Ўзбекистон | 20:18
823
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев рақамли технологиялар соҳасидаги режалар тақдимоти билан танишди

Президент энди “Рақамли ҳукумат” босқичига ўтиш вақти келганини таъкидлади. Буни, энг аввало, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган таълим, тиббиёт, қурилиш ва коммунал соҳаларидан бошлаш кераклиги айтилди.

Шавкат Мирзиёев 1 июл куни рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳаларидаги режалар тақдимоти билан танишди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, IT-парк резидентлари 2 минг 800 дан ошган, хорижий компаниялар 752 тага етган. Бу соҳада 40 минг нафар ёшлар юқори даромад топяпти.

Охирги 5 йилда соҳа экспорти 170 миллион доллардан 1 миллиард долларга яқинлашган. Интернет тезлиги 7 баробар, мобил интернет эса 4,5 баробар ошган. Ўтган йили соҳадаги стартапларга 70 миллион доллар венчур инвестиция киритилган.

Буларнинг натижасида “Глобал стартаплар индекси” рейтингида Ўзбекистон 12 поғона юқорилаб, “ТОП-100”ликка кирди. Ўтган йили “Сунъий интеллектга тайёрлик” халқаро индексида Ўзбекистон 17 поғона кўтарилиб, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. Ўзбекистон телекоммуникация соҳасининг ўсиш суръатлари бўйича МДҲ мамлакатлари рейтингида биринчи ўринни эгаллади.

Таъкидланишича, келгуси йилда давлат хизматларини рақамлаштиришни 70 фоизга, IT хизматлари миқдорини 100 триллион сўмга етказиш режалаштирилган. “Электрон ҳукумат ривожланиш индекси”да камида 55-ўринга кўтарилиш мақсад қилинган. Бу кўрсаткичларга эришиш учун қатор ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Тақдимотда ушбу лойиҳалар ва таклифлар муҳокама қилинди. 

Бугунги кунда 760 та давлат хизмати рақамлаштирилган. Ўтган йили 10 миллион фуқаро рақамли хизматлардан фойдаланган.

Давлат раҳбари энди кейинги “Рақамли ҳукумат” босқичига ўтиш вақти келганини таъкидлади. Буни, энг аввало, аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган таълим, тиббиёт, қурилиш ва коммунал соҳаларидан бошлаш кераклиги айтилди.

Ўзбекистон президентининг 2024 йил 14 октябрдаги қарорига мувофиқ, Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси қабул қилинган эди. Бу соҳада инфратузилмани яхшилашга 50 миллион доллар ажратилди. Сунъий интеллект миллий моделини яратиб, 1 миллион нафар мутахассис тайёрлаш вазифаси белгиланган.

Рақамли технологиялар вазири буни амалга ошириш босқичлари, инфратузилмани яхшилаш тадбирлари ҳақида ахборот берди.

«Соҳада хизматлар ҳажми ва экспортини ошириш ҳам муҳим вазифалардан. Ҳозирда бу борадаги кўрсаткичларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келяпти. Ўзбекистондаги шароит ва имтиёзлар натижасида бошқа релокантлар ҳам юртимизга келишдан манфаат кўряпти. Шу боис ҳар бир ҳудудда жозибадор муҳит яратиб, чет эл компанияларини жалб этиш муҳимлиги таъкидланди», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид