Россия Бокудаги кайфият МДҲнинг бошқа давлатларига ҳам юқишидан хавотирда — сиёсатшунос
МДҲда гегемон бўлишга ўрганиб қолган Москва агар бу тирашувда ён бергудек бўлса, Озарбойжондаги кайфият ҳамдўстликнинг бошқа давлатларига ҳам кўчишидан хавотирда, дейди Жаҳонгир Акрамов. Шуҳрат Расулга кўра, ўтган йили Путин Бокуга давлат ташрифи билан борганида, икки томон ўртасида ҳаммаси яхшидек кўринганди, лекин кейин озарлар самолёти ҳалокатига Россия қилган муносабат тарангликка сабаб бўлди.

Россия куч тузилмалари Екатеринбургда ўтказган рейдда озар диаспораси вакилларининг вафот этиши Москва ва Боку муносабатларини янада таранглаштирди. Kun.uz студиясида сиёсий таҳлилчилар Шуҳрат Расул ва Жаҳонгир Акрамов бу борадаги кузатувлари билан ўртоқлашди.
Шуҳрат Расул: Озарбойжон ва Россия ўртасидаги охирги бир йиллик муносабатларга эътибор қаратсак. Ўтган йили Путин президентликка қайта сайлангач, август ойида Озарбойжонга ҳам ташриф буюрган ва самимий учрашувлар бўлганди. Ўшанда Россия ва Озарбойжон ўртасида шимол-жануб янги логистик йўналиши тақдимоти ўтказилган ва икки давлат ўртасида ҳаммаси яхшидек эди.
Лекин ҳамма муаммо 2024 йилги 25 декабрда Озарбойжон ҳаво йўллари самолёти Бокудан Чеченистон пойтахти Грознийга йўл олганида Россия томонидан уриб туширилгач бошланди. Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиевнинг ўзи: “Ҳа, бу балки англашилмовчилик орқали юз бергандир, биз буни тушунамиз, лекин Россия ҳукумати бу хатони тан олиб, хатоликка йўл қўйган ҳарбийларни жазолаши керак”, деди. Ундан ташқари, авиакомпания кўрган зарар ва самолёт йўловчилари учун товон пули тўлаб берилиши кераклигини талаб қилди.
Лекин Россия томони аввалига очиқ фактларни инкор қилди. Кейинчалик Россия томони ўша вақтда Украина уюштирган дронлар ҳужуми фонида самолётга ўқ узгани эҳтимоли ортиб борди. Лекин шунда ҳам Москва маъсулиятдан қочиб, вақтни чўзиб юрганди. Шу орада Россия мамлакат ичидаги этник озарийларга босим қила бошлади. Охир-оқибат Екатеринбургда 24 йил олдин гўёки ака-ука Сафаровлар Пашаев деган бошқа бир Озарбойжон фуқаросининг ўлимида айбланиб, ҳибсга олинган ва қийноқ натижасида улар вафот этган.
Жаҳонгир Акрамов: Россия билан Озарбойжон муносабатлари сўнгги йилларда жуда ҳам чигал бир даврга кирди. Икки мамлакат ўртасидаги 2022 йил 24 февралгача бўлган муносабатларнинг ўзгаргани намоён бўлмоқда. Аслида бутун МДҲ доирасида бу содир бўляпти, лекин Озарбойжон бу даражани кўтарди ва очиқча муносабат билдиряпти. Россия эса буни қабул қилолмаяпти, чунки руслар собиқ иттифоқ давлатлари орасида ўзини доим гегемон санаб келган. Шуни ҳам унутмаслик керакки, Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиевнинг ўзи дипломатия соҳасидан чиққан ва халқаро муносабатларни жуда яхши билади. Шунинг учун у ҳам кичик имкониятлардан максимал фойдаланишга ҳаракат қилади ва бунга қизиқади ҳам.
Масалан, Қорабоғни мамлакат таркибига қайтариб, бутун Озарбойжон суверенитетини тиклаганидан кейин Ғарб давлатлари билан нефт-газ соҳаларида катта ҳамкорлик шартномалари имзолади. Транскаспий йўли бўйича Марказий Осиёдан энергетика қувватларининг ҳам айнан Озарбойжон орқали Ғарбга узатилиши тўғрисида шартномалар имзоланди. Эроннинг Россия учун аҳамияти охирги вақтларда ошиб бориши омили ҳам бор, Озарбойжон уларнинг ўртасида жойлашган. Бу каби ҳолатлар Боку учун Москвани ўзаро тенг муносабатларга ундаш учун қулай имконият яратди.
Россия эса Озарбойжоннинг бундай ошкора тарзда тенгликка интилиши прецедентга айланишидан хавотир олади. Бу хавотирга кўра, Озарбойжон раҳбари Москвадаги 9 май парадига бормаслиги, Россиянинг юмшоқ кучи бўлган “Рус уйи”нинг ёпиши, матбуотида Россияга қарши эркин фикрлар билдирилиши – МДҲнинг бошқа давлатларига, жумладан Марказий Осиё давлатларига ҳам намуна бўлиши мумкин. Россия эса бунга йўл қўймасликка ҳаракат қиляпти.
Жонли эфирда кечган суҳбатни тўлиқ ҳолда Kun.uz'нинг YouTube каналида томоша қилинг.
Мавзуга оид

22:08 / 01.07.2025
Озарбойжонда «россияликларнинг иккита уюшган жиноий гуруҳи» аъзолари қўлга олинди

21:46 / 01.07.2025
Эрон «Астрахан порти» устидан назоратни қўлга киритиши мумкин

21:40 / 01.07.2025
Москва ва Боку ўртасида низо давом этмоқда

19:55 / 01.07.2025