Жаҳон | 18:24 / 24.06.2025
884
2 дақиқада ўқилади

Британиялик олимлар ичак таёқчасини модификация қилиб, пластмассани парацетамолга айлантирди

Технология бир вақтнинг ўзида иккита глобал муаммони ҳал қилади: пластмасса чиқиндилари ва парацетамолни зарарсиз ишлаб чиқариш.

Фото: EPA

Британиялик тадқиқотчилар пластик ифлосланишга қарши курашиш усулини ишлаб чиқди – улар модификацияланган ичак таёқчаси орқали чиқиндиларни парацетамолга айлантирди. Бу ҳақда Nature журналида чоп этилган тадқиқотда айтилади.

Эдинбург университети олимлари гуруҳи 1872 йилдан бери маълум бўлган Лоссен кимёвий реакцияси тирик бактерия ҳужайраларида муваффақиятли давом этишини аниқлади.

Кашфиётнинг моҳияти шундан иборатки, табиий равишда бактерия ҳужайраларида мавжуд бўлган фосфат ионлари бу реакцияни токсик металл катализаторларсиз ва юқори ҳароратларсиз катализлаши мумкин.

Олимлар генетик жиҳатдан ўзгартирилган ичак таёқчасини олди, у мустақил равишда ўзи учун муҳим модда бўлган пара-аминобензой кислотасини ишлаб чиқара олмайди. Бактериялар қайта ишланган пластмассадан олинган махсус субстратни олганда, уни ушбу кислотага айлантиради ва фаол кўпайишни бошлайди.

Жараён полиэтилентерефталатдан тайёрланган оддий пластик идишдан бошланади. Пластмасса терефталик кислотага парчаланади, сўнгра биологик реакция учун субстратга кимёвий модификация қилинади. Ўзгартирилган бактериялар уни пара-аминобензой кислотасига айлантиради, кейин эса махсус ферментлар томонидан парацетамолга қайта ишланади. Оптимал шароитларда тайёр дори асл субстратнинг 92 фоизини ташкил қилади.

Олимларнинг ёзишича, технология бир вақтнинг ўзида иккита глобал муаммони ҳал қилади. Ҳар йили инсоният 56 миллион тонна ПЭТ пластмасса ишлаб чиқаради, уларнинг аксарияти чиқиндиларга айланади. Парацетамол дунёдаги энг машҳур дорилардан бири бўлиб, ҳозир нефт маҳсулотларидан ишлаб чиқарилади. Янги усул эса хона ҳароратида ва зарарли кимёвий моддаларсиз чиқиндидан дори олиш имконини беради.

Мавзуга оид