Жаҳон | 21:16 / 08.07.2025
5159
8 дақиқада ўқилади

Старовойт ўзини ўлдириши Курскда мудофаа иншоотлари қурилишидаги ўғирликлар билан боғланмоқда. Бу ҳақда нималар маълум?

Ушбу иш бўйича кимлар қўлга олинган? Тергов версиясига кўра қанча пул ўғирланган?

Роман Старовойт «аждаҳо тишлари» билан, 2022 йил 7 декабр

7 июл тонгида Россия президенти Владимир Путин транспорт вазири Роман Старовойтни истеъфога чиқариш ҳақидаги фармонини имзолади. Бир неча соат ўтиб Старовойт ўз жонига қасд қилди.

Турли нашрлар транспорт вазирлиги ва хавфсизлик кучларидаги манбаларга таяниб, воқеалар қандай ривожлангани бўйича иккита версияни шакллантирди. Улардан бирига кўра, Старовойт ўзининг истеъфога чиқарилиши ҳақида олдиндан хабардор бўлган. Эрталаб, истеъфо ҳақидаги фармон эълон қилинганида у транспорт вазирлигига ишга чиққан – катта эҳтимол билан, сейфдан мукофотга берилган тўппончани олиш учун. Шундан кейин дарҳол шахсий машинасига ўтириб жўнаб кетган. У Москва чеккасидаги Рублево-Успенский шоссеси бўйидаги Малевич паркига келган ва шу ерда ўзини отган.

Бошқа версияга кўра, Старовойт ўзини истеъфогача – бир ёки ҳатто икки кун олдинроқ отган. Янги вазирни тайинлагунча бу факт сир тутилгани тахмин қилинмоқда. Бу лавозимни Андрей Никитин эгаллади, у 2025 йил февралида, Новгород области губернатори лавозимидан вазирликка келганди. Беш йил давомида Никитин Старовойтга ўринбосарлик қилди – катта эҳтимол билан, бу вақт мобайнида уни вазир лавозимига тайёрлашган.

Старовойтнинг истеъфоси ва жонига қасд қилишига Курск областида мудофаа иншоотлари қурилишидаги коррупция иши сабаб бўлганига деярли ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Старовойт 2018 йил октябридан 2024 йил майига қадар Курск губернатори бўлганди.

2022 йил октябрида Россиянинг Украинадаги қўшинлари қўмондони лавозимини генерал Сергей Суровикин эгаллаганди – ва унинг биринчи иши 18 октябр куни «оддий бўлмаган қарорлар қабул қилинишини истисно этмаслиги»ни эълон қилиши бўлганди. Бу «мураккаб қарор» – Херсондан чекиниш ҳақидалиги кўпчиликка сир эмасди ва кейинги ой давомида шундай ҳам бўлди.

Суровикин лавозимга тайинланганидан бир кун ўтиб Путин Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ҳарбий ҳолат режими, аннексия қилинган Қрим ҳамда Россиянинг Украина билан чегарадош олтита регионида, шу жумладан Курск областида ўрта даражадаги реакция кўрсатиш чораларини жорий этади. Содир бўлаётган воқеаларнинг умумий маъноси шундан иборат эдики, Россия украинларнинг эҳтимолий қарши ҳужумига, жумладан, ўзининг халқаро тан олинган чегараларидаги ҳудудларига босқинга тайёргарлик кўришни бошлаганди.

22 октябр куниёқ Белгород области губернатори Вячеслав Гладков регионда танкка қарши тўсиқлардан мудофаа чизиғи барпо этилиши бошланганини эълон қилади, «аждаҳо тишлари» – ерга кўмилган учбурчак шаклдаги бетон блоклар душман зирҳли техникалари ҳаракатига тўсқинлик қилиши кўзда тутилганди. Ўшанда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ҳам Луҳанск областининг босиб олинган қисмида шундай линия барпо этганди – уни «Пригожин линияси» ёки «Мажино линияси» (Иккинчи жаҳон уруши арафасида Франциянинг Германия билан чегарасидаги истеҳкомлар чизиғи) муқобили сифатида «Пригожинó линияси» деб аташганди.

23 октябр куни Курск губернатори Роман Старовойт регионда икки қаватли мудофаа чизиғи қурилгани, учинчиси 5 ноябрга тайёр бўлишини маълум қилади.

2022 йилда ҳаммаси шу билан тугагандек эди. Старовойт 2024 йил баҳоригача Курск области губернатори бўлиб қолди. Россия президенти лавозимига қайта сайланган Путин яна Михаил Мишустинни бош вазир этиб тайинлади. У янги ҳукумат тузди, унда Старовойт транспорт вазири лавозимини олди. Старовойтнинг доимий ўринбосари ва област ҳукумати раҳбари Алексей Смирнов Курск области губернатори вазифасини бажарувчи бўлди. Яъни Старовойтнинг губернаторлиги муваффақиятли деб топилди, у Москвага кўтарилди ва шу билан бирга у ходимини ўз ўрнига қолдиришига рухсат берилди.

Аммо воқеалар кутилмаганда ривожлана бошлади. 2024 йил август ойида Украина армияси Курск областига бостириб кирди ва бир неча ҳафта ичида унинг минг квадрат километрга яқин ҳудудини, шу жумладан Суджа райони марказини эгаллаб олди. Мудофаа чизиғи эса украин ҳарбийларини бир муддат ушлаб туришга ҳам ярамади.

«Коммерсант» маълумотларига кўра, мудофаа иншоотларини қуришдаги суиистеъмоллик бўйича тергов 2024 йил май ойида, Старовойт Транспорт вазирлигига ўтганидан сўнг бошланган. Аммо ҳақиқий тергов кузда фаоллашди – кўриниб турибдики, Кремл Украина босқинидан кейин «парвозларни таҳлил қилиш»ни талаб қилган.

Бош прокуратура текшируви шуни кўрсатдики, босқин пайтида мудофаа чизиғи амалда қуриб битказилмаган, тайёр деб тақдим этилган объектлар эса талабларга жавоб бермаган. Масалан, ўша «аждаҳо тишлари» М500 бетонидан эмас, балки анча мўрт М20 бетондан тайёрлангани маълум бўлди. Ёмғир ва қор уларни заифлаштирган – ва Украина зирҳли техникалари оғирлиги остида шунчаки майдаланиб кетган.

Мудофаа иншоотларини қуриш учун Курск области федерал бюджетдан 19 миллиард рублдан ортиқ маблағ олганди. Қурилиш учун пудрат шартномалари стандарт танлов жараёнларисиз тақсимланган. Маблағларни тақсимловчи – ҳудудий капитал қурилиш бошқармаси, бош пудратчи – Курск областини ривожлантириш корпорацияси эди.

Корпорация тўртта тадбиркор: Максим Василев, Юрий Бессонов, Владислав Мартянов ва Иван Уткин томонидан назорат қилинадиган бир нечта компаниялар билан 23 та шартнома тузган. Кейинчалик суд улар қурилишда жами тўрт миллиард рублдан ортиқ – барча ажратилган маблағларнинг чорак қисмидан кўпроғини ўғирлаган деб топди. Шу билан бирга, амалдорларга 10 фоиздан 25 фоизгача миқдорда «откат» берилган. Пулларнинг бир қисми қимматбаҳо машиналар ва кўчмас мулкка сарфлаб юборилган.

Курск областидаги «аждаҳо тишлари»
Михаил Климентев / ТАСС / Profimedia

2024 йил ноябр ойида Ривожланиш корпорацияси ва пудратчи компаниялар раҳбарлари ҳибсга олинади. Корпорация бош директори Владимир Лукин, унинг ўринбосарлари Игор Грабин ва Снежана Мартянова (Владислав Мартяновнинг синглиси) ҳам ҳибсга олинган. Пудратчилардан бири Максим Василев (област думаси депутати ва расман пудратчи компаниялардан бирининг бош директори маслаҳатчиси) ўшанда мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, «махсус ҳарбий операция зонаси»га йўл олиб, ҳибсга олинишдан қутулиб қолган.

Курск областининг янги губернатори, октябр ойида сайловларда ғолиб чиқиб, «в. б.» мақомидан халос бўлган Алексей Смирнов 5 декабр куни истеъфога чиқади. Унинг ўрнига Москвадан Давлат думасининг собиқ депутати Александр Хинштейнни юборишади.

2025 йил бошида иш Курскдан Москвага олиб кетилди. Ҳибсга олишнинг иккинчи тўлқини: собиқ губернатор Смирнов ва унинг ўринбосари Алексей Дедов. Улар фирибгарлик йўли билан бюджет маблағларини ўзлаштирган уюшган жиноий гуруҳга раҳбарлик қилганликда айбланди. Ўшанда Василевни ҳам депутатлик ваколатидан маҳрум қилиб, ҳибсга олишади.

Смирнов ва Дедов аввалига айбини тан олишдан бош тортишди, аммо кейин тергов билан ҳамкорлик қила бошлашди – ва Старовойтга қарши кўрсатма беришди.

Афтидан, Старовойт истеъфога чиқарилиши мумкинлигини билган. У ўзи раҳбарлик қилган региондаги муҳим қурилишда бунчалик кенг кўламли талон-торожлар содир бўлаётганидан бехабар қолганига ҳеч кимни ишонтира олмаслиги тайин эди. Аммо вазир Путиннинг узоқ йиллик дўстлари бўлган ака-ука Ротенбергларнинг ҳомийлигига умид қилган бўлиши мумкин, улар транспорт соҳасида катта манфаатларга эга ва ўзларига яхши таниш Старовойтни транспорт вазирлигига тайинлаш учун лоббичилик қилганди.

Мавзуга оид