Спорт | 14:38 / 07.07.2025
4664
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Озарбойжон 2027 йилги U-20 жаҳон чемпионатини биргаликда ўтказиши мумкин

Иккала мамлакат 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун қўшма ариза топширди.

Фото: ЎФА

ФИФА 2027 йилда бўлиб ўтадиган U-20 Жаҳон чемпионати мезбонлигига номзодларни кўриб чиқишни бошлади. Ўзбекистон ва Озарбойжон футбол уюшмалари ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати мезбонлигини юқори савияда ўтказишга ишонч билдирган ҳолда ўз қўшма номзодини илгари сурди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.

Қайд қилинишича, бугунги кунда Озарбойжон билан бирга Ўзбекистон ҳам нуфузли мусобақани қабул қилишга ҳар томонлама тайёр. Сўнгги йилларда стадионлар халқаро стандартларга мос равишда тартибга келтирилган. Таъкидланишича, Осиёнинг U-20, U-23 чемпионатлари, футзал бўйича жаҳон чемпионати мезбонлиги Ўзбекистон учун катта тажриба вазифасини ўтаган. Ушбу мезбонлик ФИФА президенти Жанни Инфантино томонидан тарихдаги энг яхши мундиал сифатида эътироф этилди.

20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати ФИФА томонидан 1977 йилдан буён ўтказилади. 2025 йилги турнирни Чили қабул қилади.

Мусобақаларда Аргентина (6 марта) ва Бразилия (5 марта) ёшлар терма жамоалари энг кўп ғалаба қозонган.

Ўзбекистон ҳам, Озарбойжон ҳам бундай савиядаги мусобақага илгари мезбонлик қилмаган.

Мавзуга оид