Ўзбекистон | 17:49
7636
4 дақиқада ўқилади

Машина олиб бериш баҳонасида 840 дан ортиқ одамни чув туширган гуруҳ қўлга олинди

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида МЧЖлар очиб, паст фоизда машина олиб беришни ваъда қилган ҳолда, юзлаб одамларни чув туширган шахслар ушланди. Умумий етказилган зарар 50 млрд сўмдан ошади. Ҳолат бўйича Махсус тезкор штаб тузилди.

Фото: ИИВ

Паст фоизда автомашина етказиб беришни ваъда қилиб, фуқаролардан келиб тушган маблағларни ўзлаштириб юборган шахслар ушланди, деб хабар беради ИИВ матбуот котиби.

Қайд этилишича, бир гуруҳ шахслар паст фоизда (6-12 фоиз) автомашина сотиб олиш ниятидаги фуқароларга исталган турдаги автомашинани етказиши тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарғибот олиб борган.

Улар Тошкент шаҳри ва республиканинг турли нуқталарида (Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Нукус шаҳрида) «Umid avto companies», «Umid Savdo Fayz Invest», «Umid Avto Lizing», «Umid Auto», «Group Of Companies Ual», «Umid Avto-Tashkent», «Orient Auto», «Umid Lizing Tashkent», «Orient Avto-Lizing», «Umid Auto Leasing», «Group Of Orient Auto», «Imkon Auto Xizmati», «Umid Avto Companies», «Busines Orientauto», «Umid Auto Xizmati», «Orient Auto Hamkor», «Imkon Avto Markaz», «Avtovariant», «Ava Orientauto», «Ava Umidavto», «Avto Ijara Xizmati», «Umid Auto Business Toshkent», «Orient Auto Leasing», «Orient Auto Toshkent», «Ilgor Lizing» ва «Orient Finans Lizing» каби МЧЖларни ташкил этиб, мижозлар билан дастлаб бўнак (аванс) шартномаларини тузган ҳолда, 120 кун мобайнида автомашина етказилишини ваъда қилиб, шартнома шартларини бажармасдан, фуқаролардан келиб тушган маблағларни ўзлаштириш билан шуғулланиб келган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а,в» бандлари билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 843 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган бўлиб, умумий 50,1 миллиард сўм зарар аниқланган. Жамиятларга тегишли 339 дона транспорт воситалари хатланган. Ишга алоқадор 9 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда ички ишлар вазирининг ўринбосари полковник Рамазон Ашропов бошчилигида тегишли мутахассислар жалб этилган ҳолда Махсус тезкор штаб тузилган. Штаб ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти биносида ҳар куни соат 09:00 дан 21:00 га қадар иш олиб бормоқда.

Суратдаги шахсларнинг жиноий фаолиятидан хабардор бўлган, шунингдек, юқоридаги МЧЖларнинг ноқонуний фаолиятидан жабрланган фуқаролардан Тезкор штабга ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, январ ойида Kun.uz «Umid auto leasing»дан одамлар норози экани, фирма билан шартнома тузганлар пулини ҳам, машиналарини ҳам ололмаётгани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Шу йил 6 январ куни бўлган суҳбатда МЧЖ раҳбари Абдуманноп Абдураҳмонов Kun.uz’га изоҳ бериб, машиналар ўз вақтида топширилмаганини 2022-2023 йилларда бир неча ўнлаб лизинг компаниялар ёппасига ёпилиб кетгани билан изоҳлаган эди. Бир неча кун ўтиб, Абдураҳмонов қамоққа олинганди.

Мавзуга оид