Жаҳон | 14:10
930
2 дақиқада ўқилади

Трансафғон лойиҳаси 2027 йилда ишга туширилиши режалаштириляпти

Афғонистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари шу йил Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган "Марказий Осиё – Ҳиндистон" форматидаги вазирлар учрашуви якунларини кенг ёритди.

Фото: Kun.uz

Жумладан, ушбу мамлакатнинг Afghanistan milliy TV ва Ishonch TV телеканаллари ҳамда Tolo news ахборот агентлиги томонидан мазкур тадбирга бағишланган теледастурлар ва мақолалар эълон қилинди.

Tolo news ахборот агентлиги тарқатган мақолада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Деҳлида бўлиб ўтган "Марказий Осиё –Ҳиндистон" тўртинчи вазирлар учрашуви ва ишбилармонлар кенгаши йиғилишида Трансафғон лойиҳаси минтақа мамлакатлари учун муҳимлигини таъкидлагани қайд этилган.

"Ўзбекистон ТИВ раҳбари мазкур лойиҳа Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги энг қисқа транспорт йўналишига айланиши ва минтақа давлатларининг савдо-сотиқ ҳажмини оширишга замин яратиши мумкинлигини айтиб ўтди", – дейилган нашрда

Мақолада ёзилишича, мазкур лойиҳа Афғонистон ҳудуди бўйлаб 573 километрни ташкил этади ва мамлакат лойиҳанинг амалга оширилишидан манфаатдор. "Маҳаллий иқтисодий экспертлар, Трансафғон лойиҳасининг амалга оширилишини савдо, транзит ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим қадам деб ҳисобламоқда. Хусусан, иқтисодий таҳлилчи Мир Шокир Ёқубийнинг айтишича, ушбу лойиҳа Афғонистонни минтақадаги иқтисодий аҳамиятини оширади ва қўшни давлатлар билан савдо алоқаларини мустаҳкамлайди. Афғонистоннинг бир нечта чекланган портларга қарамлигини камайтиради ва йирик глобал бозорлар ва портларга киришни осонлаштиради".

Афғонистон ОАВ Трансафғон лойиҳаси Марказий ва Жанубий Осиёни дунёнинг бошқа минтақалари билан транзит орқали боғлашга қаратилганини, унинг қиймати салкам 7 миллиард АҚШ долларига баҳоланаётганини ва лойиҳа 2027 йилда ишга туширилиши режалаштирилганини маълум қилган.

Мавзуга оид