Ўзбекистон | 13:30
2064
9 дақиқада ўқилади

Хусусий ОТМ учун лицензия талаблари ўзгарди, бу яхшими ёки ёмон? – мутахассислар билан суҳбат

Нодавлат таълим ташкилоти очишда дастлабки устав фонди 2 млн доллардан кам бўлмаслиги, инвестор 350 минг доллар депозит қўйиши, биринчи 5 йилда соф фойдасининг камида 80 фоизини таълимга йўналтириши белгиланди. Kun.uz мутахассислар билан янги талабларни таҳлил қилишга уринди. Хусусий университет таъсисчиси Бекзод Жалиловга кўра, бу шартлар тадбиркорлар учун оғирлик қилмайди, аммо таълим сифатини яхшиламайди ҳам. Иқтисодчи Отабек Бакиров эса олий таълим бозоридан давлат чиқиб кетиши кераклигини, акс ҳолда университетлар деградацияси давом этишини айтмоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

30 июн куни Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада нодавлат таълим хизматлари сифатини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда хусусий ОТМ очишда янги лицензия талаблари ишлайди.

Яъни бу билан нодавлат таълим ташкилотининг дастлабки устав фонди 2 млн доллар эквивалентдан кам бўлмаслиги, инвестор банкка 350 минг доллар депозит қўйиши ва бино-иншоотларининг майдони 5 минг кв/метрдан кам бўлмаслиги белгиланди.

Хўш, ўзи аслида бу қандай талаблар? Уларни янгилашга эҳтиёж бормиди? Мутахассислар ва бозор иштирокчилари бунга қандай муносабатда? Kun.uz шуни таҳлил қилиш мақсадида хусусий ОТМ таъсисчиси Бекзод Жалилов ҳамда иқтисодчи Отабек Бакиров билан суҳбатлашди. Қуйида интервюдан қисқа шарҳ келтирилади.

Қарор билан сифатни кўтаришнинг иложи йўқ”

Бекзод Жалиловга кўра, аввалги лицензия олиш тартибида устав фонди, депозит билан боғлиқ шартлар бўлмаган. У янги шартлар ҳеч бир тадбиркор учун оғирлик қилмаслигини, аммо таълим сифатини ошириб ҳам қўймаслигини айтмоқда.

Тадбиркорларга Вазирлар Маҳкамасининг қарорида қўйилган, масалан, устав фондини 2 миллион доллар қилиш ёки банкда 350 минг долларни ушлаш қийин эмас ва мақсад сифатни кўтариш бўлган бўлса, бу Вазирлар Маҳкамаси қарори билан сифатни кўтаришнинг иложи йўқ деб биламан”, – деди у.

Жалиловнинг фикрича, бундан кейин университетлар нодавлат ва нотижорат шаклда очилиши ва асосий мақсади фойда олишга қаратилмаслиги керак.

150 йиллик, 200 йиллик тарихи бор университетларни оладиган бўлсангиз, уларда бакалавриат, магистратура, PhD соҳасидаги ўқувчилари бўлса, кўпи билан 25 мингдан ошиқ талабаси бор. Лекин бизда шундай бўлдики, 2019 йилда хусусий секторда, умуман, хусусий университетларни очишга рухсат берилгандан кейин бир йилнинг ўзида 20 минг талаба олган университетлар бўлди.

Бу ўз-ўзидан кўриниши мумкинки, фойда учун қилинган. [Бизда] фойда солиғи ҳам йўқ. Бу тадбиркор учун жуда зўр шароит. Чунки ўша йилларда талаб жуда катта бўлган, масалан, 2016-2017-йилларгача 1 миллиондан ошиқ абитуриент университетларга топширарди, атиги 8 фоизи университетга кирарди. Шунга ҳам бир вақтнинг ўзида 20 мингта талабани қабул қилиб, кейин эртага сифатсиз кадрларни бозорга чиқариш билан мақсад фақат фойда олиш бўлган деб ўйлайман. Ҳозирги Вазирлар Маҳкамаси қарори ҳам сифатга қаратилган, лекин белгиланган ўша чегаралов суммалари у сифатни тўғрилаб бермайди деб ўйлайман”, – деди Жалилов.

У бугунги кунда хусусий ОТМ фаолиятида сифат билан боғлиқ муаммолар юзага келаётганини, аммо уларга молиявий мажбуриятлар қўйиш орқали ечим излаш хато эканини қўшимча қилди.

Ҳуқуқий процедураларга амал қилинмаяпти

Иқтисодчи Отабек Бакиров умумий картинада ўзи кўраётган бир қанча масалалар ҳақида гапирди. Унинг тушунтиришича, жараёнда дастлаб ҳуқуқий процедураларга амал қилинмаётганига эътибор қаратиш лозим.

Бакиров анчадан бери хусусий ОТМ лицензия ололмаётгани ва айни масаладаги ҳукумат қарори лойиҳасининг муҳокамаси тугамай туриб, муддатидан аввал қабул қилинганини танқид остига олди.

