Спорт | 11:59
7954
11 дақиқада ўқилади

Винисиус «Реал»ни биринчи ўринда олиб чиқди, «Сити» «Ювентус»га 5 та гол урди

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида гуруҳ ўйинлари якунланди ва нимчорак финалнинг барча жуфтликлари маълум бўлди.

«Реал» ўйинида Алонсонинг имзоси сезилмоқда

КЖЧ. Н гуруҳи. 3-тур. 26 июн
«Залцбург» – «Реал» 0:3
Голлар:
Винисиус (40), Валверде (45+3), Гонсало Гарсия (84).
«Залцбург» – Зависшитски, Лайнер, Гаду, Расмуссен, Кратзиг, Нене (С.Байду, 89), Диабате (Вертессен, 73), Диамбу (Кёргор, 46), Глуҳ, E.Байду (Онисиво, 89), Ратков (Дагим, 46).
«Реал» – Куртуа, Трент, Рюдигер (Рамон, 66), Ҳаусен, Фран Гарсия, Чуамени, Беллингҳэм (Диас, 82), Гулер (Модрич, 66), Валверде (Себалос, 74), Винисиус (Родриго, 66), Гонсало Гарсия.

«Ал Ҳилол» – «Пачука» 2:0
Голлар:
Салим ад Досари (22), Леонардо (90+5).
«Ал Ҳилол» – Буну, Канселу (Ал Ями, 86), Томбакти (Лажами, 76), Кулибали, Лоди (Ал Ҳарби, 71), Невеш, Миликович-Савич, Носир ад Досари (Канно, 76), Малком (Ал Жувайр, 87), Салим ад Досари, Леонардо.
«Пачука» – Хурадо, Баррето (Гонсалес, 57), Бауерманн, Перейра, Хосабед (Эрнандес, 77), Монтиэл, Палавечино (Педраса, 77), Ачевес, Домингес (Уртадо, 57), Кенеди (Баутиста, 63), Рондон.
Огоҳлантиришлар: Баррето (17), Домингес (45+2), Лоди (45+4), Кулибали (52).
Огоҳлантиришлар: Лоди, 45. Кулибали, 52 – Баррето, 17. Домингес, 45

Ҳаби Алонсо ҳал қилувчи ўйин олдидан «Реал» кейинги босқичга чиқишига ишонч билан гапирди, у гуруҳ босқичидаги бирорта ўйинда ҳам қайдномага киритилмаган Мбаппе ҳақидаги саволга жавоб бераркан, шундай деди: «Уни машғулотларда кўришдан мамнун бўлган бўлардик, аммо биз у 1/8 финалга тайёр бўлишини афзал кўрамиз».

«Залцбург»га қарши ўйин стартидаёқ мадридликлар тўлиқ куч билан олдинга ташланиб, январ ойида Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида ушбу жамоага қарши ўтган учрашув натижасини такрорлашни хоҳлаётганини намойиш этишди. Охирги йилларда Австрия гегемони мақомини йўқотиб бораётган жамоа ўша ўйинда 5:1 ҳисобида тор-мор этилганди. Ўша ўйинда футболчиларни «Реал»га қарши ўйинга бошлаб тушган, жамоани инқироздан чиқариш учун чақирилган Томас Леч янги лавозимда иш бошлаганига атиги бир ой бўлганди. Кейин эса ушбу мутахассис «Залцбург»ни бешинчи ўриндан иккинчи ўринга кўтарди ва ЕЧЛ саралаш босқичидаги иштирокни кафолатлади.

Аммо ички аренадаги натижалар «Реал» билан қарама-қаршиликда натижа кўрсатиш учун етарли бўлмайди. Ҳимояни яхши ташкил этиш ва вақти-вақти билан рақиб мудофаасига босим уюштириш мумкин, аммо бундай ўйин якунини олдиндан тахмин қилиш осон. Винисиус Жуниор яккама-якка вазиятдан фойдалана олмаган бўлса-да, муқаррар натижани фақат бироз кечиктирди. Бразилиялик футболчи иккинчи имкониятидан фойдаланди ва бу сафар ҳам унга Беллингҳэм ажойиб пас берди. Вини эса бир финт билан ҳимоячини йўлдан олди ва жарима майдони чизиғида туриб ерлатиб зарба йўллади.

Қаймоқранглиларнинг иккинчи голи — қарши прессинг ажойиб иш бериши натижаси бўлди. Жамоа ўйинида Алонсонинг чизгилари аллақачон сезилмоқда. Винисиус эса бир вақтлар Гутини машҳур қилган ҳаракатни такрорлаб, тўпни дарвозага йўллаши мумкин бўлган ҳолатда товони билан ортдаги жамоадоши, идеал позицияга очилаётган Валвердега қолдирди.

