Жаҳон | 23:03 / 02.07.2025
3876
2 дақиқада ўқилади

Европа АҚШнинг Киевга зенит ракеталари етказиб беришни тўхтатиш қароридан «ҳайратга тушди»

Украинанинг Европадаги иттифоқчилари Оқ уйдан ушбу қарорга ойдинлик киритишни сўрамоқда ва уларнинг айримлари Америка ўз позициясини юмшатишига умид қиляпти.

Фото: Getty images

Европалик амалдорлар АҚШ томонидан Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар етказиб берилишини тўхтатиш қароридан «ҳайратга тушди». Бу ҳақда вазиятдан хабардор манбаларига таяниб, Bloomberg хабар берди.

Трамп НАТО саммитида Володимир Зеленский билан ўтган «яхши» учрашувдан кейин Украинага Patriot тизимлари етказиб бериш имкониятини кўриб чиқишини айтганди. Агентлик суҳбатдошларининг таъкидлашича, АҚШ президентининг шу гапларидан кейин етказиб беришлар тўхтатилгани уларни ҳайрон қолдирган.

Bloomberg манбаларининг сўзларига кўра, Украинанинг Европадаги иттифоқчилари Оқ уйдан ушбу қарорга ойдинлик киритишни сўрамоқда ва уларнинг айримлари АҚШнинг позицияси юмшатилиши ёки қайта кўриб чиқилиши мумкин, деб ҳисоблаяпти.

Bloombergʼнинг ёзишича, «масофаланиш» ҳиссини кучайтирган ҳолатлардан бири Франция президенти Эммануэл Макроннинг Владимир Путин билан телефон суҳбати бўлган. Макрон ҳаракатларининг мантиғидан хабардор манбанинг сўзларига кўра, ушбу қадам Теҳрон томонидан таҳдид ошиб бораётгани фонида Трамп Ғарб етакчилари орасида Путиннинг ягона суҳбатдоши бўлмаслиги учун ташланган.

1 июл куни АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Украинага айрим ўқ-дорилар, жумладан, Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ўнлаб ракеталар етказиб берилишини тўхтатиш бўйича кўрсатма бергани маълум бўлганди. NBC News маълумотларига кўра, АҚШ ўз армиясининг захиралари тугаб қолиши хавфидан Patriot учун ракеталар етказиб беришни тўхтатган.

Мавзуга оид