Эроннинг амалдаги сиёсий тизими. У қандай пайдо бўлганди?
1979 йилги инқилобидан сўнг Эрон монархиядан исломий республика тузумига ўтди. Бу янги тизим ўзига хос тарзда демократик институтларни диний раҳбарият назорати билан уйғунлаштирди. АҚШ ва Исроил нима учун уни қулатишни хоҳлаяпти?

Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик кучайгандан кучайиб боряпти. Ҳар иккала томон ҳам бир-бирларини аёвсиз бомбалади. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу асосий мақсади – Эрон ядровий салоҳиятини яксон этиш эканини айтганди. Аммо кейинги баёнотларида ислом инқилоби режимини ўзгартиришдек кенгроқ нияти борлигига ишора қилди.
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам Эронда режим ўзгариши мумкинлигини истисно этмаяпти. «Агар ҳозирги Эрон режими Эронни буюк қилишга қодир бўлмаса, режим ўзгариши керак эмасми?» - дея ёзди у Truth Social ижтимоий тармоғида.
Хўш, расмий Теҳроннинг амалдаги сиёсий тизими қандай пайдо бўлганди ва Исроил нима учун уни қулатишни хоҳлаяпти?
Эрондаги шоҳ ҳокимияти
Эронда 1925 йилда Қожарлар сулоласининг қарийб 130 йиллик ҳукмронлигига чек қўйилиб, ҳокимиятга Паҳлавийлар келди. Ризохон ўзини Эрон шоҳи деб эълон қилади. 1941 йил Ризо Паҳлавий Буюк Британия ва СССР ҳарбийларини Эронга жойлаштиришга рози бўлмайди, аммо улар барибир ўз мақсадига эришади. Ушбу воқеалар фонида у тахтдан воз кечиб хорижга қочишга мажбур бўлади. Ўрнига ўғли, 21 ёшли Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳокимиятга келади.
Унинг бошқаруви даврида Эрон ўзининг асрий анъаналаридан воз кечиб, дунёвий давлатга айлана бошлайди. Мамлакатда нафақат Ғарб байрамлари, балки ислом дини келишидан аввал мавжуд бўлган байрамлар ҳам нишонлана бошлайди. Кичик Паҳлавий АҚШнинг ташқи сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Ўша пайтларда бутун ислом олами Исроил-Фаластин можаросида Исроил томонида тургани учун АҚШни қоралаётган вақтда у АҚШнинг Яқин Шарқ масаласида юритган бир томонлама сиёсатига хайрихоҳлик билдиради. Бу эса эронликларнинг кўпчилигига ёқмайди. Шу тариқа, Эронда шоҳ Паҳлавийнинг «радикал ғарблаштириш” сиёсатига қаршилар сони тобора ўсиб боради.
Шу тариқа шоҳ ҳукмронлиги йилларида Эрон жамиятида кучли сиёсий мухолифат шаклланди. Бунда диндорлар асосий ролни ўйнади. Шоҳ эса мухолифат вакилларини қаттиққўллик билан таъқиб қилишда давом этди.
Диний мухолифлар лидерларидан бири Оятуллоҳ Ҳумайний шоҳ ҳокимиятини мустабид тузум деб эълон қилди. 1964 йилда Ҳумайний ҳибсга олинди ва сургун қилинди, натижада унинг тарафдорлари норозилик акцияларини кучайтириб борди. Шоҳ бунга қаттиққўллик билан жавоб берди. Намойишчилар ҳибсга олинди, бир қисми отиб ташланди.
Ҳумайний муҳожирликда юрганида ҳам шоҳ тузумига қарши фаол тарғибот олиб боради. Шунингдек, кейинчалик мамлакатда Ислом республикаси тузилганда фойдаланилган давлатчилик асосларини тузади, китоблар ёзади, маърузалар қилади. Шу тариқа Роҳуллоҳ Эронда ақл бовар қилмас даражада катта обрўга эга бўла бошлайди.
Ислом инқилоби
1971 йилда Эрон шоҳлигининг 2500 йиллиги катта дабдаба билан нишонланади. Бу вақтда мамлакатнинг бир неча вилоятида очлик ҳукм сурар, одамлар ўта ночор ҳаёт кечирарди. 1973 йил нефт нархи арзонлашиши вазиятни янада оғирлаштиради.
Паҳлавий эса ўз ишлари билан ҳаммани ажаблантиришда ва ғазаблантиришда давом этаверади. Масалан, у 1976 йилда анъанавий Эрон тақвими ўрнига шоҳ Кир II’нинг тахтга ўтирган кунидан бошлаб йил ҳисобланадиган тақвим жорий қилади. Бундан Эрон аҳолиси ниҳоятда норози бўлади. Бундан ташқари, шоҳ “оқ инқилоб” даврида қатор ислоҳотлар ўтказиш ҳақидаги ваъдаларини бажармади.
1978 йил январь ойида Қум шаҳридаги намойиши вақтида полиция томонидан икки нафар талаба ўлдирилади. Қум - аҳолиси узоқ йиллик анъаналарга қаттиқ амал қиладиган Руҳуллоҳ Ҳумайнийнинг она шаҳри эди. Талабалар ўлимидан сўнг шаҳар аҳолиси шоҳ тузумига қарши оёққа туради. Февралда яна бир йирик шаҳар Табриз аҳолиси бош кўтарди. Мартга келиб Эрондаги барча шаҳарларда кенг кўламли намойишлар бошланиб кетади. Шоҳ мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этиб, намойиш ўтказишни тақиқлайди, аммо халқ назорат қилиб бўлмас даражага етиб бўлганди. Теҳрон кўчаларига 2 миллион одам Паҳлавийнинг истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқди.
