Ёшларга сифатли таълим бериш энг асосий вазифамиз ва бурчимизга айланган – президент

Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбари ҳозирги вақтда дунё нотинч ва мураккаб бўлиб бораётганини, тинчлик – энг буюк неъмат, инсон қадри ва адолат – энг олий қадрият экани ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этилаётганини таъкидлади.
«Юксак билимли, дунёқараши кенг, замонавий фикрлайдиган, технологик саводхон ёшлари кўп бўлган юртда тинчлик ва тараққиёт, ўзаро жипслик ҳамиша барқарор бўлади.
Ёшларимизга сифатли таълим ва тарбия бериш, замонавий касб ва ҳунарлар, хорижий тилларни ўргатиш, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун зарур шароитлар яратиш энг асосий вазифамиз ва бурчимизга айланган», – деди президент.
Шавкат Мирзиёев футбол бўйича миллий жамоа тарихда илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганига ҳам тўхталди.
Яқинда бутун юртимизда барчамиз узоқ кутган катта футбол байрами бўлиб ўтди. Халқимизнинг 34 йиллик орзуси ушалди – миллий жамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
«Яқин-яқингача умрини пахта даласида ўтказган оддий оила фарзандлари илмда, спортда, бошқа соҳаларда бундай юксак марраларни эгаллашини тасаввур қилиш ҳам қийин эди.
Биз ёшларимиз учун шароит яратдик, улар бундан унумли фойдаланиб, баланд чўққиларни забт этмоқда.
Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда.
Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз!» – деди президент.
Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳудудини намунали қилган вилоят ва туманлар кўплиги таъкидланди.
Масалан, ёш тадбиркорларимиз ташкил қилган 261 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошди.
Илгари бу борада Тошкент шаҳри якка пешқадамлик қилган бўлса, бугунга келиб Тошкент вилояти, Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона ёшларининг бизнесдаги натижалари пойтахтдан қолишмаяпти.
Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Хоразм ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича илғор ҳудудларга айланди.
Ёшларнинг олийгоҳга кириш кўрсаткичи бўйича Сурхондарё бир йил ичида 11-ўриндан 4-ўринга кўтарилиб, катта сакраш қилди. Жиззах ва Сирдарё ҳам яхши натижа кўрсатмоқда.
Икки йил олдин халқаро фан олимпиадаларида 7 та ҳудуддан 45 нафар ўқувчи соврин олган бўлса, ўтган 6 ойда уларнинг сафига Жиззах, Андижон, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ўқувчилари ҳам қўшилиб, жами 166 та медаль қўлга киритилди.
«Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 325 минг ёшлар ўқитилди. Айниқса, Хоразм, Қашқадарё ва Самарқанд ёшлари IT’дан катта даромад топишни ўрганиб олди.
Бошқа бир мисол: ўтган йили 150 мингдан зиёд ёшларимиз халқаро тил сертификатлари олди, бу 2023 йилга нисбатан 2 баравар кўп.
Хорижий тилларни мукаммал билиш бўйича Тошкент шаҳри, Фарғона, Наманган, Бухоро ва Самарқанд ёшлари анча илгарилаб кетди.
Мавзуга оид

15:29
Президент ёшларнинг инновацион ишланмалари ва истиқболли лойиҳалари билан танишди

15:01
Ўқишга кира олмаган мактаб битирувчиларини банд этиш бўйича дастур қабул қилинди

14:07
Ҳар йили энг салоҳиятли 3 минг ўқувчи сараланиб, дунёнинг нуфузли олийгоҳларига тайёрланади

13:20