Икки ярим йил бўлди, хусусий таълим муассасаларига лицензия бериш оғзаки равишда тўхтатиб қўйилган. Амал қилмаяпти. Ўзимиз қабул қилган тартибимиз икки ярим йил давомида тўхтатиб қўйилган эди. Ўнлаб тадбиркорлар иншооти бўлишига қарамасдан, пули бўлишига қарамасдан, битимлари тузилган бўлишига қарамасдан лицензия ололгани йўқ. Яъни уларга икки ярим йил давомида аниқлик берилгани йўқ. Бу бозор учун жуда ёмон сигнал. Буни алоҳида айтиб ўтиш керак. Шу мутасаддилар нима сабабдан икки ярим йил давомида лицензия беришни оғзаки равишда тўхтатиб турганига жавоб бергани йўқ ҳалигача. Яъни қонун икки ярим йил ишламади.

Энди икки ярим йил ўтиб туриб, янги тартиб ўзгаришлар билан 20 июнда муҳокамага киритиляпти ва 5 июлгача қоида бўйича камида 15 кун муҳокамада, жамоатчилик муҳокамасида бўлиши керак. 15 кунни кутмасдан туриб, 10 куннинг санаси билан ҳукумат қарори имзоланяпти. Нима учун 30 июн куни имзоланганига ҳозир яна бир бор тўхталамиз. У ерда таклиф этилган лойиҳадаги ўзгаришлардан умуман бошқа ўзгаришлар қарорда имзоланиб юборилган. Мен моҳиятга тўхталмоқчи эмасман, лекин ана шу қўшиб юборилган ўзгаришлар тиззада ёзилганга ўхшайди. Уч соатда ёки 30 дақиқада мана шуни қўшиб бер деган пайтда ёзилганга ўхшайди”, – деди у.

Иқтисодчи нима сабаб қарор фавқулодда имзоланганини тушунтиришга ҳаракат қилди. Унинг айтишича, бу шу йил 25 мартдан кучга кирган президент фармони билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Яъни унга кўра, 1 июлдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга мораторий эълон қилинган.

Агар 1 июлдан кучга кирганда, булар 15 кун давомида муҳокама қилиб туриб, 5 июлда қабул қилишганда, мораторийни бузган бўларди. Шунинг учун мен 10 кун, икки ҳафта давомида бу қарор тўғрисида ҳеч нарса демадим. Демадимки, ўзлари ўзларининг қарорларига қани амал қилармикан, қилмасмикин, деб. Чунки агар 5 июл ёки 6 июл санаси билан қарор қабул қилинганда, менинг муносабатим аниқ эди: сизлар мораторийни буздингизлар деган муносабат билан жавоб берилиши билан боғлиқ бўларди”, – деди мутахассис.

Бакиров нима сабаб қарор муҳокама тугамай туриб қабул қилингани, қолаверса, салкам 2 ярим йилдан бери нодавлат таълим ташкилотлари лицензия ололмаётгани юзасидан масъул ташкилотлар жавоб бериши кераклигини билдирди.

Иқтисодий талаблар тадбиркорлик фаолиятининг эркинликлари билан боғлиқ нормаларга зид

Лицензия олиш тартибига оид қарорда, шунингдек, олий таълим ташкилоти ташкил этилган вақтдан бошлаб дастлабки 5 йил давомида унинг йиллик соф фойдасининг камида 80 фоизи, кейинги йилларда эса камида 50 фоизи мазкур таълим ташкилотининг асосий фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилиши ҳам белгиланмоқда.

Иқтисодчининг айтишича, Ўзбекистонда бирор бир тадбиркорлик субъектига ёки сегментга нисбатан соф фойданинг қанчасини қаерга йўналтиришга оид мажбурият юклатилмайди.

Нефт-газ соҳасида борми? Анави газ конларимизни эгаллаб олган ўғриларга нисбатан олган фойдангнинг 80 фоизини яна конни бурғилашга сарфлайсан деган қоидалар борми? Ёки фармацевтикада борми? Ёки IТ компанияларга борми? Йўқ, бунақа қоидалар, чунки бу Ўзбекистон қонунчилигига зид, ўз руҳиятига зид.

Тадбиркорлик фаолиятининг эркинликлари билан боғлиқ бўлган, қабул қилинган нормаларимизга зид. Яъни ўзимиз қоидаларни бузиб қўяпмиз. Айтяпмиз, анави Мирзабек Холмедов айтгандек: “Жой йўқ, ўртоқлар, жой йўқ”, деяпмиз. Ўша тиззада ёзилган қоидангни шунча қисмини шу ёққа тиқасан, шунча йилдан кейин шунча қисмини яна шунча тиқасан, деган қоидалар, ўртоқлар, жой йўқ бу ерда, киришга маъно йўқ, деган таҳдид билан баробар. Тадбиркорлик субъектларига айтиляпти, бу соҳа энди сенга манфаатли эмас, маргиналлик бермайди, бу соҳага пул тикиб сен пулингни қайтариб олишинг даргумон, деб очиқ-ойдин айтиляпти”, – дейди Отабек Бакиров.

Шунингдек, у интервюда таълим бозори муҳитида “ўйин қоидалари” барча учун тенг бўлиши кераклигини, талаб ва шартлар давлат ҳамда хорижий ОТМга ҳам татбиқ этилиши, имкон даражасида барча олийгоҳларни хусусийлаштириб, ундан давлат регуляцияси қисқаририши лозимлигини айтиб ўтди.

Видеонинг тўлиқ шаклини юқоридаги ҳаволи орқали томоша қилинг, унда бу каби тенденциялар фонида мутахассислар кейинги вазиятни прогноз қилишга ҳаракат қилишган.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид