Иқтисодиёт | 15:45
3763
6 дақиқада ўқилади

ХВЖ Ўзбекистонда «солиқ юки»ни кенгайтиришни таклиф қилди. Иқтисодчи берилган тавсияларни кескин танқид қилди

Халқаро валюта жамғармаси 2020 йилдан бери ЯИМга нисбатан 2 фоиз пунктга камайган солиқ тушумларини уч йил ичида қоплаш учун Ўзбекистон ҳукуматига солиқ тизимини янада адолатлироқ қилишни тавсия қилди. Бу қатор имтиёзларни бекор қилиш ва айрим солиқ турларини оширишни ўз ичига олади. Иқтисодчи Юлий Юсупов бу тавсияларни танқид остига олди ва биринчи навбатда шиширилган ва тез ўсиб бораётган давлат харажатларини қисқартириш кераклигига урғу берди.

Фото: AP

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонни солиққа тортиш базасини кенгайтириш ва солиқ тушумларининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини тиклаш бўйича чоралар кўришга чақирди. Бу ҳақда ХВЖ миссиясининг мамлакатга ташрифи якунлари бўйича тайёрлаган хулосасида келтириб ўтилган.

«2025 йилги бюджет умуман олганда солиқ имтиёзларини кенгайтиради ва мавжудларини узайтиради. Бу эса солиқ базасининг ўсишини секинлаштиради ҳамда солиқ тушумларининг ЯИМга мутаносиб равишда ўсиш имкониятини чеклайди», дейилади ҳисоботда.

ХВЖ ҳукуматга келгуси уч йил мобайнида даромадларни оширишнинг ўрта муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш ва солиқ тизимини янада адолатлироқ қилишни тавсия қилди. Бу 2020 йилдан кейинги даврда ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизлик нуқтаси йўқотилишини қоплашга кўмаклашиши керак.

  • ХВЖнинг техник ёрдам бўйича тавсияларида қуйидаги таклифлар мавжуд:
  • акциз солиғини ошириш (масалан, спиртли ичимликлар, ёқилғи, транспорт воситалари ва шакар учун). Бу ЯИМнинг 1,1 фоизигача даромад келтиради;
  • инвестиция имтиёзларини камайтириш, даромадларга асосланган солиқ имтиёзлари ва фойда солиғидан озод қилишни қайта кўриб чиқиш. Бу ЯИМнинг 1,1 фоизигача даромад келтиради;
  • самарасиз божхона имтиёзларни бекор қилиш ва янги енгилликлар беришни тўхтатиш. Бу ЯИМнинг 3,2 фоизигача даромад келтиради.

«Солиқ тизимини адолатлироқ қилиш учун даромад солиғининг ҳозирги бир хил ставкасини прогрессив ставкага алмаштириш керак», дея қайд этилган ҳисоботда. 

«Ўзбекистон ҳали на ривожланган, на тўлиқ бозор иқтисодиётига ўтган давлат»

Иқтисодчи Юлий Юсупов Халқаро валюта жамғармаси тавсияларини кескин танқид остига олди.

«Мутахассис сифатида алоҳида шахслар ва тармоқларга бериладиган имтиёзлар тўлиқ барҳам топиши кераклигига тўлиқ қўшиламан. Чунки бундай имтиёзлар бозор механизмларининг тўғри ишлашини издан чиқаради, коррупция ва рақобатни чекловчи муҳитни шакллантиради.

Бироқ, ХВЖ томонидан бюджет даромадларини ошириш зарурати борасида билдирилган фикрлар ҳайрат уйғотади. Уларнинг таъкидлашича, 2020 йилдан буён ЯИМга нисбатан бюджет тушумлари камайган ва буни қоплаш лозим экан. Аммо Осиё тараққиёт банки (ОТБ) маълумотларига қаралса, бундай камайиш кузатилмаган: 2020 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари ЯИМнинг 26,9 фоизини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 30,5 фоизга етган. Шуниси ростки, давлат харажатлари бундан ҳам кўпроқ ўсди — 29,1 фоиздан 35,5 фоизгача. Албатта, бюджет тушумлари ўсиши давлат харажатлари суръатига етмаяпти, бу эса бюджет тақчиллиги ва давлат қарзининг ошиб боришига олиб келяпти. Савол туғилади: бундай вазиятда, иқтисодиёт зиммасига тушаётган солиқ юкини янада ошириш керакми ёки, аксинча, шиширилган ва тез ўсиб бораётган давлат харажатларини қисқартириш лозимми?» дея ёзди Юсупов. 

Иқтисодчига кўра, Халқаро валюта жамғармасининг бюджет мувозанатини сақлаш учун солиқ юкини ошириш кераклиги ҳақидаги фикрлари макроиқтисодий назария нуқтайи назаридан тўғри, аммо Ўзбекистон ҳали на ривожланган, на тўлиқ бозор иқтисодиётига ўтган давлат.

«Аввало, Ўзбекистон иқтисодиёти камбағал, ЯИМнинг ҳар бир аҳолига тўғри келувчи ҳажми 3000 доллар атрофида. Бунинг устига иқтисодиёт назариясида аниқ қонуният бор: мамлакат қанчалик камбағал бўлса, у шунчалик кам бюджет-солиқ юкини кўтара олади. Агар, у ривожланган давлатлар қаторига чиқишни истаса. Чунки ЯИМда давлат харажатлари улушининг юқорилиги – бу бизнес учун катта харажатлар ва унинг рақобатбардошлиги паст бўлиши, демакдир.

Ўзбекистонда эса давлат харажатларининг ЯИМга нисбатан улуши Ғарбий Европа давлатларига яқин – 40 фоиздан юқори. Агар корхоналарнинг квазифискал харажатларини ҳам инобатга олсак, бу рақам янада ортиб кетади. Ҳолбуки, бой Шарқий Осиё давлатларида бу кўрсаткич 1,5–2 баробар паст. Қолаверса, муваффақиятли ривожланаётган камбағал давлатларда ҳам бундай даража кузатилмайди.

Иккинчидан, Ўзбекистонда ҳамон тўлиқ бозор иқтисодиёти шаклланмаган. Чунки муҳим қарорларни хусусий сектор ва бозор эмас, мансабдорлар қабул қилади. Улар бунинг учун улкан давлат харажатларидан, имтиёзлардан, субсидиялардан, солиқлар ва божлардан, шунингдек, имтиёзли кредитлардан фойдаланади. Ва мансабдорлар харажат қилиши ва «ўзлаштириш» имконияти бўлган маблағлар қанча кўп бўлмасин, улар учун доимо камлик қилади.

Энг асосийси, уларнинг фаолияти устидан жамият томонидан самарали назорат мавжуд эмас, мувозанат ва тийиб туриш механизмлари ҳам ишламайди. Бу эса давлат харажатларининг чексиз ўсишига олиб келади. Натижада, бу харажатлар солиқ юки ва давлат қарзи орқали иқтисодиёт зиммасига юкланади», дея ёзди у.

Юсупов Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишни жадаллаштириш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш зарур деб ҳисоблайди:

  • давлат харажатларини кескин қисқартириш (1,5–2 баробар), айниқса иқтисодий харажатларни;
  • давлатнинг мулкчиликдаги улушини кескин камайтириш;
  • солиқ ва қарз юкини тушириш, бизнес харажатларини камайтириш ва маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш;
  • импорт учун божлар ва нотариф тўсиқларни қисқартириш, алоҳида шахслар ва тармоқлар учун берилган имтиёзларни бекор қилиш (рақобат муҳитини кучайтириш ва мансабдорлар томонидан сунъий яратилган монополия ва коррупция манбаларини йўқ қилиш учун);
  • давлатнинг иқтисодиётдаги вазифаларини кескин қайта кўриб чиқиш. Мансабдорларни бизнесдан узоқлаштириш, бозор механизмлари ва рақобат муҳитини бузишларига қатъий чек қўйиш лозим.

«Шундай ҳолда, ХВЖ нима тавсия қилмоқда? Албатта – солиқ юкини янада оширишни! Бу – умумий макроиқтисодий қоидаларни мамлакатнинг институционал ва тарихий хусусиятларини ҳисобга олмасдан механик тарзда қўллашнинг натижасидир», дея хулоса қилган Юсупов. 

Мавзуга оид