1979 йил 16 январь куни шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий ҳокимиятни бош вазир Шопур Бахтиёрга қолдириб Эрондан қочиб кетди. Шоҳ қочганини эшитган одамлар бутун мамлакат бўйлаб кўчаларда унинг суратларини ошкора ёқади. 1979 йил 1 февралда оятуллоҳ 15 йиллик қочқинликдан сўнг Эронга қайтади. Мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетади. Икки ўртада бўлиб ўтган қуролли тўқнашувларда Ҳумайний тарафдорлари устун келади. Шу тариқа, инқилобчилар Эронни батамом эгаллайди. Мамлакатда референдум ўтказилади ва кўпчиликнинг овози билан мамлакат Эрон Ислом республикаси деб эълон қилинади.
Инқилоб амалга ошиб, Эронда тузум ўзгарганидан кейин аксарият шоҳ тузумини қўллаганлар, ғарбона ҳаёт тарзини ёқтирадиганлар ва хорижликлар мамлакатни тарк этади. Эрондаги хориж компанияларига тегишли завод ва фабрикалар миллийлаштирилади. Бу эса Ғарб давлатлари билан муносабатларни совуқлаштирди.
Эроннинг амалдаги сиёсий тизими
Эрон 1979 йилги инқилобидан сўнг монархиядан исломий республика тузумига ўтди. Бу янги тизим ўзига хос тарзда демократик институтларни диний раҳбарият назорати билан уйғунлаштирди. Мамлакатда президент ва парламент халқ томонидан сайланса-да, якунда давлат сиёсатини белгиловчи энг олий ҳокимият диний раҳбар – Оятуллоҳ томонидан назорат қилинади.
Руҳуллоҳ Ҳумайний инқилобдан сўнг илк Олий раҳбар сифатида 1989 йилгача мамлакатни бошқарди. Унинг вафотидан кейин Конституцияга ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Бош вазир лавозими бекор қилинди. Олий ҳокимиятга Али Хоминаий келди ва у 36 йилдан бери Эронни бошқариб келяпти. Президентликка номзодлар ҳам олий раҳнамо тасдиғидан ўтиши керак. Хусусан, Хоминаий даврида мамлакатда 6 та президент алмашди. Булар: Али Акбар Хошимий Рафсанжоний, Муҳаммад Хотамий, Маҳмуд Аҳмадий Нажот, Ҳасан Руҳоний, Иброҳим Раисий ва Масъуд Пизишкиён.
Олий раҳнамо қуролли кучлар бош қўмондони ҳам ҳисобланиб, ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ваколатларига эга. Шунингдек, қонунларнинг тўғри татбиқ этилишини назорат қилади ва унда вето ҳуқуқи ҳам мавжуд.
Оятуллоҳнинг лавозим муддати Конституцияда аниқ чекланмаган. У умрбод ёки ўз лавозимини эплай олмаган ҳолатга қадар ишлаши мумкин. Фақатгина Экспертлар кенгаши Олий раҳбар ўз бурчларини бажара олмаса ёки Конституциядаги талаблар бўйича қобилиятини йўқотса, уни вазифасидан озод этиш ваколатига эга. Бу кенгаш Эрон сиёсий тизимидаги муҳим орган бўлиб, у ҳар 8 йилда халқ томонидан сайланадиган 80 дан ортиқ обрўли уламолардан иборат бўлади. Эрон тарихида бирор марта Экспертлар кенгашида Оятуллоҳни лавозимидан олиш масаласини кун тартибига олиб чиқмаган ёки у томонидан қилинган қарорларга жиддий эътироз билдирмаган.
Нега Исроил Эрондаги сиёсий тизимни ўзгартирмоқчи?
Исроил Эроннинг амалдаги теократик тузумини ўз миллий хавфсизлигига энг катта таҳдид сифатида кўради. Расмий Теҳрон ядро қуроллари ишлаб чиқариш бўйича иш олиб бораётгани ва уни баллистик ракеталарга айлантиришига бўлган ишончини таъкидлаб келади. Исроил Эрон томони ядро дастурини муваффақиятли якунласа, уни уларга қарши ишлатишидан қўрқади. Шунингдек, Эрон Яқин Шарқ бўйлаб бир нечта гуруҳдан иборат кучли коалиция шакллантирган. «Ҳизбуллоҳ», ҲАМАС, Ироқдаги Ҳашд аш-Шааби ва Яман ҳусийчиларини ўз ичига олувчи иттифоқчилар тармоғини молиявий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади. Йиллар давомида ушбу гуруҳлар ва Исроил ўртасида турли тўқнашувлар содир бўлди.
Айни пайтда давом этаётган тўқнашувлар бошланган пайтда Исроил разведкаси Эроннинг хавфсизлик тизимларига сезиларли даражада кириб бориб, махфий дрон ҳужумларини мамлакат ҳудудининг ўзидан амалга оширди. Бу каби махфий ҳужумлар Эрон режимини ўз фуқаролари олдида заиф ва ҳимоясиз қилиб кўрсатиб, унинг барқарорлигига путур етказади. Исроилнинг мақсади Эрондаги сиёсий тизимни ўзгартириб, ғарбпараст ёки бетараф ҳокимият келишига эришиш ёки мамлакатда ички уруш бошлаш. Кўпчилик Ироқ ва Ливияда кучли марказлашган ҳукумат ағдарилганда нималар бўлганини ҳали ёддан чиқармаган.
Мавзуга оид

23:23 / 24.06.2025
Уруш кундалиги: Исроил вайроналари

23:12 / 24.06.2025
АҚШ Ўзбекистон фуқароларининг виза аризаларини қарийб 65 фоизини рад этди

21:49 / 24.06.2025
Бу урушда Исроил ўз тарихидаги энг йирик талафотларга учради — экспертлар

21:21 / 24.06.2025