Жаҳон | 20:43 / 23.06.2025
3588
2 дақиқада ўқилади

Трамп нефт нархининг кўтарилиши «душманга қўл келишини» айтди

Ой уй раҳбари нефт нархи кўтарилишига йўл қўймасликка чақирди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг Truth ижтимоий тармоғида нефт нархини оширмасликка чақирувчи пост эълон қилди. Унинг таъкидлашича, воқеаларнинг бундай ривожи мамлакатнинг «душманига қўл келади».

Трампнинг баёноти Исроил-Эрон-АҚШ можароси оқибатида Яқин Шарқда кескинлик кучайиши ҳақидаги хавотирлар фонида янгради.

«Нефт нархи кўтарилишига йўл қўйманг. Мен буни кузатяпман! Душман учун ўйнаяпсиз. Бундай қилманг!» деди Трамп, аммо душман кимлигига аниқлик киритмади.

Яқин Шарқдаги кескинлашув фонида нефт нархи ўсишда давом этмоқда. 22 июнга ўтар кечаси АҚШ очиқдан-очиқ Исроил ва Эрон ўртасидаги можарога қўшилиб, Эрон ядровий иншоотларига зарба берди. Шундан сўнг Brent маркали нефт нархи январ ойидан бери биринчи марта баррелига 80 доллардан ошди.

АҚШ ҳужумидан сўнг Эрон дунёдаги энг муҳим денгиз йўлларидан бири ҳисобланган Ҳурмуз бўғозини ёпиш билан таҳдид қилди. Бўғоздан дунё нефт, конденсат ва нефт маҳсулотларининг 15-20 фоизи, суюлтирилган газнинг 30 фоиздан ортиғи ўтади.

Баъзи таҳлилчилар АҚШ-Эрон можароси туфайли нефт нархининг бир баррел учун 100 долларгача кўтарилишини истисно қилмаяпти.

Ҳозир АҚШ дунёдаги энг йирик нефт қазиб олувчи давлатдир. Саудия Арабистони ва Россия кейинги ўринларда туради.

Мавзуга оид