Ўзбекистон | 11:02
12920
4 дақиқада ўқилади

 “Қўлма-қўл бўласан”: Чилонзорда маҳалла раиси ажрашиш ёқасидаги аёлга таҳдид қилди

Kun.uz’га Чилонзор туманидаги Катта Қозиробод маҳалласи раиси Абдусамад Муталовнинг қўполлиги ва борича айтганда – ахлоқсизлигидан шикоят қилинган яна бир мурожаат келиб тушди. Бу гал у “тарбиясиз” мактаб ўқувчилари ё уларнинг ота-оналарини сўкмаган. Бу гал раиснинг “ширин сўзлари” нишони турмушида муаммолар чиқиб, ажрим ёқасига келиб қолган оила аъзолари, хусусан, ёшгина келинчак бўлган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг қишида ушбу маҳалла раиси Абдусамад Муталовнинг шу ҳудуддаги 138-мактаб ўқувчиларига, ота-оналарига пол арттириш билан ҳам таҳдид қилган: “Билиб олинглар, “скритий камера” қўяман. Кимда ким шу ишни [пойабзалининг ён қисмини полга ишқалаб, уни қорайтирса], унинг ўзига арттирмайман, ота-онангни чақиртираман. Уларни чақиртириб, дўнқайтириб пол арттираман”, - деганди раис.

Бу иши учун Маҳаллалар уюшмаси уни “ишдан олинди” дея изоҳ берган, аммо сал ўтиб лавозимига қайтариб қўйилган раис ўзини оқлашга ҳам уринганди.

Аммо буни қарангки, “раис яхши одам экан...” деган таассуротга бориб-бормай турган бир пайтимизда у кишининг устидан навбатдаги шикоят тушиб турибди.

Бу гал у “тарбиясиз” мактаб ўқувчилари ё уларнинг ота-оналарини сўкмаган. Бу гал раиснинг “ширин сўзлари” нишони турмушида муаммолар чиқиб, ажрим ёқасига келиб қолган оила аъзолари, хусусан, ёшгина келинчак бўлган.

Раис Абдусамад Муталов маҳалла биносида ўтган бу қўштирноқ ичидаги яраштирув жараёнида ахлоққа зид тарзда, тажовузкор ва таҳдидли ифода билан аёлни камситган.

Муталов гапи давомида шундай дейди:

“Бошингда рўмол, оғзингда Худо. Дилинг – шайтон. Оғизда зикр, лекин дил шайтон, шайтон. Аммаси ўргатди, холаси ўргатди. ....га тиқди-да ҳаммаси четга чиқволиб, мишиғини оқизиб келди. Мен итдай бўлиб яна олиб кирдим. Хор бўласан, мен сенга 5 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман – аниқ бўласан хор. Қўлма-қўл бўласан, хор бўласан. Қўлингга зикр олиб, бошингга рўмол ўраганни кўряпман ҳаммангни. Нима аҳволда юрганингни. Аниқ айтаман, бировни қўлига илинасан – хор бўласан!”

Унинг нутқи давомида бир неча бор ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган, тажовузкор ва таҳдидомуз ифода қулоққа яққол чалинади.Келиннинг сўзларига кўра, оила 3-томоннинг аралашуви билан ажрим ёқасига келган ва яраштириш мақсадида маҳалла раисига мурожаат қилишган. Маҳалла идорасида бўлган мулоқот жараёнида эса аёл ва унинг ота-онасига умуман оғиз очишга ҳақлари йўқлиги айтилиб, шундай таҳдид қилинган.

“Эримнинг калтаклашини айтганимда эса эримга қараб “ур, гап қайтарган хотинни уриш керак. Менам хотинимни ураман. Шунақа тепаман – зинадан учиб кетади” деб баттар қайради. Ярашишимиз керак бўлган жойда бу гаплар муносабатларимизга тескари таъсир қилди”, дейди аёл.

Абдусамад Муталов Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тизимидан чиққан – соддароқ айтганда собиқ ходим ҳисобланади.

Биламизки, маҳалла фаолларининг вазифаси – жамиятда тинчликни сақлаш, оилаларни яраштириш, ҳимояга муҳтожларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Аммо мазкур ҳолатда маҳалла раиси аксинча, аёлни таҳқирлаш ва руҳий босим остида қарор қабул қилишга мажбурлаётгани кўринади. Аёлнинг руҳий босим ва таҳдидлар орқали қарор қабул қилишга мажбур этилиши – бу нафақат ижтимоий, балки ҳуқуқий жиҳатдан ҳам жиддий хавф саналади.

Гулмира Тошниёзова,
Kun.uz

Мавзуга оид