Жаҳон | 22:55 / 23.06.2025
10925
2 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШнинг Қатардаги базаларига ракета зарбаларини берди

Эрон Американинг Ал-Удейд ҳарбий-ҳаво базасига олтита ракета учирди. Ўз навбатида Қатар Теҳрон томонидан учирилган ракеталарнинг барчаси тутиб қолинганини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

Қатар пойтахти Доҳада портлаш овозлари янграмоқда — бу ишга тушган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидир, деб ёзади Reuters гувоҳларга таяниб. Axios маълумотларига кўра, Эрон армияси АҚШнинг Қатардаги базаларига олтита ракета ёрдамида зарба берган.

Доҳа жануби-ғарбида Ал-Удейд ҳарбий-ҳаво базаси жойлашган. У ерга АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлигининг (CENTCOM) тезкор штаби жойлаштирилган.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси баёнотида айтилишича, Эрон Американинг Қатардаги Ал-Удейд ҳарбий-ҳаво базасига ракета зарбаларини берган. Бу АҚШ армиясининг минтақадаги «энг йирик стратетик активларидан бири» ҳисобланади.

Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши зарба йўллашда АҚШ олдинроқ қанча бомба фойдаланган бўлса, шунча ракетани қўллаган. Эрон нишонига айланган Америка базалари Қатар аҳолиси яшайдиган шаҳар объектларидан узоқда жойлашгани айтилмоқда.

Ўз навбатида Қатар мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Эрон «ҳужумини муваффақиятли қайтаргани»ни маълум қилди.

Қатар 23 июн куни кечқурун хавфсизлик нуқтаи назиаридан ўз мамлакати узра ҳаво маконини вақтинча ёпиб, фуқароларни «кейинги кўрсатмаларга қадар пана жойга беркинишга чақирган эди. Буюк Британия ТИВ эса ўз фуқароларини БАА ва Қатарга боришдан тийилишга чақирган.

22 июн куни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ядро объектларига зарбалар берганди. Шундан кейин АҚШ разведаси Эрон Американинг минтақадаги базаларига зарбалар бериши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Мавзуга оид