Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ савдо урушининг янги босқичи: Трамп Япония, Корея ва Қозоғистонга 25% бож солди
АҚШ президенти Доналд Трамп 1 августдан бошлаб Япония, Жанубий Корея, Қозоғистон ва яна ўнлаб давлатлардан импорт қилинадиган товарларга янги божлар жорий этилишини билдириб, уларга мактуб юборди. «Ушбу хат, сезиларли савдо дефицитига қарамай, АҚШ сиз билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини кўрсатади», — дейилади Тўқаевга йўлланган мактубда.

Фото: REUTERS/Eduardo Munoz
АҚШ Президенти Доналд Трамп душанба куни Япония ва Жанубий Корея каби кучли таъминотчилардан тортиб, кичик савдо ҳамкорлари бўлган давлатларгача бўлган мамлакатларга, 1 августдан бошлаб АҚШ томонидан кескин оширилган бож ставкалари кучга киришини маълум қилишни бошлади. Reutersʼнинг ёзишича, бу — Трамп жорий йил бошида бошлаган савдо урушининг янги босқичини англатади.
Япония ва Жанубий Корея каби асосий иттифоқчилардан импорт қилинадиган барча товарларга АҚШ импортчилари учун 25 фоизлик бож жорий этилиши Wall-street’ни ларзага солди, лекин Осиё бозорларида бу хабар нисбатан хотиржам қабул қилинди.
Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШ томонидан 14 та мамлакатга юборилган мактубларни эълон қилди. Улар орасида Сербия, Таиланд, Тунис ва Қозоғистон каби кичик экспортчилар ҳам бор. Бу мактубларда қўшимча музокаралар учун имкониятлар назарда тутилган бўлсада, акс жавоб чоралари кўрилса, бунга ҳам шундай жавоб қайтарилиши ҳақида огоҳлантирилган.
«Ҳар қандай сабабга кўра сиз божларингизни оширсангиз, сиз танлаган рақамга қўшимча тарзда бизнинг 25% божи устига қўшилади», — деб ёзган Трамп Япония ва Жанубий Кореяга йўллаган мактубларида.
Хусусан, Трамп хат юборилган давлатларга қуйидаги бож ставкаларини жорий қилмоқчи эканлигини маълум қилди:
- Тунис, Малайзия ва Қозоғистон: 25%
- Жанубий Африка, Босния ва Герцеговина: 30%
- Индонезия: 32%
- Сербия ва Бангладеш: 35%
- Камбоджа ва Таиланд: 36%
- Лаос ва Мянма: 40%
Нашрга кўра, янги божлар 1 августдан кучга киради ва илгари эълон қилинган автомобиль, пўлат ёки алюминий каби секторал божлар билан бирлаштирилмайди.
Хусусан, Марказий Осиёдаги қўшнимиз Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаевга йўлланган хатда 1 августдан бошлаб Қозоғистондан импорт қилинадиган барча товарларга 25% бож ставкаси жорий этилиши ёзилган.
«Сизга ушбу мактубни юбориш мен учун катта шараф, чунки бу бизнинг савдо алоқаларимизнинг мустаҳкамлигини ва АҚШ сизнинг буюк мамлакатингиз билан сезиларли савдо дефицитига қарамай, ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканини кўрсатади», — дейилади мактубда.
Трампнинг таъкидлашича, АҚШ ва Қозоғистон йиллар давомида савдо муносабатларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлган, аммо ҳозир Вашингтон узоқ муддатли дефицитга қарши курашни муҳим деб билади.
Бу божлар АҚШ ҳудудида бевосита маҳсулот ишлаб чиқарадиган компанияларга татбиқ этилмайди.
Апрель ойида Трамп маъмурияти томонидан «глобал савдо уруши» бошланганидан сўнг мамлакатлар билан келишувларга эришиш учун вақт камайишни бошлаган эди. Бу молиявий бозорларда беқарорлик келтириб чиқарди ва кўплаб ҳукуматлар ўз иқтисодиётларини ҳимоя қилиш учун чоралар кўра бошлади.
Душанба куни Трамп музокаралар муддати сифатида белгиланган чоршанба санасини 1 августгача узайтирувчи фармонни имзолади. «Бу муддат қатъий, лекин 100% қатъий эмас. Агар улар қўнғироқ қилиб, бошқа йўл тутмоқчимиз деса, биз бунга очиқмиз,» — деди Трамп.
Трамп музокаралар натижаси борасида кўп давлатларни ноаниқликда қолдириб келмоқда. Ҳозиргача АҚШ фақат икки давлат — Буюк Британия ва Вьетнам билан тўлиқ келишувга эришган. Хитой билан эса июнь ойида тариф ставкалари бўйича умумий келишув бўлган.
Eвроиттифоққа хат юборилмайди
Европа Иттифоқига юқори тарифларни белгиловчи мактуб юборилмайди, деган Reutersʼга ЕИ манбалари. ЕИ Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляен ва Трамп ўртасида «яхши мулоқот» ўтди. Комиссия баёнотида айтилишича, улар чоршанбагача савдо битими тузишга умид қилмоқда.
ЕИ раҳбарлари кенгроқ битим ўрнига тезкор ва енгилроқ битимга бориш ёки иқтисодий кучдан фойдаланган ҳолда кўпроқ фойда олиш борасида иккиланмоқда эди. Улар июлга қадар кенг қамровли битимдан умидни узганди.
Трамп, шунингдек, кеча Бразилияда йиғилган БРИКС давлатлари етакчиларини ва уларнинг «АҚШга қарши сиёсати»ни қўллаган давлатларга қўшимча 10% бож билан таҳдид қилганди. БРИКС таркибига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатлар киради.
Мавзуга оид

11:47
Нетаняҳу Трамп номзодини тинчлик бўйича Нобел мукофотига илгари сурди

11:31
Трамп Украинага мудофаа учун қўшимча қурол юборишга ваъда берди

08:03
Теҳронда АҚШ манфаатларини ифодаловчи Швейцария дипмиссияси қайта очилди

23:21 / 07.07.2025