Оҳангарондаги сув тақчиллиги: фермерлар каналдаги қўшимча қулоқлардан норози
Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ, Пискент ва Оҳангарон туманларига режа-график асосида 5 кундан сув бериляпти. Kun.uz таҳририятига мурожаат қилган оҳангаронлик фермерларга кўра, муаммо 5 кунлик навбатда эмас, балки канал бўйлаб очиб олинган 21 та ноқонуний қулоқларда. Шу сабабли, ер майдони канал охирида жойлашган ўнлаб фермерларга сув етиб бормаяпти. Канал эса тозаланмаган.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг бир гуруҳ фермерлари сув тақчиллиги муаммоси билан юзлашган. Туман ҳудудидан оқиб ўтадиган Ялпоқтепа канали тўсиб қўйилган. Беш кунлик навбат ортидан деҳқончилик орқага кетган. Қорахитой маҳалласи собиқ раиси Қўчқор Пўлатовнинг айтишича, 45 йил деганда биринчи марта навбат пайдо бўлди.
«Бу каналимиз 1980-йилларда барпо этилган. Аввал унга 9 куб сув кетарди. Ҳозирги долзарб пайтда каналимиздан навбат қилиб, беш кун у зона ишлатади, беш кун бу зона ишлатади. Фермерларимизнинг деҳқончилиги бутунлай орқага кетди. Цемент заводи орқасида катта ерлар бор, мана фермерларнинг ўзлари ҳам турибди. Уларга режа ҳисобланади. Сув бўлмагандан кейин режа қаердан бўлади? Мана 3 кун бўлди ўчганига», – дея вазият ҳақида айтади у.

Пўлатовнинг сўзларига кўра, яқинда 3 куб сув берилган. У фермерларга етиб бормаган. «Мен 2025 йил 14 январ куни Оҳангарон туман ҳокимига каналнинг аҳволини кўрсатдим. Лекин ундан кейин ҳеч ким қизиқмади. Фермерларимизга жуда оғир, чилла кирди, далалар сув ичмаса улар режани қандай бажаради?
Фермерларимизга сув уч кунда етиб боради. Канални тозаласа, сув ҳаммага етган бўларди. Ундан 20 минг аҳоли фойдаланади. Бу ариқдан бу ариққа сув олаверсак, фақат ариқ суғорамиз, ё деҳқон бўлмайди, ё униси», – дейди Қўчқор Пўлатов.
Фуқароларнинг айтишича, узунлиги 32 км бўлган канал охирги марта 2015 йилда тозаланган. Каналнинг ҳозирги ҳолати чиндан ҳам оғир, ҳамма хоҳлаганича сув йўлини тўсиб олган.

Шахсини сир тутишни сўраган фуқарога кўра, сувчиларнинг ўзи одамларга ноқонуний қулоқлар очиб беряпти. Натижада фермерларнинг 750-800 гектар ерига сув бормаяпти.
«Канал қурилишида 4664 гектар ер сув ичади деб лойиҳа қилинган. Сув билан таъминланади дейилган. Бу ерни суғориш учун 33 та қулоқ қўйилган. Кейин эса булар қўшимча 21 тага рухсат берган. Энди сув чиқмайдиган ерларга ҳам насос ўрнатиб, сув тортиб оляпти.
Шу гапни очиқ айтаман, масъулларнинг хабари бор. Оҳангарон туманида сув тизими умуман издан чиққан. Сув бор, уни тўғри тақсимлаш йўлга қўйилмаган. Назорат ўрнатилмаган. Мана кўрдингиз, қанча сув сойга тушяпти. Агар сувчилар дамбаларни қўймасдан, назоратни тўғри олиб борганда, бунақа сув муаммоси бўлмасди. Сувчилар масалан 10 гектарга 10 литр сув бериши керак бўлса,10 гектар ерга керак бўлса 50 гектар ернинг сувини ҳам беради.
Аслида каналга, зовурга умуман тўғон қўйиш мумкин эмас. Бу жиноят ҳисобланади. Бу бўйича маъмурий жавобгарлик бор кодексда. Шундан кейин фермерлар шартнома режаларини бажара олмаяпти. Сув тежовчи технологиялар қилинган. Давлатдан субсидиялар олинган.
Президентнинг қарорида ёзилган. Биринчи навбатда сув тежовчи технологиялар қилган фермерларга сув етказиб бериш кераклиги айтилган. Лекин бу гаплар чеккада қолиб кетяпти. Фермерларимиз таниш-билишчилик, ўз вазифасини бажармаслик, ноқонуний қулоқлар очилиши туфайли куйиб қоляпти. Тошкент вилояти, Оҳангарон, Далварзин деймиз, сув ҳавзаси бор. Бошлиғи Қурбонов, у умуман вазифасини бажармайди», - дейди суҳбатдош.
Каналнинг энг охирги нуқтасида, сув етиб бормаётган ерлардаги фермерлар сув йўқлигидан ҳосил камайгани, экинлар ривожланмаётганини айтиб беришди.
«Биз бошланишига чорвачилик учун 180 гектар, 2014 йилда эса ҳоким қарорига асосан 70 гектар шартли сувли ер майдони олдик. 2023 йилда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида Германиядан ёмғирлатиб суғориш ускунасини сотиб олиб, уни 100 гектар ер майдонда жорий этдик. Шу йилда одатий суғориш усулида бир гектар ердан 15 центнергача, ёмғирлатиб суғоришда эса 30 центнергача буғдой ҳосили олдик.
Жорий йил апрелида туман сув етказиб бериш корхонаси билан шу сувга шартнома тузганмиз. Сув етиб келиши қийинлашди. Олган бўлсак, апрел-май ойларида бир кун ёки икки кун сув олганмиз. Мана ёмғирлатиб суғориш учун 4000 куб сув кетадиган ҳовуз ташкил қилганмиз. Агар сув тинимсиз келиб турса, ҳовуз 2 кунда кунда тўлади», – дейди “Bekzod-Sherzod faxr” фермер хўжалиги раиси Бекзод Эгамбердиев.

