Дания аёллар учун мажбурий ҳарбий хизматни қайтарди
Ушбу қарор Россиядан келаётган таҳдидлар шароитида мамлакат Қуролли кучлари сонини тезроқ ошириш мақсадида қабул қилинган.

Фото: AP
Данияда аёллар эркаклар билан бир қаторда ҳарбий хизматни ўташи мажбурий этиб белгиланди, деб хабар беради Associated Press. Бу борадаги ўзгаришлар 1 июлдан кучга кирди ва у 18 ёшга тўлган шахсларга тааллуқли.
Қайд этилишича, шу кунга қадар мамлакатда аёллар ўз хоҳишига кўра армияда хизмат қилишлари мумин бўлган. Дания мудофаа вазири Троэлс Лунд Поулсен баҳорда ҳукумат аввалига 2027 йилдан бошлаб мажбурий ҳарбий хизматни кенгайтиришни хоҳлагани, бироқ Россиядан келаётган таҳдид шароитида мамлакат Қуролли кучлари сонини тезроқ ошириш мақсадида ислоҳотни тезлаштиришга қарор қилганини айтганди.
Шунингдек, хизмат муддати ҳам узайтирилди — энди у тўрт ой ўрнига 11 ой давом этади. Даниядаги чақирув дастури раҳбари полковник Кеннет Штромнинг таъкидлашича, ўзгаришлар НАТОнинг мудофаа сиёсати кучайтирилгани билан боғлиқ. «Бу [қарор] амалдаги хавфсизлик вазиятидан келиб чиққан ҳолда, кўпроқ жанговар салоҳиятга эга бўлиш ва армия, флот, ҳарбий-ҳаво кучлари ёки махсус операциялар кучлари учун зарур бўлган кўникмаларни шакллантириш мақсадида қабул қилинган», — дея қўшимча қилади у.
Амалдаги тизимга мувофиқ, Даниянинг 18 ёшга тўлган барча фуқаролари ҳарбий ҳисобга туришлари ва армияда хизмат қилишга яроқлилик текширувидан ўтишлари керак. Дастлаб кўнгиллилар жалб этилади, қолган ўринлар эса тасодифий тарзда — лотерея орқали тақсимланади. 2033 йилга бориб ҳарбий хизматга ҳар йили 6,5 минг нафаргача фуқарони жалб этиш режалаштирилган. Ўтган йили Дания армиясида 4,7 минг киши хизмат қилган — уларнинг 24 фоизи аёллар. Ҳозирда аҳолиси 6 миллионни ташкил этадиган қироллик Қуролли кучларида 9 минг профессионал ҳарбий мавжуд.
Дания аёллар учун ҳарбий мажбуриятни жорий этган Шимолий Европадаги сўнгги мамлакат бўлди. Буни илк бор 2015 йили Норвегия амалга оширган, 2017 йилдан эса Швеция ҳам шунга ўхшаш чораларни қабул қилган эди.
Мавзуга оид

15:23 / 01.07.2025
Данияда Писториус Болтиқбўйининг хавфсизлиги муҳимлигини таъкидлади

22:06 / 27.06.2025
Данияда фойдаланувчиларга дипфейкларга қарши курашиш ҳуқуқи берилади

20:48 / 26.06.2025
Қозоғистонда армияга SMS орқали чақиришга рухсат берилади

12:22 / 16.06.2025