Жаҳон | 17:57
1023
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда ОАВ ходимларига байрам муносабати билан 66 та уй топширилди

Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан «Қозоғистон Президенти ташаббуслари жамғармаси» томонидан медиа соҳасида ишлайдиган 66 нафар ходимга квартира совға қилинди. «Бу фуқароларга ижтимоий кўмакни кучайтиришга қаратилган давлат сиёсатининг бир қисмидир», деган Тўқаевнинг маслаҳатчиси.

2025 йил 28 июнь куни Остона шаҳрида Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Президенти ташаббуслари жамғармаси — «Дара» фонди томонидан мамлакатда фаолият юритаётган ОАВ ходимларига Қосим Жўмарт Тўқаев номидан квартиралар берилди.

«Медиа соҳаси вакилларини уй-жой билан таъминлаш ташаббуси фуқароларга ижтимоий кўмакни кучайтириш ва жамиятда барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли давлат сиёсатининг бир қисмидир», дейилади фонд хабарида.

Маълум қилинишича, Қозоғистонда 2023 йилда 5 та давлат ОАВдан 65 нафар ходимга бепул мулк топшириш шартномаси асосида квартира берилган. 2024 йилда эса 68 та квартира, 2025 йилда яна 66 нафар турли медиа соҳаси ходимларига янги уйлар топширилди.

Шунингдек, Тўқаевнинг маслаҳатчиси – Президент матбуот котиби Руслан Желдибай ОАВ вакилларини касб байрами билан табриклади:

«Учинчи йилдирки, давлат раҳбари Қосим Жўмарт Тўқаев топшириғига биноан ушбу тадбир анъанавий тарзда ўтказилмоқда. Бу эса президент маҳаллий ОАВ ходимларини доимий қўллаб-қувватлашини намоён этади. Бу йил уй фақат журналистларгагина эмас, балки режиссёрлар, операторлар, корректорларга ва бошқа медиа мутахассисларига ҳам берилмоқда. Шунингдек, ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди — уй эгаларининг орасида кўп фарзандли оилалар ва ногирон фарзандли оилалар ҳам бор. Касбдошларим муваффақиятидан чин дилдан хурсандман ва юракдан муборакбод этаман», — деди Руслан Желдибай.

Уй-жой сертификатларига Қозоғистоннинг давлат ОАВлари, шу билан бир қаторда хусусий ОАВлари ходимларига ҳам берилган. Квартира эгаси бўлганлар орасида корректорлар, операторлар, муҳаррир ва режиссёрлардан тортиб сифатли маҳсулоти яратилишини таъминлаётган профессионал журналистларгача бор.

Эслатиб ўтамиз, кеча 27 июн — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистонда ҳам «Олтин қалам» миллий мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтган эди.  

Мавзуга оид