Жаҳон | 11:10
5637
6 дақиқада ўқилади

“Пропаганда ҳам нима дейишни билмайди” — Россия НАТОнинг кучайишини чорасиз кузатмоқда

НАТО давлатлари ҳарбий харажатларини кескин оширишга келишиб олди, Россиядан эса кўзгусимон жавоб ҳақидаги баёнотлар бўлмади. Зотан, РФнинг иқтисодий имкониятлари бунга йўл бермайди. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури экспертлари Россия–НАТО зиддиятининг Ҳаага саммитидан кейинги манзарасига баҳо берди.

Бектош Бердиев: Бугунги Россия худди совет иттифоқи бир пайтлар қуролланиш пойгасида катта ютуқларга эришган, лекин иқтисодиёти бардош бера олмаган ҳолатни такрорлаётгандек. НАТО аъзолари ҳарбий харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача ошириши – мисли кўрилмаган рақамларни ҳосил қилади. Биргина Германияда бу рақам 225 млрд долларга чиқиб кетади. Россияга эса ҳарбий харажатларни бу даражада оширишга иқтисодиёти имкон бермайди.

Молиявий фарқ технологик фарқларни ҳам келтириб чиқаради: НАТОнинг қуроллари замонавий, илғорлиги билан ажралиб туради. Сунъий интеллект бу қуролларнинг салоҳиятини янада оширади.

Шунга қарамай, ҳарбий харажатларни ЯИМнинг 5 фоизигача чиқариш учун муддат 2035 йилгача деб белгиланган. Унгача балки Россия провокациялар орқали Болтиқбўйи ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар олиб бориши мумкиндир, лекин НАТО билан тўғридан тўғри тўқнаша олмайди.

Камолиддин Раббимов: Россия пропагандаси етакчилари одатда бу каби масалаларда жуда бўрттириб, қўпол муносабат билдирарди, лекин бу сафар жамоатчиликни ишонтирадиган концептуал муносабатлар бўлмади. Россия нима деб жавоб бериши мумкин? Россиянинг ялпи ички маҳсулоти НАТОга қараганда анча кичкина... Бу ерда аниқ рақамлар турибди, шунинг учун одамларни ишонтира оладиган аниқ жавоби йўқ.

Шуҳрат Расул: Агар НАТО ёки АҚШдан қандайдир замонавий қуроллар ҳақида хабарлар пайдо бўлса, дарров Россия томондан Кремлнинг бирор сўзчиси ёки шахсан президент Путиннинг ўзи чиқиб, биз Ғарбга симметрик жавоб берамиз, дерди. Мана, Украинада уруш бошланганидан кейин ҳам, 2023 йили АҚШ Германияга гипертовушли ракеталарни жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилганда, Путиннинг ўзи: “Бизда ҳам гипертовушли ракеталаримиз бор ва керак бўлса Беларус ҳудудига жойлаштирамиз” деб айтган эди.

Лекин шу кечаги НАТО саммитида қабул қилинган қарорлардан кейин, биз ҳам худди шундай қиламиз деган фикрлар айтилмаяпти. Чунки гап ҳозир триллионлар ҳақида кетяпти. Россиянинг урушдан олдинги бутун ҳарбий бюджети 60, охирги йили 62 миллиард доллар эди. АҚШнинг 2024 йилги ҳарбий бюджети ҳажми 842 миллиард доллар, бундай ҳолатда икки томонни умуман таққослаб бўлмайди.

Ойбек Сирожов: НАТО 5 фоизлик маррага етиш учун 2035 йилгача муддат белгилади. Бундай қарорга келингани – кўп жиҳатдан Трампнинг босимлари билан боғлиқ. Лекин амалиётда бу натижага эришиш учун кўплаб муаммолар бор. Ҳарбий харажатларни ошириш учун нимадандир воз кечилади, жамиятлар бунга розими?

Иккинчидан, НАТО саммитида аксарият давлатлар АҚШнинг Эронга ҳужумини қўллаб-қувватлади. НАТО соябони остидаги давлатларда суянчиқ бор, лекин бошқа давлатлар-чи? Агар шу тенденция давом этадиган бўлса, албатта, Россия ёки Хитойнинг бунга кучи етмайди, лекин НАТОга муқобил блок шаклланиши мумкин. Чунки НАТОнинг қуролланиши – Хитой учун ҳам, Россия учун ҳам, Шимолий Корея учун ҳам, Ҳиндистон ва Эрое учун ҳам муаммо.

Нима учун ҳозиргача бундай блок шаклланмади? Биринчидан, шундай блокни шакллантиришни хоҳловчи давлат – Россияда имконият йўқ, имконияти бор давлат – Хитойда эса хоҳиш йўқ, чунки НАТО давлатлари билан иқтисодий алоқалари ёмонлашишини хоҳламайди. Лекин вазият чигаллашиб бораркан, Хитойнинг позицияси ўзгариши мумкин.

Шуҳрат Расул: НАТОга қарши блок тузилади деган фикрга мутлақ қўшила олмайман. Хитойнинг хоҳиши йўқ деб ўзингиз айтяпсиз. Россия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон... Булар – ҳаммаси жуда ҳам ҳар хил мақсадларга эга, иқтисодий, диний ва бошқа хусусиятларга кўра катта фарқларга эга давлатлар.

Ойбек Сирожов: Латвиянинг 2 миллионга яқин, Литванинг 3 миллионга яқин аҳолиси бор. Лекин айнан НАТОга аъзолиги учун унинг хавфсизлиги 90 миллиондан ортиқ аҳолига эга Эронга нисбатан яхшироқ таъминланган. Шундай вазиятда Эрон бундан кейин қўл қовуштириб турадими? Ёки Россия қўлини қовуштириб турадими?

“Майли, булар кучайиб кетаверсин, ўзига инсоф берсин” деб турмайди-ку.

Украинада уруш бошланганида, НАТО “сизга қанча ёрдам керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлаймиз” деб, буни амалда исботлади. Куни кеча Эронга Исроил ва АҚШ ҳужум қилганида-чи, Эроннинг орқасида қанақа куч бор эди? Ҳеч қандай. Агар Эроннинг ортида ҳам қандай блок бўлганида, охиригача урушган бўларди.

Россия Эронга ёрдам бермади, чунки Россиянинг ўзи ҳам худди Эронга ўхшаб яккаланиб қолишдан қўрқади. Устига устак, Россиянинг АҚШ билан муносабатлари қайсидир маънода бугун илиқлашиб боряпти. Путин Трамп билан илиқ муносабатларини издан чиқариб юбормаслик учун ҳам кутишни танлади.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини YouTube'да ёзиб олинган жонли трансляция орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид