Фермерларга ерни хитойликларга бериб юбориш билан таҳдид қилган амалдор лавозими кўтарилди, собиқ Бош штаб бошлиғи вафот этди, Ўзбекистонда биогаздан метан ишлаб чиқарилади – маҳаллий дайжест
Ўзбекистон Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги конвенцияга қўшилади. Косондаги хусусий боғчада 2,5 ёшли қиз вафот этди. Фермерларнинг ерини хитойликларга бериб юбориш билан таҳдид қилган амалдорнинг лавозими кўтарилди. Япония билан ҳамкорликда биогаздан метан ишлаб чиқарилади. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Ўзбекистон Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги конвенцияга қўшилади
Ядровий жавобгарлик режимида ядровий фалокат юз берган тақдирда Ўзбекистон халқига товон тўланиши таъминланади.
Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида «Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига Ўзбекистоннинг қўшилиши ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.
Ўзбекистон мазкур конвенцияга қўшилиши натижасида фуқаролик ядро объектларида содир бўлган ҳодисалар оқибатида етказилган зарар учун жавобгарлик режими, зарарни қоплаш тартиби, муддатлари ва тамойилларини белгилайдиган асосий нормалар татбиқ этилади. Шунингдек, ядровий жавобгарлик режимида ядровий фалокат юз берган тақдирда Ўзбекистон халқига товон тўланиши таъминланади.
Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади ядровий қурилма оператори томонидан бошқариладиган иншоотларда содир бўлган ҳодисалар натижасида юзага келган ядро зарари учун операторнинг жавобгарлигини, шунингдек, ядро зараридан молиявий ҳимояни таъминлаш учун минимал талабларни белгилашдан иборат. Муҳокама якунида сенаторлар томонидан қонун маъқулланди.
Фермерларнинг ерини хитойликларга бериб юбориш билан таҳдид қилган амалдорнинг лавозими кўтарилди
Ургут ҳокими ўринбосари Зуҳриддин Амонов Самарқанд вилояти Ветеринария бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
Қўмита раисининг буйруғи билан Зуҳриддин Амоновга бошқарманинг барча банк ва молия ҳужжатларига биринчи имзо қўйиш ҳуқуқи берилган.
Зуҳриддин Амонов яқиндагина фермерларга видеомурожаат қилиб, агар режани бажармаса, ерларини хитойликларга бериб юбориш билан таҳдид қилгани ортидан жамоатчилик эътиборига тушганди.
«Ҳурматли агрофирма раислари, ҳурматли масъуллар! Биз ҳали Хитойга борганимизни айтгандик, мана, хитойликлар келиб, ерларни кўришни бошлади. Экишни хоҳламаган, пиллани, ғаллани бажармаган, солиқ тўламаганларнинг ерини беришни бошлаймиз. Мана, сувли майдонларни оламан деяпти хитойликлар. 2 минг гектар майдонни кўрсатиб чиқяпмиз. Яна оламиз», деган у ўз видеомурожаатида.
Собиқ Бош штаб бошлиғи вафот этди
Ўзбекистон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи лавозимида фаолият юритган генерал-полковник Тўлқин Қосимов вафот этди.
Тўлқин Қосимов 1962 йилдан бошлаб 2003 йилга қадар Қуролли кучлар сафида хизмат қилиб, ҳарбий округ қўмондони, мудофаа вазири ўринбосари, Ўзбекистон Қуролли кучлари академияси бошлиғи ҳамда Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи каби лавозимларда фаолият олиб борган.
Хизмати давомида I-II даражали «Шон-шараф», «Қизил юлдуз» ва II-III даражали «Ватанга хизмати учун» орденлари ҳамда кўплаб медаллар билан тақдирланган.
Биогаздан метан ишлаб чиқарилади
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Азиз Абдуҳакимов ва Япониянинг Le One компанияси бош ижрочи директори Харуки Ямасаки ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида Япония томони Le One компанияси 2025-2030 йилларга мўлжалланган 4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант ютиб олгани ҳақида маълум қилди. Грант Япония энергетика ва саноатни ривожлантириш ташкилоти томонидан декарбонизация ва яшил энергия соҳасида илғор япон технологияларини илгари суришга қаратилган халқаро кўргазмали дастур доирасида тақдим этилган.
Лойиҳага кўра, Ўзбекистонда биологик чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида олинган биогаздан метан ишлаб чиқариш бўйича тажриба заводини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Ташаббус бир вақтнинг ўзида бир нечта экологик ва иқтисодий мақсадларга эришишга қаратилган.
Лойиҳа биогаздан муқобил энергия манбаи сифатида фойдаланишни назарда тутади, бу нафақат атроф-муҳитга тушадиган босимни камайтириш, балки чиқиндиларни бошқаришнинг қўшимча энергия тежамкор моделини яратиш имконини беради.
Косондаги хусусий боғчада 2,5 ёшли қиз вафот этди
Қашқадарё вилояти Косон тумани Ушоқтепа маҳалласидаги хусусий боғчада 2,5 ёшли қизалоқ вафот этди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 20 июн куни Лола Ҳақназаровага тегишли хусусий боғчада содир бўлган. 2,5 ёшли Зарина Иззатиллаевани эрталаб Лола Ҳақназарова уйидан боғчага олиб кетган. Кўп ўтмай унинг яқинларига қизалоқнинг тоби бўлмай қолгани ҳақида хабар берилган.
«Отаси Россияда эди. Онаси билан поликлиникага бордик. Шифокорлар болада ҳаёт нишони йўқ эди дейишди ва у экспертизага олиб кетилганини айтишди. Уйга бориб кутиб ўтирдик. Кейин хабар бўлгач экспертизадан мурдасини олиб келдик. Бизга бола машинада қолиб, димланиб ўлган дейишди. Бизни ҳозирча ҳеч ким ҳеч қаерга чақиргани йўқ», дейди Kun.uzʼга қизалоқнинг бувиси.
Бувининг қўшимча қилишича, болаларни боғча раҳбарининг ўзи ҳар куни Spark машинасида уйдан боғчага, боғчадан уйга ташиган. Ўша куни ҳам Заринани боғчага у машинада олиб кетган. Қизнинг бувисига кўра, ўша пайтда машинада 7-8 нафар бола бўлган.
Боланинг айнан нимадан вафот этгани ҳозирча маълум эмас. Kun.uz журналисти билан суҳбатлашган Ушоқтепа маҳалласи раиси ҳолатни тасдиқлаб, ҳозирда ишни прокуратура ўрганаётганини маълум қилди. Раиснинг айтишича, қизалоқнинг вафотидан сўнг хусусий боғча фаолияти тўхтатилган.
Мавзуга оид

22:58 / 25.06.2025
Блогер уйида тимсоҳ сақлаб келгани аниқланди, Ўзбекистон Швеция билан миграция соҳасида келишув имзолади, фуқаро оқланганидан сўнг ҳам 207 кун қамоқда ўтирди – маҳаллий дайжест

21:43 / 24.06.2025
Шавкат Мирзиёев Мўғулистонга борди, аттестациядан ўтказиб бериш эвазига пул сўраган шахс ушланди. Ерусти метросининг яна 6 та бекати вақтинча ёпилади – маҳаллий дайжест

21:59 / 23.06.2025
Уй сотиб олишда эскроу тизими жорий этилади, Хоразмда ҳоким ўринбосари 8 йилга қамалди ва Тошкентда 11 ёш қизни ток урди – маҳаллий дайжест

22:49 / 20.06.2025