Жаҳон | 10:25
2522
2 дақиқада ўқилади

FT: НАТО Одесса қўлга киритилиши ва кузгача фронтда ўзгариш содир бўлишидан хавотирда

Киев қурол-яроғга жуда муҳтож ва ўт очишни тўхтатишга рози, Москва эса ўт очишни тўхтатишга қарши ва Одессани эгаллаш ниятида. Шу билан бирга, ҳар икки давлат армияси кучсизланишга яқин, деб ёзади FT шарҳловчиси Гидеон Рахман.

Фото: Stringer/REUTERS

Украинанинг Ҳаагадаги НАТО саммитида муваффақиятли иштирок этишига қарамай, Украина Қуролли кучларининг фронтдаги аҳволи ёмонлашмоқда ва кузга бориб кескинлашиши мумкин, деб ёзади Financial Times (FT) халқаро алоқалар бўлими бош шарҳловчиси Гидеон Рахман. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Украина армиялари чарчашга яқин. «Аммо Россия, эҳтимол, яна бир йил давомида амалиётлар жадаллигини сақлаб қолиши мумкин бўлса-да, Украина жиддий ҳарбий ёрдам олмаса, олти ой ичида ўзининг таназзул нуқтасига етиши мумкин», деб таъкидлайди FT шарҳловчиси.

Киев Американинг Patriot ҳаво мудофаа тизимларига, шунингдек, HIMARS ялпи ўт очиш тизимлари ракеталарига жуда муҳтож. Қурол-яроғ йўқлиги Украина ҳарбийларининг руҳиятига ҳам таъсир қилмоқда, дея таъкидлайди Рахман, бироқ Володимир Зеленский Ҳаагада Доналд Трамп билан учрашувда Оқ уй раҳбаридан янги таъминот бўйича аниқ ваъдаларни ололмади.

FT шарҳловчисига кўра, Украина расмийлари Ғарб иттифоқчилари билан ёпиқ учрашувларда тобора кўпроқ ўт очишни тўхтатишга чақирмоқда: «Бир-икки йил олдин бундай чақириқлар мағлубият сифатида баҳоланган бўларди».

Аммо Трамп маъмуриятидан фарқли ўлароқ, Европада Москва сулҳга рози бўлишига ишонадиганлар кам, деб ёзади Рахман юқори мартабали амалдорларга таяниб. Шундай қилиб, унинг суҳбатдошларидан бири Россиянинг ҳозирги асосий мақсади Россия президенти Владимир Путин тарихий жиҳатдан рус шаҳри деб ҳисоблаган Одессани қўлга киритиш эканлигига ишонч ҳосил қилган.

Мавзуга оид