Озарбойжон – Россия: совуқлик фонида Embraer 190 ҳалокатига оид шов-шувли тафсилот пайдо бўлди
Озарбойжон ва Россия ўртасидаги совуқлик ҳақида яна битта видео қиламиз деб ўйламагандим. Лекин бу «вазн тоифаси умуман мос келмайдиган» икки давлат ўртасидаги совуқлик ҳамон давом этмоқда. Шу кунларда ўтган йил охирида Россия ҳарбийлари ўққа тутган Озарбойжон самолёти ҳалокатига оид шов-шувли тафсилот пайдо бўлди. Қуйида шу ҳақда.

Совуқлашиш 2.0
Ўтган йил 25 декабр куни «Озарбойжон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолёти Грозний осмонида Россия ҳарбийлари томонидан ўққа тутилгач, Каспий денгизи устидан учиб ўтиб Қозоғистонга қулаганди. Ўшанда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Россия манзилига кескин баёнотлар берган, Москвадан кечирим сўрашни ва айбдорларни жазолашни талаб қилганди. Бироқ Россия озарларнинг фуқаролик самолётини ургани учун узр сўрамади. Путин шунчаки «воқеа Россия осмонида содир бўлганидан афсусдалигини» билдирди холос.
Алиевнинг аччиқ чиқишларидан кейин ўшанда вазият тинчиб кетган, қора қути очилганидан кейин ҳам ҳеч қандай шов-шувли гап чиқмаган, гўёки ҳаммаси бости-бости қилиб юборилгандек. Бироқ куни кеча Екатеринбургда 2001 йилда содир этилган қотилликни суриштириш жараёнида икки озарбойжонлик Россия махсус хизмати зобитлари томонидан уриб ўлдирилгач, вазият ўзгарди.
1991 йилгача Россияга қарам бўлган Озарбойжон шунақа ишлар қилдики, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бир неча йил аввал қайсидир МДҲ давлати Россия пропагандачи ахборот агентлиги маҳаллий бўлимини ФСБ агентураси деб топиб, унинг мухбирларини қамоққа олишини, россиялик дастурчиларни қанақадир жиноятда гумонлаб қўлга олиш жараёнида ўласи қилиб калтаклаб, намойишкорона видеога олишларини тасаввур қила олармидингиз? Аввалги видеоларимизда айтганимиздек, Россия ва Украина уруши кўп пардаларни олиб ташлади. Биз кўп эслайдиган машҳур сериалда «Жаноблар, дунё 11 сентябргача ва ундан кейинги даврга бўлинади», дейишади. Биз эса бу жумлани сал ўзгартирамиз – дунё 24 февралгача ва ундан кейинги даврга бўлинади. Ишонинг, энди ҳеч нарса 24 февралдан олдинги каби эмас, дунё ҳам...
«Ўт оч, ўт оч, дедим!»
Хуллас, Россия ва Озарбойжон ўртасидаги совуқлашиш янги босқичга чиққач, ўтган йил декабрда содир бўлган авиаҳалокат ҳақида шов-шувли тафсилот пайдо бўлди. Озарбойжоннинг Minval нашри Embraer 190'ни уришга буйруқ берган россиялик офицернинг тушунтириш хати ва шундай буйруқ берилган аудиони эълон қилди. Қардошларимиздаги матбуот эркинлиги қандай ҳолатда экани инобатга олинса, бу тафсилот Озарбойжон ҳарбийлари томонидан сиздирилган, шубҳасиз. Бу гап икки давлат муносабатлари совуқлашган вақтда тарқалгани ҳам фикримизни қувватлайди.
Демак, озар нашри эълон қилган тушунтириш хати ҳалокат куни осмон хавфсизлиги учун жавоб берган ҳаво мудофааси капитани Дмитрий Паладичукка тегишли. Унинг сўзларига кўра, 25 декабр куни соат 08:11 да станция эҳтимолий нишонни аниқлаган. Икки дақиқа ўтиб капитан нишонни йўқ қилиш бўйича буйруқ олиб, уни операторга етказган. Биринчи ракета нишонга тегмагач, Паладичук иккинчи бор ўт очишни буюрган.
Тушунтириш хатида капитан самолётни ургани ҳақида гап йўқ. Шунчаки у туман сабаб нишонни яхши кўролмаганини айтган. Minval самолётга ракета отиш буюрилган аудиони ҳам эълон қилди. Унда эркак ҳарбий «Ўт оч, ўт оч деяпман. Тегмади, яна бир бор от!», дегани эшитилган.
Minval ихтиёрига яна бошқа аудиолар келиб тушган. Нашр уларни эълон қилмай матн кўринишда берган. «Икки марта отдик. Оператив штабга команда бердим. Ракеталар тегмагач, бу ўзимизнинг самолёт эканини айтишди. Қўл оёғим қалтираб қолди. Яхшиям ракета эгри кетди. Менда баландлик, азимут бошқача, самолёт эса бошқа йўналишда эди. Ракета портлагач, парчалар самолётга теккан бўлиши мумкин. Билмасам энди, мен Худо эмасман-ку», деган нашрга кўра россиялик офицер Паладичук.
Шунингдек, россиялик ҳарбий техникаси носоз бўлганини айтган. «Астра» нашри Дмитрий Паладичук билан телефон орқали боғланган. Ҳарбий сиёсатдан узоқлиги, Россия ва Озарбойжон ўртасида нималар бўлаётганини билмаслигини айтган. Жиддий суриштирувлар ўтказувчи The Insider нашри тушунтириш хати ҳаққонийлигини аниқлади. Шунингдек, Паладичукнинг овози унинг иштирокидаги бошқа телефон суҳбати билан солиштирилиб ҳаққонийлигини тасдиқлашди.
Ана шунақа гаплар, азизлар. Озарбойжон ва Россия ўртасидаги совуқлик жиддийлашиб бормоқда. Ҳозирча икки давлат президенти ҳам вазиятга аралашгани йўқ. Кремл Озарбойжон ҳақида кескин баёнотлар бермаяпти. Ваҳоланки, Боку қиладиган ишларни Европанинг бирор давлати қилганида, Россия пропагандаси бу давлатни қай аҳволга туширишини тасаввур қилаверинг. Лекин Озарбойжон Россиянинг ҳамкори, иттифоқчиси. Кўрамиз вазият нима билан тугаркин. Биз ушбу дипломатик низо ҳақида энг ишончли маълумотларни сизга етказиб борамиз.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид

16:40
Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида бир қатор ташаббусларни илгари сурди

16:13
Москвада геолокацияси ўчирилган мигрантлар рўйхатдан чиқарилади

15:24
Эстонияда икки молдовалик диверсия учун қамалди

15:12