Blue Origin капсуласи 6 нафар турист билан суборбитал парвозни амалга оширди
Суборбитал парвоз давомийлиги қарийб 10 дақиқани ташкил этади. New Shepard космик кемасида туристик парвоз нархи 500 минг доллар атрофида баҳоланади.

Фото: Blue Origin
New Shepard космик кемаси олти нафар турист билан 29 июн, якшанба куни суборбитал парвозни амалга оширди. Бу ҳақда Blue Origin компанияси хабар берди.
NS-33 экипажи таркибидан экофаол Элли Кюнер ҳамда унинг турмуш ўртоғи — Building and Land Technology компанияси директорлар кенгаши раиси Карл Кюнер, филантроп ва транспорт компанияларининг собиқ раҳбари Леланд Ларсон, бизнесмен кичик Фредди Рескино, юристлар Оволаби Салис ҳамда Жим Ситкин ўрин олди.
New Shepard Техас штатида ғарбидаги Ван-Хорн шаҳри яқинидаги Corn Ranch майдончасидан старт олди. Парвоз 10-11 дақиқа давом этди.
Тижорий парвозлар учун яратилган кўп марталик New Shepard ракетаси 18 метрли бир поғонали ташувчига ва олти кишига мўлжалланган тушувчи капсулага эга. У авариявий қутқарув тизими ва парашютлар билан жиҳозланган.
110 сония давом этадиган вертикал кўтарилишдан кейин тушувчи аппарат ташувчидан ажралиб, инерция бўйича тахминан 105 километргача баландликка чиқади. Умумий ҳисобда ичида космик туристлар бўлган капсула парвознинг энг юқори нуқтасида уч дақиқага яқин қолади.
Шундан кейин капсула парашют тизимлари ёрдамида юмшоқ қўнишни, NS-5 ташувчи ракетаси эса мустақил қўнишни амалга оширади.
New Shepard космик кемасида туристик парвоз нархи 500 минг доллар атрофида баҳоланади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июл ойида миллиардер Жефф Безос шахсан Blue Origin компаниясининг New Shepard ракетасида коинотга учганди. Ўшанда у билан бирга бортда унинг акаси Марк, 82 ёшли учувчи Уолли Фанк ва 18 ёшли нидерландиялик Оливер Дэмен бўлган. Жорий йилнинг феврал охирларида Blue Origin капсуласи космосга туристик парвозни муваффақиятли амалга оширганди. Апрел ўрталарида эса Blue Origin компанияси фақат аёллардан иборат экипаж билан New Shepard ракетасини учиришга муваффақ бўлди.
Мавзуга оид

20:54 / 14.04.2025
Blue Origin фақат аёллардан иборат экипаж билан суборбитал парвозни муваффақиятли амалга оширди

01:29 / 26.02.2025
Blue Origin капсуласи космосга туристик парвозни муваффақиятли амалга оширди

17:19 / 16.01.2025
Жефф Безоснинг Blue Origin компанияси илк бор New Glenn оғир ракетасини орбитага учирди

23:29 / 13.01.2025