Унинг айтишича, масъуллар сув 5 кунлик график асосида берилиши ҳақида огоҳлантирмаган.
«Ўтган ҳафта график бўйича биз сув олишимиз керак эди, 1-2 кундан кейин ёпиб қўйишди. Кейин билсак, шу Ўрта Чирчиқ туманига пахтага сув етмаётгани сабабли, сувни у ерга ҳайдаш буюрилган экан», – дейди фермер.
50 гектар ерга беда экиб, 2 мингта зотдор қўй боқаётган “Hisorment” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Файзиддин Шайдуллаев ҳам сувдан қийналаётганини айтиб берди.
«Бедани апрел ойидан бери бир марта суғордик. Масалан, суғориш ўз ўрнида бўлса, шу кеча-кундузгача учинчи ўримни ўриб олишимиз керак эди. Ҳозир иккинчиси ҳам тайёр бўлмади. Агар мана шу кетиш бўлса, иккинчисини ҳам ўра олмаймиз. 20 сантиметрда тўхтаб қолган.
Биринчи ўримни ёмғир ҳисобига ўриб олганмиз. У билан қўйларни қишдан чиқара олмаймиз-да. Оҳангаронда қиш кўпроқ бўлади. Баҳоргача камида 17-18 мингта беда пресс йиғишимиз керак», – дейди у.

Зотли сигирлар боқаётган фермер Улуғбек Комиловнинг айтишича, келаётган сув ерга нисбатан жуда кам.
«Давлатдан 5,5 млрд сўм кредит олганмиз, 28 гектар ер майдонида маккажўхори экдик, бу йил буғдой, арпаларимиз биз кутган ҳосилни бермади», –дейди Комилов.

Оҳангарон туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори Абдулазиз Алиқулов ҳолат юзасидан изоҳ берди.
«Беш кунлик график ишлаб чиқилган. Чунки сув танқис ҳозирги кунда, беш кун ҳаммага етказиб бериляпти. Ҳамма графикка рози. График вақтида очилиб, вақтида ёпиб турибди. Ҳозирги кунда бизда душанба куни график бўйича беш кун ёпилган. Шанба куни очилади», – деди у.

Алиқулов каналдаги ҳолат танглигини тан олиб, уни яхшилаш учун Сув хўжалиги вазирлигига лойиҳа киритилганини айтди. У бир ҳафта ичида канал тўлиқ тозаланишига ваъда берди.
Ушбу масала юзасидан Ялпоқтепа каналига сув етказиб берувчи Оҳангарон-Далварзин ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Нодир Тўлаганов билан боғландик. Унинг айтишча, табиий манбалар ҳисобланган 6-7 та сойда ҳозир сув йўқ. «Бу йил икки ойча ёғингарчилик бўлмади. Сув танқис, сув кўпайса, 5 кунлик график тақсимотдан воз кечилади», – дейди Тўлаганов.
У яқин вақтлар ичида Оҳангаронга сув очилишини билдирди. Аммо канал тозаланишидан ва ноқонуний қулоқлар бартараф этилишидан ҳали дарак йўқ.
28 июн куни Тошкент вилояти сув хўжалиги бошқармаси вакили Kun.uz мухбири билан боғланиб, фермерларга сув берилгани, ноқонуний қулоқлар ёпилганини айтди. Таҳририятга мурожаат қилган фермерлар эса сув бўлимидагилар ноқонуний қулоқларни ёпишга рухсат бермагани, қулоқларнинг эгалари ҳам бунга қаршилик кўрсатгани, канал ҳам тозаланмаганини айтиб берган. Дарёдан каналга сув очишни ҳам фермерлар ўзи техника олиб келиб амалга оширишига тўғри келган. Каналга сув очилганидан кейин ҳам ҳажми етарли бўлмагани туфайли канал охиридаги майдонларда аҳвол оғирлигича қолмоқда.

Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz
Мавзуга оид

17:15 / 10.06.2025
“Экишни хоҳламаганларнинг ери хитойликларга берилади” – Ургутда фермерлар шундай огоҳлантирилди

13:31 / 28.05.2025
Марказий Осиё экспертлари минтақанинг 2050 йилгача бўлган ривожланиш сценарийлари устида ишламоқда

10:06 / 04.04.2025
Ўзбекистонда сув ресурслари тақчиллиги: муаммолар ва ечимлар

19:33 / 04.03.2025