Жаҳон | 21:41 / 23.06.2025
3441
2 дақиқада ўқилади

«Крокус»даги теракт бўйича тергов иши якунланди

Тергов Москва вилоятида содир этилган жиноят «Украина манфаатлари йўлида» амалга оширилган деб ҳисобламоқда.

Фото: РИА Новости

Россия Тергов қўмитаси «Крокус Сити Холл» концерт залида юз берган терактга оид жиноят иши бўйича терговни якунлади, деб хабар беради идора матбуот хизмати. Иш судга тақдим этилиш учун прокуратурага йўналтирилган.

Тергов версиясига кўра, теракт Россиядаги «сиёсий вазиятни берқарорлаштириш мақсадида Украина раҳбарияти томонидан режалаштирилган ва уларнинг манфаатлари йўлида содир этилган».

Таъкидланишича, айбланувчиларнинг бир қисми Доғистондаги кўнгилочар мажмуада ҳам портлаш уюштиришни режалаштирган, аммо жиноятнинг олди олинган. Идора версиясида келтирилишича, Москва вилоятидаги терактда айбланаётганлар учун қуроллар Каспийск шаҳри орқали етказилган.

Тергов қўмитасининг ҳисоблашича, «Крокус»даги терактга тайёргарлик бир неча ой давом этган, ишга алоқадор шахсларнинг бир қисми Россияга хориждан келган.

Иш бўйича жами 19 киши айбланмоқда. «Икки нафар ташкилотчи ва террорчилик ташкилотининг тўрт нафар иштирокчисига нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда», - дейилади қўмита хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 22 март куни Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган терактда 146 киши ҳалок бўлган, 550 нафардан ортиғи жароҳатланган эди. Тўрт нафар қуролланган шахс концерт залига бостириб кириб, томошабинларга қарата ўқ узган ва бинога ўт қўйганди. Оқибатда «Крокус» биноси бутунлай ёниб кетган.

Мавзуга оид