Жаҳон | 11:41
2196
4 дақиқада ўқилади

Эрон ва Исроил Трампнинг баёнотларидан кейин ҳам бир-бирига зарба беришда давом этди

Эроннинг Исроил жанубига ракета ҳужуми оқибатида етти киши ҳалок бўлди, ўндан ортиқ киши жароҳатланди. Зарба Трамп томонидан эълон қилинган оташкесим кучга киришидан олдин содир бўлган. Исроил бу баёнотга изоҳ бермади.

Фото: Ronen Zvulun / Reuters

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил ва Эрон ўртасида ўт очиш тўлиқ тўхтатилиши ҳақида эълон қилганига қарамай, режим кучга киргунга қадар ҳар икки давлат ҳам тун бўйи курашни давом эттирди. 24 июн, сешанба куни Эроннинг Исроил жанубидаги Беэр-Шева шаҳрига ракета зарбалари оқибатида етти киши ҳалок бўлди ва ўндан ортиқ киши жароҳатланди, деб хабар берди Миллий соғлиқни сақлаш хизмати (Маген Давид Адом, MDA) 24 июн, сешанба куни.

Кечаси бутун Исроил бўйлаб ҳаво ҳужуми сиреналари янгради. Эроннинг давлатга қарашли Irib телеканали Исроилга янги ракеталар отилиши ҳақида хабар берди. Dpa агентлигининг Исроил ҳарбий манбаларига таяниб хабар беришича, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари бунга жавобан Эрон ғарбидаги ракета учирувчи қурилмаларини йўқ қилган. Бу Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида аввалроқ эълон қилган «тўлиқ оташкесим» 24 июн куни эрталаб кучга киришидан олдин содир бўлди.

Исроил расмийлари Трампнинг баёнотларига ҳозирча ҳеч қандай расмий изоҳ бермаган. Исроил Мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) вакили изоҳ беришдан бош тортди ва Исроил ҳарбийлари кечаси Эронга ҳаво ҳужумларини давом эттирди. ЦАҲАЛ, шунингдек, Теҳроннинг бир неча туманлари аҳолисини эвакуация ҳақида икки марта огоҳлантирди. Ички фронт қўмондонлиги аҳоли учун хавфсизлик чоралари юмшатилмаслигини эълон қилди.

Айни пайтда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи Трампнинг Исроил билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилгани ҳақидаги баёнотини рад этди. Шу билан бирга, у X ижтимоий тармоғида агар Исроил ҳам 24 июн куни эрталаб соат 4:00 га қадар ҳарбий ҳаракатларини тўхтатса, Эрон Исроилга зарба беришни тўхтатиши ҳақида ёзган. Теҳрон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича якуний қарорни кейинроқ қабул қилади, дея қўшимча қилди Арағчи.

У, шунингдек, Эрон армиясининг ҳарбий амалиётлари «сўнгги дақиқагача, эрталабки соат 4 гача давом этганига» ишора қилди. Айрим кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари Эрон ташқи ишлар вазирининг бу баёнотини Ислом Республикасининг ўт очишни тўхтатиш қарори сифатида талқин этди.

Аввалроқ Трамп «Исроил ва Эрон ўт очишни тўлиқ тўхтатишга рози бўлганини (тахминан 6 соатдан сўнг, Исроил ва Эрон ўзининг ҳозирги, якуний миссияларини тугатгандан кейин!)» эълон қилган эди. Унга кўра, аввало Эрон жанговар ҳаракатларни, Исроил эса 12 соатдан кейин тўхтатади. «24 соатда дунё 12 кунлик урушнинг расман якунланганини кутиб олади», деди АҚШ президенти.

Бир неча соат олдин Эрон армияси Қатардаги АҚШнинг Ал-Удейд базасига зарба берди. Трамп бу ҳужумни АҚШ томонидан Эрондаги ядровий иншоотларни йўқ қилишга қаратилган «заиф жавоб» деб атади.

Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эронга қарши ҳарбий операция бошлади, ядровий иншоотлар, ҳарбий базалар ва Эрон армияси ходимларига ҳужум қилди. Исроил расмийлари ўз ҳужумларини Теҳроннинг ядровий қурол яратишга хавфли ёндашуви билан изоҳлади. Эрон ядровий бомба яратиш айбловларини рад этди ва Исроилга юзлаб учувчисиз учоқлар ва баллистик ракеталар билан жавоб берди. Ўшандан бери зарбалар алмашинуви давом этмоқда.

22 июнга ўтар кечаси АҚШ Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий можарога қўшилди. Америка армияси Эрон ядровий дастурининг учта жойига зарба берди. B-2 бомбардимончилари Фордо заводига ўн иккита 13,6 тонналик бункерга қарши бомба билан ҳужум қилди ва Натанзга яна иккита шундай бомба ташланган. Сувости кемалари Натанз ва Исфаҳондаги объектларга 30 та «Томагавк» ракетасини учирди. Трамп халққа мурожаатида Эроннинг энг муҳим уран бойитиш иншоотлари вайрон қилинганини айтди.

Мавзуга оид