Шу куни иложсиз кўринган «Залцбург» онлайн жадвалда иккинчи поғонани «Ал-Ҳилол»га бўшатиб берди. Симоне Индзаги бошқарувидаги жамоа гуруҳдан чиқиш имкониятини аллақачон йўқотган «Пачука» билан ўйинда яққол кучлилик қилди, саудияликлар жамоасининг биринчи бўлим якунларига кўра устунлигини Ал-Довсарилар таъминлади. Носир ассистентлик ролини бажарди, «Ал-Ҳилол» сардори Салим эса тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлади.

Иккинчи бўлимда саудияликлар жамоаси ўзининг янги бош мураббийига хос прагматизм намойиш этди. «Реал» эса бу вақтда бироз сустлашди ва «Залцбург» бир неча яхши ҳужумлар уюштириб, камида битта голга ҳақли ўйин кўрсатди. Фақат гуруҳдан чиқиш учун икки гол уриш ва гол ўтказмаслик талаб этиларди, мадридликлар эса, дуранг натижага рози эмасди. Майдондаги воқеалар Алонсони сергак торттирди ва у нафақат позициялар бўйича алмаштиришлар қилди, балки Леверкузенда бўлгани каби схемани уч марказий ҳимоячи асосига қурди. Бунинг учун у Тшуаменини ҳимоячига айлантирган Карло Анчелоттига миннатдорчилик билдирса арзийди.

Гонсало Гарсияни ҳам айнан италиялик мутахассис асосий жамоага жалб қила бошлаганди. Лекин бу Алонсо ўзидан олдинги мураббийнинг багажидан фойдаланаётганини англатмайди. 21 ёшли форвард Анчелотти даврида жуда кам ўйин амалиётига эга бўларди, АҚШдаги турнирда эса Мбаппенинг бетоблиги туфайли жамоанинг асосий марказий ҳужумчисига айланди. «Ал-Ҳилол»га гол, «Пачука» билан ўйиндаги голли узатма ва учинчи тур ўйинида якуний натижани ўрнатиш — Гарсия ҳар турда ўз номини протоколга ёздириб қўймоқда. Унинг навбатдаги муваффақиятидан кейин «Залцбург»да фақат  «Пачука»дан умид қилиш варианти қолганди.

Ва мексикаликлар ёрдам бериб юбориши ҳам мумкин эди, иккинчи бўлим давомида Буну қўриқлаётган дарвоза олдида бир неча марта парокандалик юзага келди. «Пачука» ҳисобни тенглаштирганида, жамоа дарвозабони кун қаҳрамонига айланган бўларди, у ҳисоб 1:0 эканида яккама-якка вазиятга чиқиб келган Маркос Леонардога гол уришига йўл қўймаганди. Аммо сўнгги сўзни барибир қўшимча дақиқаларда гол урган ушбу бразилиялик ҳужумчи айтди. «Ал-Ҳилол» — гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқди ва 1/8 финалда «Манчестер Сити»га рўбару бўлади. «Реал»ни эса «Ювентус» билан ўйин кутмоқда.

«Шаҳарликлар» ёрқин ғалабага эришиб, гуруҳ пешқадамига айланди

G гуруҳи
«Ювентус» — «Манчестер Сити» 2:5
Голлар:
Копмейнерс (11), Влаҳович (84) — Доку (9), Калулу (26, автогол), Ҳоланд (52), Фоден (69), Савинио (75).
«Ювентус» — Ди Грегорио, Калулу, Савона (Гатти, 60), Келли, Кошта (Камбиязо, 57), Локателли (Тюрам, 57), Маккенни (Ажич, 83), Костич, Гонсалес, Копмейнерс (Йилдиз, 57), Влаҳович.
«Манчестер Сити» — Эдерсон, Нунеш, Диаш, Аканжи, Айт-Нури (O'Райли, 75), Родри (Гундўған, 66), Силва (Шерки, 75), Рейндэрс, Савинио, Мармуш, Доку (Фоден, 66).
Огоҳлантириш: Калулу (64).

