Жаҳон | 18:14 / 01.07.2025
1132
2 дақиқада ўқилади

Таиланд Конституциявий суди мамлакат бош вазирини вақтинча лавозимдан четлатди

Бунга бош вазир Пхэтхонгтхан Чиннаватнинг Камбоджа собиқ бош вазири билан икки давлат ўртасидаги чегара можаросини муҳокама қилган телефон суҳбати тарқалиб кетгани сабаб бўлди.

Фото: AP

Таиланд Конституциявий суди бош вазир Пхэтхонгтхан Чиннаватни касбий ахлоқни бузганликда айблаб, лавозимидан вақтинча четлатди, деб хабар беради Associated Press.

«Бугун судялар бир овоздан уни этикани бузишда айбловчи петицияни кўриб чиқишни маъқуллади ва кўпчилик — иккитага қарши еттита овоз билан Чиннаватни лавозимдан вақтинчалик четлатиш бўйича қарор қабул қилди», - дейилади агентлик хабарида.

Бунга бош вазирнинг Камбоджа собиқ бош вазири, ҳозирда мамлакат парламенти юқори палатаси раиси Хун Сен билан икки давлат ўртасидаги чегара можаросини муҳокама қилган телефон суҳбати тарқалиб кетгани сабаб бўлган. Иккала сиёсатчи ҳам ёзувнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган.

Петицияни Конституциявий судга 36 сенатордан иборат гуруҳ киритган, улар Пхэтхонгтханни ахлоқий меъёрлар ва конституцияни бузганликда айблаган. Пхэтхонгтхан Чиннаватда ўзини ҳимоя қилишда далилларни тўплаш учун 15 кун вақт бор. Бош вазир вазифасини вақтинча унинг ўринбосари бажаради.

Дам олиш кунлари Бангкокдаги можаро фонида ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ҳукуматдаги бош вазир коалициясини унинг асосий шериги бўлган «Бумяжтай» партияси ҳам тарк этди.

Пхэтхонгтхан Чиннаватнинг Хун Сен билан телефон орқали мулоқоти 15 июн куни бўлиб ўтганди. Ёзувларда Таиланд бош вазири Камбоджанинг собиқ раҳбарини «амаки» деб атагани ва май ойида бир нафар камбоджалик аскар ҳалок бўлган чегара тўқнашувларида ўз армиясининг ҳаракатларини танқид қилганини эшитиш мумкин.

38 ёшли Пхэтхонгтхан Чиннават 2024 йил август ойида Таиланд бош вазири этиб тайинланган эди. У Конституциявий суд томонидан касбий ахлоқни бузгани учун лавозимидан четлатилган Сеттҳа Тҳависин ўрнини эгаллаганди.

Мавзуга оид