Ўзбекистон | 19:18 / 04.07.2025
1736
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Озарбойжонга ташрифи якунланди

Фузулий халқаро аэропортида Ўзбекистон президентини Озарбойжон маданият вазири Одил Каримли ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.

Шавкат Мирзиёевнинг Озарбойжонга давлат ташрифи якунига етди, деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбари 2 июл куни Боку шаҳрида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан самарали музокаралар ўтказди.

Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди. Ўзбекистон-Озарбойжон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари ҳамда амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ташриф доирасида ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.

Етакчилар Боку шаҳрида биргаликда «Ўзбекистон» боғига асос солди ва Ўзбекистон элчихонасининг янги биносини очди, Сеа Бреэзе дам олиш маскани фаолияти билан танишди.

3 июл куни Ўзбекистон президенти Озарбойжон президенти ҳамроҳлигида Хонкенди шаҳридаги қўшма тикувчилик фабрикаси фаолияти ҳамда Ағдам шаҳридаги «Иморат» тарихий-меъморий мажмуаси билан танишди.

Бугун Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитида иштирок этиб, шерикликнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди ва қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Саммит доирасида Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Афғонистон бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар билан икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.

Ташриф тадбирлари якунлангач, давлат раҳбари Тошкентга жўнаб кетди. Фузулий халқаро аэропортида Ўзбекистон президентини Озарбойжон маданият вазири Одил Каримли ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.

Мавзуга оид