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати сўнгги турига плей-офф репетицияси сифатида қараш ҳам мумкин. Айтиш мумкинки, «Ювентус» ва «Сити» учун турнирнинг бу босқичи амалда пайшанба куни бошланди, чунки G квартетидан иккинчи ўрин билан чиқадиган жамоа 1/8 финалда «Реал»га қарши ўйнаши, ғолибга эса — «Залцбург» ва «Ал-Ҳилол»дан бири рақиб бўлиши эҳтимоли юқори эди. Шунга қарамай, плей-оффга чиқиб бўлган жамоалар рақиб танлаш учунгина барчасини ўртага ташлаши ҳам аҳмоқлик бўларди. Шунинг учун кичик жароҳати бўлган Ҳоланд ўйинни захира ўриндиғида бошлади, шу билан бирга, Родри сентябр ойидан буён илк бор бошланғич таркибда майдонга тушди. «Ювентус»да эса асосий ҳужум учлиги алмаштирилди. Бундан ташқари, мавсумни ижара асосида «Фенербаҳче»да ўтказган Костич бу мавсумда бянконерилар учун ўйнади.

Ўйинни икки томон ҳам дадил ҳаракатлар билан бошлади. Илк дақиқалардаёқ «Сити»нинг ёздаги харидларидан бири Айт-Нурининг жарима майдонига узатмаси билан ҳисоб очилиши мумкин эди, аммо бироз ўтиб у барибир ассист муаллифига айланди. Унинг узатмасидан Доку унумли фойдаланиб, тўп билан жарима майдонида эркин ҳаракат қилди ва олис бурчакни аниқ нишонга олди.

Кейин эса футболчилар навбати билан қовун тушира бошлади. Аввалига одатда оёқда жуда яхши ўйнайдиган Эдерсон тўпни ўз дарвозасига киритиб юборди. Кейин эса туринликлар сафидаги Калулу қанотдан оширилган тўпни ўз жамоаси дарвозасига йўллаб қўйди, ҳолбуки ҳимоячининг ёнида рақиблардан ҳеч ким йўқ эди. У тўпни шунчаки ўтказиб юбориши ёки тўхтатиб олиши ҳам, уни шунчаки майдон ташқарисига чиқариб юбориши ҳам мумкин эди.

Бу хатодан кейин «Сити» ҳисобда олдинга чиқиб олди ва тўпни рақиб жарима майдони яқинида олиб юриш билан машғул бўлди. «Ювентус» худди ютаётгандек бор эътиборни ҳимояга қаратди. Биринчи бўлим охирида эса кучли ёмғир ва шамол бошланди. Трансляцияда майдондаги футболчилар кўринмай ҳам қолди. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтинчи ўйин ҳам чақмоқ туфайли тўхтатилиши хавфи пайдо бўлди.

Кўп ўтмай вазият яхшиланди, лекин кучли жала ўйинга таъсир қилмай қолмаганди. Танаффус арафасида Мармуш бурчакдан тўпни кўнгилдагидек ошира олмади, Локателли эса тўпни жарима майдонидан узоқлаштиришда муаммога дуч келди.

Иккинчи бўлим Мармуш ўрнига Ҳоланд тушиши билан бошланди, норвегиялик ҳужумчи тўпга илк тегинишидаёқ гол уриши мумкин эди. Лекин у бир неча дақиқа ўтиб барибир ўз номини таблога ёздириб қўйди. Ҳисоб 3:1 кўринишига ўзгаргач, «Ювентус»да амалда ғалаба имкон қолмади. Савонанинг жароҳати италянларнинг ҳолатини янада оғирлаштирди. Ушбу ҳимоячи Ҳоланд билан тўп учун курашда оёғини қайириб олиб, майдонни шифокорлар кўмагида тарк этишга мажбур бўлди.

«Сити» ўйинни сусайтирмади ва том маънода рақибни таслми этди. Инглизларнинг тўртинчи голи рақибни шунчаки масхара қилишга айланди. Ҳоланд, Савинио ва Фоден рақиб жарима майдонида осонлик билан пас ўйнаб, ҳужумни бўш дарвозани ишғол этиш билан якунлашди. Кейин эса Савинио ўзи гол урди — у тўққизлик томон зарба йўллади ва тўп тўсинга тегиб, тўрга йўл олди. Орландодаги стадионда бразилиялик футболчи голини нишонлаётганида Samba de Janeiro қўшиғи янгради. Влаҳовичнинг ўйин охиридаги жавоб голи эса «Сити»нинг оқшомини буза олмади — 5:2. Инглизлар уч ўйинда уч ғалабага эришиб, гуруҳда биринчи ўринни эгаллади ва нисбатан осон рақиб, «Ал-Ҳилол»га эга бўлди, иккинчи ўрин билан чиққан «Ювентус» «Реал» билан ўйнайди.

Плей-офф сеткаси

«Сити» ва Ҳусанов нисбатан осон йўлда, «Реал» ҳамда «ПСЖ»дан эса фақат биттаси финалга чиқиши мумкин.

Мавзуга оид