Ўзбекистон | 19:47 / 24.06.2025
1274
2 дақиқада ўқилади

Нодавлат ОТМларда қабул йилда икки марта ўтказилиши мумкин

Нодавлат таълим ташкилотлари қабул жараёнини бир йилда икки маротаба – 15 октябргача ҳамда 15 февралгача амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Фото: Kun.uz

«Республикада нодавлат таълим хизматларининг сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унга кўра, нодавлат таълим ташкилотлари қабул жараёнини бир йилда икки маротаба – 15 октябргача ҳамда 15 февралгача амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, қарорда қабул параметрларини Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишиш ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, лойиҳада қуйидагилар киритилган:

  • абитуриентларни ўқишга қабул қилиш, ўқишини кўчириш ва битирувчиларни якуний давлат аттестациясидан ўтказишни давлат таълим ташкилотларига белгиланган талаблар асосида амалга ошириш;
  • нодавлат таълим ташкилотларида ўқув, илмий ва маъмурий жараёнларни бошқарувчи ҳамда таълим сифатини назорат қилувчи ахборот тизимининг мавжуд бўлиши.

Бунда нодавлат таълим ташкилоти ўз ахборот тизимини вазирликнинг таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизимларига интеграция қилиши шартлиги белгиланади.

Амалдаги лицензия асосида таълим хизматларини кўрсатиб келаётган нодавлат таълим ташкилотлари ушбу қўшимча лицензия талаби кучга кирган вақтдан бошлаб 5 йил ичида мулк ҳуқуқи асосида зарур бино ва иншоотларга эга бўлиши талаб этилади.

Мазкур талаб президент қарорлари асосида фаолияти ташкил этилган таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Шунингдек, олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизимига (HEMIS) киритилмаган ва регистрациядан ўтказилмаган таълим олувчиларга ўқиш якуни бўйича давлат намунасидаги тегишли ҳужжат берилишига йўл қўйилмайди.

Мавзуга оид