Жаҳон | 19:18 / 03.07.2025
2286
4 дақиқада ўқилади

“Илон Маск ўз бизнесларидан хавотирда, Трамп билан тўқнашувини эса кутгандик" - америкалик таҳлилчи

Давлат бюджети бўйича қонунни деб яна Трамп ва Маск айтишиб қолди. Маск шу ҳужжат қабул қилинганининг эртасига янги партияси очишини айтса, Трамп субсидияхўр Маск шу субсидиялар бўлмаганида дўконини ёпиб, аллақачон Африкасига қайтган бўлишини ёзди. Kun.uz билан суҳбатлашган америкалик таҳлилчи Жеймс Дурсога кўра, икки миллиардернинг тўқнашуви аниқ эди. Бироқ бу қадар тез келишмовчилик келиб чиқади деб ўйламагандик, дейди эксперт.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Трамп яқин кунларгача ўзининг асосий сафдоши ва иттифоқчиси бўлиб келган Илон Маскнинг АҚШдан депортация қилинишини рад этмади. Трамп президентликка қайтар экан, унинг жамоаси юлдузи – миллиардер Илон Маск эди. Бироқ икки бой дўстларнинг “муҳаббати” 6 ойга ҳам бормади, энди улар бир-бири билан жиддий айтишмоқда. Бу галги даҳанаки жанг – Сенатда муҳокама қилинаётган давлат бюджети тўғрисидаги Маск тили билан айтганда “ифлос қонун” устида кетмоқда.

АҚШ Сенати шу кунларда Трампнинг “One big beautiful bill act”, яъни “Катта ва гўзал қонун” деб номланган бюджет қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш жараёнини ўтказмоқда. Демократлар ҳужжатга қарши, қонунчилар уни даҳшатли деб атаган. Чунки қонун қабул қилинса, биринчи навбатда энг асосий пункт – АҚШ давлат қарзи яна 3,3 трлн долларга ортади.

Илон Маск республикачилар қандай қилиб бўлмасин 4 июлгача қабул қилишга уринаётган бу лойиҳани кескин танқид қилди. “Агар харажатлар тўғрисидаги бу ақлга сиғмас қонун лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, эртаси куниёқ янги “Америка” партияси тузилади, деб ёзди Маск ўзига тегишли бўлган Х ижтимоий тармоғида.

“Ҳа, Маск доимий равишда давлатнинг ҳаддан ташқари харажатларига қарши чиққан. У ҳукуматга харажатларни қисқартириш учун келганди. Ҳозирча унинг чоралари харажатларни тахминан 190 миллиард долларга камайтириши кутилмоқда. У Трампнинг миллий қарзни янада оширадиган ҳаракатларига қатъиян қарши. Ҳозирги қарз миқдори 37 триллион доллар, лекин Сенат лойиҳаси бу рақамни 40 триллиондан оширади. Маск буни иқтисодиётнинг умумий барқарорлигига хавф деб ҳисоблайди” – Жеймс Дурсо, таҳлилчи

Трамп эса Маскка жавоб қайтариб, давлат унга берган субсидиялари сабаб катта ютуқларга эришганини эслатди. Акс ҳолда Маск аллақачон дўконни ёпиб, ўзи келган Жанубий Африкасига қайтиб кетиши мумкинлигини заҳарханда қилди.

Трамп энди ракеталар, сунъий йўлдошлар учирилмаса, электромобиллар ишлаб чиқарилиши тўхтатилса, мамлакатда жуда катта маблағ тежаб қолинишини айтди. Президент яқингача Маскнинг ўзи бошқарган Ҳукумат самарадорлиги департаменти – DOGE’дан бу ҳолатни текшириб кўришни сўради.

“Менимча, Трамп уни Жанубий Африкага депортация қилмайди. Бу, энг аввало, акциялар бозорига салбий таъсир қилади — бу эса Трамп учун энг муҳим мезон, у акциялар бозорини АҚШ иқтисодиёти соғломлигининг кўрсаткичи деб билади. Бундан ташқари, бу бошқа хорижий тадбиркорларни АҚШга келишдан қайтаради. Президент билан баҳслашган ҳар қандай тадбиркор депортация қилиниши мумкинлиги АҚШни ривожланган демократиядан кўра, учинчи дунё диктатурасига ўхшатади. Бу ҳолатдан Канада хурсанд бўлар эди: Агар АҚШга боришни истамасангиз, Шимолий Америкада қолиб, Канадага келинг, дейишарди” – Жеймс Дурсо, таҳлилчи

АҚШ молия вазирлигига кўра, ҳозирда давлат қарзи 36 трлн долларни ташкил этади. 2021 йилда президент Байден мамлакатни дефолтдан қутқариш учун қарз шифтини 480 млрд долларга кўтаришга мажбур бўлганди. Акс ҳолда ҳукумат ўз мажбуриятларини бажаролмай қоларди.

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Мавзуга оид