат котиби Марко Рубио Эрон ўч олишдан тийилиши кераклигини айтганди. «Бу тарихдаги энг даҳшатли бўлади», деди у Fox News телеканалида.
«Биз Эрон ҳаво ҳудудига хоҳлаган вақтда киришимиз ва чиқишимиз мумкин. Кеча тунда дунёнинг нариги чеккасидан самолётлар учиб келди, зарба берди ва эронликлар ҳатто нима бўлганини тушуниб етгунга қадар орқага қайтиб кетди», деди давлат котиби.
22 июнга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфахондаги ядровий иншоотларига зарба берди ва шу тариқа Исроилнинг 13 июндан бери давом этаётган ҳужумларига қўшилди. АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг айтишича, Эроннинг ядровий амбициялари АҚШ ҳужуми туфайли «йўқ қилинган».
Мавзуга оид

17:48
“Тартибсизлик йўлидаги янги қадам” — АҚШнинг Эронга зарбасига дунё давлатлари ва сиёсатчилар қандай реакция билдирди?

17:42
Эрон ядровий иншоотлардан 408 кг бойитилган уранни олиб чиқишга улгурди – ОАВ

17:29
Суриядаги АҚШ базаси ўққа тутилди

15:59