Ўзбекистон | 18:58 / 01.07.2025
987
2 дақиқада ўқилади

Туркия депортация марказларида бўлиб турган 50 нафар ўзбекистонлик аёл ватанга қайтарилди

Туркияда ноқонуний мақомда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини маъмурий жазосиз рўйхатдан ўтказиш, яшаш ва ишлаш рухсатномаларини бериш таклифи Туркия расмийлари томонидан маъқулланди.

Ўзбекистон миграция агентлиги ҳамда Туркия Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги масъуллари ўртасида Туркияда ноқонуний мақомда бўлиб турган фуқароларни легаллаштириш бўйида музокаралар ўтказилди.

Музокаралар давомида Туркияда ноқонуний мақомда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини маъмурий жазосиз рўйхатдан ўтказиш, яшаш ва ишлаш рухсатномаларини бериш (легаллаштириш) таклифи Туркия расмийлари томонидан маъқулланди.

Шунингдек, қариялар ва болаларни парваришлаш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ноқонуний фаолият юритаётган ўзбекистонликларга ҳуқуқий мақом беришга келишилди, Туркия депортация марказларидаги 50 нафар аёлга ватанга қайтиш учун Миграция жамғармаси ҳисобидан авиачипталар харид қилинди.

Бундан ташқари, аёлларнинг 28 нафарига ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилиб, репатриация жараёни бошланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида «Ижтимоий ҳимоя тўғрисида»ги янги битим ишлаб чиқишга келишилди.

«Барча фуқароларимизни қонуний ишлашга чақирамиз. Бизни кузатиб боринг навбатдаги постларимизда Туркияда нолегал мақомда бўлган Ўзбекистон фуқароларини легаллаштириш бўйича йўриқнома билан таништирамиз», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид