Ўзбекистон | 15:40
3674
7 дақиқада ўқилади

Чилонзорда яна дарахтлар кесилди. Экология органи сукутда

Бўрижар канали бўйида бир неча ой олдин бўлгани каби яна дарахтлар кесилди. Қурувчи дарахтлар “кўчирилгани”, аҳоли вакиллари эса ярим тунда кесилиб, шу ернинг ўзига кўмиб ташланганини айтмоқда. Бу ерда 16 қаватли уй қурилишига рухсат берилган. Экоинспектор ҳолатни ўрганиб кетди, лекин ўрганиш натижалари очиқланмаяпти.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Чилонзор тумани 1-Чарх Комолон маҳалласида, Бўрижар канали бўйида яна дарахт кесилмоқда. Kun.uz мухбири аҳоли мурожаатига асосан ҳолатни ўрганди.

Kun.uz бу ҳудудда 30 га яқин дарахт кесилгани ҳақида жорий йил феврал ойида ҳам хабар берган эди. Фуқароларга кўра, дарахт кесувчилар куни кеча яна пайдо бўлган: 19 июнга ўтар кечаси тунда 3-4 та дарахт таг-томири билан қўпориб ташланган.

Деворни ўраб олди, орқадаги дарахтларни нима қилса қиляпти, ўзича кесиб ташлаяпти. Президентимиз “кесмагин” деган, булар кесяпти. Битта ҳам дарахт қолмади”, – дейди маҳалла фаоли Ҳамидулла Шораҳбаров.

Яна бир фуқаро охирги кесилган акация дарахтлари 80-90 йиллик бўлганини тахмин қилди.

Кеча кечқурун соат 02:00 ларда бошланди. Трактор товушидан уйғониб чиқдим. Ҳамма дарахтни давлат рақамисиз трактор олиб ташлади. Булар унча-мунчага катта бўладиган дарахтлар эмас. Унга анча меҳнат керак. Булар бошида келганда бизга ҳужжат кўрсатганда, кадастрда савдо-маиший, кўнгилочар жойлар қиламиз деган. Мана ҳозир домга айланди”, – дейди у.

Kun.uz мухбири воқеа жойида дарахтлар билан боғлиқ ҳолатни ўрганиб кетаётган экоинспекторга микрофон тутди.

Ҳозир тўлиқ маълумотга эга эмасмиз, ўрганишлар олиб боряпмиз. Бизга кўчирган деб айтишяпти. Ўша кўчиргани бўйича жойига чиқиб ўрганмоқчимиз: ҳақиқатан кўчирганми-йўқми? Тегишли далолатномаларни тузиб, қонун бузилиши ҳолати бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилади. Ҳозир бу ерга кириб, қурилиш объекти раҳбарларидан тушунтиришлар олинди ва кўчирган шахс чақиртирилди”, – дейди Чилонзор тумани экоинспектори Шукрулло Абдураҳмонов.

Аҳоли вакилларига кўра, кесилган дарахтлар шу ернинг ўзига кўмиб қўйилган. Экоинспектор Абдураҳмонов эса юқорида келтирилган гапларидан кейин орадан 5 кун ўтган бўлса, дарахтлар ҳақида маълумот бермади. Тошкент шаҳар экология бошқармаси матбуот хизмати ҳам бу борадаги сўровларни жавобсиз қолдирди.

Объектда илиб қўйилган баннерда келтирилишича, лойиҳа буюртмачиси – Homewell. Лойиҳаловчи ташкилот – Prime Tower Group. Пудратчи – Ozguven Mimarlik Inshaat.

Пудратчининг ички назоратчиси Фарҳод Каримов дарахтларни кўчириш хизматини кўрсатувчи корхона билан шартнома тузилиб, ҳаммаси қонуний бўлганини даъво қилди. Аҳолининг дарахтлар кесилгани ҳақидаги эътирозларига жавобан, бу масалада ҳеч нарса дея олмаслиги, масъулият дарахт кўчиришни зиммасига олган ташкилот зиммасида эканини билдирди.

Тўғри, бу ерда аҳоли билан кўришиш керак. Аҳолининг ҳам розилиги муҳим рол ўйнайди. Биз ҳали қурилишни бошламадик. Бу техникалар бошқа қурилиш ташкилотига тегишли, у бошқа проект. Биз қурилишни бошлашдан олдин, албатта, аҳоли билан кўришамиз. Паспорт бор, давлатдан рухсат олинган, инспекциядан рўйхатдан ўтган объект. Ҳамма ҳужжатлари қилинган. Билишим бўйича, дарахтларнинг ҳам ҳужжатлари қилинган. Ҳеч қайси иш бу ерда ноқонуний шаклда олиб борилмаяпти. Тўғри, инспекция, экология келиб, ўрганиш қилиб кетди. Ҳужжатларни тақдим этдик уларга. Бу бўйича ўзи ҳамма ҳужжатлар олдиндан қилиб келинган”, – дейди Каримов.

Лекин у дарахтларни кўчириш билан боғлиқ ҳужжатларни тақдим эта олмади. Кейинроқ бу борада унда маълумот йўқлигини айта бошлади.

“Дарахтлар бўйича менда маълумот йўқ. Олдин айтиб ўтганимдай, мен қурувчиман. Балки кўчиргандир, балки олгандир. Дарахт кўчирилган бўлса, биз бу ерга битта дарахтнинг ўрнига 10 та дарахт экамиз”, – дейди қурувчи ташкилотнинг вакили.

Чилонзор тумани ҳокимининг ёрдамчиси Ислом Махановга кўра, қурувчилар 10 кундан бери йўлни тўсишни сўраб келмоқда.

Ҳақиқатан, шаҳардан рухсатномаси бор, кўп қаватли бино тушишига. Лекин ҳали аҳоли билан маслаҳатлашиш учун ҳеч қанақа йиғилиш ўтказилгани йўқ. Яқинда келди, шунақа-шунақа қурмоқчимиз, йўлни вақтинчалик бир ойгами, икки ойга ёпиб турамиз деди. Сабаби, ниманидир қоқаркан-да. Ўша қоқадиганларини қоқиб бўлгандан кейин, кейинчалик йўлни қайтадан очиб берамиз дейишди. У бўйича ҳали ҳеч қанақа рухсатнома берилгани йўқ. Биз йўлни ўзбошимчалик билан тўсманглар деб огоҳлантирдик, Ҳали бир кун, бир вақтни келишиб, биргаликда йиғилиш ўтказилади, фуқаролар чақирилади. Фуқароларнинг рухсатисиз ҳеч қанақа йўл тўсилмайди. Буларнинг рухсати бўлмаса, ҳеч нарса қурилмайди”, – дейди ҳоким ёрдамчиси.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳудуд бузилишга тушган. “Бу ерда яшовчиларнинг 50-60 фоизига уй олиб берилиб, чиқиб кетганлари ҳам бор”, дейди Маханов. Лекин уни тинглаб турган фуқаролар буни инкор қилиб, кўчиб кетганларнинг улуши 10 фоиз ҳам чиқмаслигини айтди.

Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси объект бўйича қуйидагича маълумот берди:

Сеул кўчаси манзилидаги объект “Ozun Tashkent Construction” МЧЖ ХКга тегишли бўлиб, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани қурилиш бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли қарорининг 2-иловасига асосан “Мавжуд нотурар-жой биноларини кўп қаватли турар-жой биноси сифатида қайта ихтисослаштириб реконструкция қилиш” учун 2022 йил 7 мартда 1726294-40373-сонли рухсатнома берилган. Мазкур рухсатномага мувофиқ, бош бошқарма томонидан 2022 йил 21 апрелда 1726-1726294-40951-сонли архитектура режалаштириш топшириғи (АРТ) ишлаб чиқилган

Prime Tower Group” МЧЖ ушбу ҳужжатлар асосида лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаган ва унга СЭС, экология, ёнғинга қарши назорат хизмати ижобий хулоса берган.

Ижобий хулосаларга асосланган ҳолда, Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2023 йил 26 майдаги 72169-сонли хулосаси билан келишиб берилган”.

Тошкент шаҳрининг бош режасига кўра, бу ҳудудда биноларнинг баландлиги 9 қаватдан ошмаслиги керак. Қурилишига тайёргарлик кўрилаётган объектда эса энг баланд нуқтаси 16 қаватгача боради.

Пойтахт қурилиш бош бошқармаси бу ҳолатни қурилиш учун рухсатнома бош режа тасдиқланмасидан олдин берилгани билан изоҳлади.

Мавзуга оид