Жаҳон | 09:34
1283
2 дақиқада ўқилади

Исроил Эрон Марказий банки ва қатор тузилмаларини «террорчилик ташкилоти» деб эълон қилди

Исраэл Кац Эрон молия институтлари ва мансабдор шахсларига қарши санкциялар тўғрисидаги фармонни имзолади.

Исраэл Кац Фото: Кнессет

Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Эрон Марказий банки, Эроннинг иккита банк муассасаси, ҳарбийларга алоқадор компания ва Эроннинг учта юқори мартабали амалдорини «террорчи ташкилот ва унинг аъзолари» деб белгилаш ҳақидаги фармонни имзолаганини айтди.

«Моссад ва Иқтисодий уруш миллий марказининг илтимосига кўра, мен Эрон Марказий банкини террорчи ташкилот деб белгилаш тўғрисидаги махсус буйруқни имзоладим. Бу қарор Эрон террорчи режимининг молиявий тизими юрагига зарба беришга қаратилган», деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Кац бу «янги иқтисодий санкциялар»га ишора қилишини таъкидлади, лекин уларнинг ўзига хос мазмуни ёки амалга ошириш механизмини аниқлаштирмади.

Унинг таъкидлашича, Эрон Марказий банки миллиардлаб долларни «ҳалокатли терроризм»га ўтказиш учун канал бўлиб хизмат қилади ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси орқали Эрон режими Ҳизбуллоҳ, ҳусийчилар, Ироқдаги шиа гуруҳлари, ҲАМАС ва босиб олинган Ғарбий соҳилдаги қуролли тузилмалар кўринишидаги «терроризмни» молиялаштиради.

«Биз оятуллоҳ режими энг катта зарар келтирадиган нуқталарга зарба берамиз — молиялаштириш ва логистика», — дея қўшимча қилди Кац.

Мавзуга оид