Ўзбекистон | 15:56 / 24.06.2025
9550
2 дақиқада ўқилади

Яна бир собиқ “замҳоким” озодликдан маҳрум қилинди

Деҳқонобод тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламлаштириш масалалари бўйича собиқ ўринбосари Шердил Эргашев 5 йилга қамалди. У объектини фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига имзо қўйиш эвазига 5 минг АҚШ доллари олганда ушланган.

Фото: Деҳқонобод тумани ҳокимлиги

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1986 йилда туғилган Шердил Эргашев 2021 йил март ойидан 2024 йил 21 сентябрга қадар Деҳқонобод тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган. У “Global Commerce” МЧЖ томонидан амалга оширилган Қарашина шаҳарчасини ободонлаштириш объектини фойдаланишга қабул қилиш далолатномасига имзо қўйиш учун МЧЖ раҳбаридан пора талаб қилган.

Собиқ “замҳоким” 2024 йил 21 сентябр куни Деҳқонобод тумани ҳокимлигининг маъмурий биноси ёнида “Global Commerce” МЧЖ ҳайдовчисидан 5 минг доллар олганда тезкор тадбирда ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг 2025 йил 10 февралдаги ҳукми билан Шердил Эргашев пора олиш жиноятини содир қилишда айбли деб топилган. Унга 2 йил давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Иш Қашқадарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилган. Апелляция судида Шердил Эргашев биринчи инстанция судида берган кўрсатувларини тасдиқламаслигини билдирган. У 5 минг доллар пулни пора эмас, қарз сифатида олганини айтган.

Апелляция инстанция судининг 2025 йил 11 июндаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Олдинроқ Қўшкўпир тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосари Бекзод Давлатов 8 йилга озодликдан маҳрум қилинганди

Мавзуга оид