Исроил собиқ бош вазири: Нетаняҳу Эронга ҳужум билан Ғазодан эътиборни чалғитди
Эҳуд Олмерт Яқин Шарқдаги сўнгги воқеаларга изоҳ берди.

Эҳуд Олмерт Фото: Reuters
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эронга ҳужуми билан бутун дунё эътиборини Ғазо секторидаги воқеалардан чалғитишга муваффақ бўлди. Исроилнинг собиқ бош вазири Эҳуд Олмерт Британиянинг The Economist журналига берган интервюсида шу ҳақда маълум қилди.
«Ғазодаги операцияни давом эттириш Исроилга муваффақият келтирмайди. Бунинг нархини тўлашга мажбур бўлади. Бу нарх - ҳалок бўлган аскарлар, йўқотилган гаровга олинганлар, ўлдирилган ғазоликлар ва Исроилнинг халқаро даражада қўллаб-қувватланишининг заифлашиши», — деди сиёсатчи.
Эрондаги вазиятга тўхталар экан, у Исроил ҳужумлари «90 миллиондан ортиқ аҳоли ва минг йиллик маданий меросга эга бўлган давлатни тиз чўктириши» ҳақидаги даъволарни «такаббурлик ва нореал» деб атади. «Эрон Америка ҳужуми каби ўта оғриқли зарбадан кейин ҳам қулаб тушмайди ва парчаланмайди».
Олмерт Эрон ҳали ҳам узоқ ва қисқа масофага учувчи ракеталарнинг кучли арсеналига эга эканлигини эслатди. Шунингдек, у Эрон билан уруш Исроил иқтисодиётини деярли бутунлай фалаж қилганини қайд этди.