Ўзбекистон | 16:39
1837
3 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева БМТ Давлат хизмати форумида иштирок этди

Шунингдек, БМТ Бош котибининг иқтисодий ривожланиш бўйича ёрдамчиси Навид Ҳаниф билан учрашди.

Фото: Telegram/Saida Mirziyoyeva

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева Самарқандда БМТ Давлат хизмати форумида иштирок этди.

«Бугун Самарқандда халқаро ҳамкорликнинг янги саҳифасини очдик — БМТ Давлат хизмати форуми бошланди. Иштирокчиларга Ўзбекистон Президенти номидан самимий қутлов сўзларини етказиш мен учун катта шарафдир.

Дунё шиддат билан ўзгармоқда ва биз Ўзбекистонда бу ўзгаришларга фаол ислоҳотлар билан жавоб бермоқдамиз: рақамли давлат қуряпмиз, истеъдодларга сармоя киритяпмиз, барча учун — айниқса, давлат бошқаруви органларининг учдан биридан кўпроғини ташкил этаётган аёллар учун имкониятларни кенгайтиряпмиз.

Глобал билимлар маркази каби ташаббусларимизга ишонч билдирган халқаро ҳамкорларимизга миннатдорлик изҳор этмоқчиман.

Саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш орқалигина биз одамларга, уларнинг келажагига чинакам хизмат қиладиган давлат хизмати тизимини яратишимиз мумкин», деб ёзди Саида Мирзиёева.

Шунингдек, Саида Мирзиёева Самарқандда БМТ Бош котибининг иқтисодий ривожланиш бўйича ёрдамчиси Навид Ҳаниф билан учрашди. Мулоқотнинг асосий мавзуси — илк бор Ўзбекистонда ташкил этилган Давлат хизмати бўйича глобал форум якунлари ва натижаларига бағишланди.

«Суҳбат давомида ислоҳотларимиз самараси, рақамлаштириш жараёни ва «Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасидаги режалар ҳақида маълумот бердик, шунингдек, ҳамкорликнинг янги йўналишлари: ёшларни қўллаб-қувватлаш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш, аёллар учун имкониятларни кенгайтириш ва мутахассисларимизнинг БМТ лойиҳаларида иштирок этишини муҳокама қилдик. Экология масалалари ҳам эътибор марказида бўлди — Халқаро иқлим академиясини тузиш ва Орол ҳудудини тиклаш бўйича фикр алмашдик.

Бугунги беқарор дунёда энг муҳим жиҳат — бир-биримизни эшитишни ўрганиш. БМТ — ана шундай очиқ мулоқот ва ечимларни биргаликда излаш мумкин бўлган майдондир. Олдинда ҳали кўплаб янги ғоя ва лойиҳаларимиз бор — уларни ҳамжиҳатликда амалга оширишга тайёрмиз», деб ёзди Саида Мирзиёева.

 

 

 

Мавзуга оид